Қувондиқ Рўзиев АГМКга қарши муҳим ўйин олдидан фикр билдирди

Суперлига 17-туридан ўрин олган “Навбаҳор” – АГМК жамоалари ўртасидаги учрашув арафасида “лочинлар” ярим ҳимоячиси Қувондиқ Рўзиев бўлажак ўйин ҳақидаги фикрлари билан ўртоқлашди. Бу ҳақда клуб матбуот хизмати хабар берди.

- Бўлажак рақибимиз АГМК айни пайтда турнир жадвалининг 3-поғонасида бораётган кучли рақиб. Шунингдек, жамоани таниқли мутахассис, ўз вақтида машҳур футболчи бўлган Миржалол Қосимов бошқармоқда.

Жамоамиз ҳам Суперлига доирасидаги сўнгги иккита баҳсда ғалаба қозонди ва айни пайтда кайфиятимиз юқори ҳамда ғалабали одимимизни давом эттириш ниятидамиз. Шу боис, бўлажак ўйинннинг шиддатли, кескин, курашларга бой тарзда ўтиши эҳтимоли юқори.

Биз мазкур баҳсга жиддий тайёргарлик кўрдик. Пандемия сабабли, бўлажак ўйин мухлисларсиз ўтказилади. Аммо ишқибозлар жамоамизни ойнаи жаҳон орқали руҳан қўллаб-қувватлаётганликларини ҳис этган ҳолда майдонга тушиб, ғалаба қозониш, мухлисларга қувонч улашишга интиламиз ҳамда 3 очко учун барча имкониятимизни ишга соламиз. Бахтимизга “Навбаҳор” ишқибозлари ҳамиша соғ бўлишсин, - деди Қувондиқ Рўзиев.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!