Ралли ("Марокаш-2021"). Ўзбекистонлик пойгачи тарихга кирди!

"Ўзбекистон Миллий Автомобил Клуби" (ЎМАК) жамоаси аъзоси Анвар Эргашев Т3 категориядаги машиналар пойгасида 6-поғонани эгаллади.

7–13 октябрь кунлари Сахара чўлида "Марокаш-2021" ралли пойгалари бўлиб ўтди. Мазкур турнирда илк марта ўзбекистонлик спортчи ҳам иштирок этди. Анвар Эргашев 2021 йилнинг февраль ойида жаҳон кубогида 3-ўринни қайд этган ҳолда Халқаро автомобиль федерацияси рўйхатига киритилганди.

ralli2

Пандемия туфайли ўзбек спортчисининг мусобақада иштирок этиши сўнгги паллаларгача сўроқ остида қолди. Унда Марокаш давлати визасини олиш билан боғлиқ муаммолар юзага келди. Гап шундаки, Ўзбекистон ҳудудида Марокаш элчихонаси мавжуд эмас. Мазкур давлатнинг мамлакатимизга энг яқин элчихонаси Озарбайжон давлатида жойлашган. "Ўзбекистон Миллий Автомобиль Клуби" жамоаси Халқаро автомобил федерацияси билан юзага келган муаммо ечимини излади. Охир-оқибат, "Дакар Раллиси" президенти Давид Кестернинг саъй-ҳаракатлари натижасида Ўзбекистоннинг Озарбайжондаги элчихонаси билан келишувга эришилди. Озарбайжон элчихонаси Анвар Эргашевга Марокаш визасини олишда ёрдам берди.

Сахара чўли бўйлаб ўтказилган пойга қийин кечди. Масофа давомида қум барханлари нотекис, тошли йўллар билан алмашди. Дунёдаги энг иссиқ мамлакат чўли ҳайдовчиларга пойга давомида ноқулайлик туғдирди.

ralli8

Боз устига, Анвар Эргашев пойга давомида жароҳатланди. Мусобақа босқичларидан бирида у нотекис йўлда ҳаракатланиб кетаётган пайтда машина силкинди. Оқибатда, руль чамбараги Эргашевнинг қўлини шикастлади. Вакилимиз пойганинг охиригача автомашинани бир қўлда бошқарди. Беллашув якунида унинг қўли синганлиги маълум бўлди. Бироқ ўзбекистонлик спортчи таслим бўлмади ва якунда Т3 категориясида 1450 километрлик масофани босиб ўтди.

Таъкидлаш жоизки, мураккаб махсус объектлардаги 5 кун давом этган ралли пойгалари спортчидан кучли жисмоний тайёргарлик талаб этади. Ҳамма ҳам ушбу қийинчиликларга бардош бера олмайди. Айрим жамоалар ҳатто маррагача етиб кела олишмайди. Шундай экан, Ўзбекистон учун илк иштирокда 6-ўрин жуда яхши натижа ҳисобланади.

ralli6

"Ўзбекистон Миллий Автомобиль Клуби" россиянинг "Maria Oparina Team" жамоасига пойга учун тақдим этилган автомобиль ва техник ёрдам учун, шунингдек, Эргашевнинг хамроҳи ҳисобланмиш беларуслик Андрей Реднускка миннатдорчилик билдирди. Ўзбек пойга ташкилоти қўллаб-қувватлагани учун Ўзбекистон туризм ва спорт вазирлигига ҳам миннатдорчилик изҳор этди.

ralli

"Марокаш-2021" раллиси пойгачимиз фаолиятидаги муҳим босқич ва "Дакар-2022" раллисидаги дебют олдидан мотивацион туртки бўлди.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!
Shavkat Pardaev
17/10/2021 20:19
Бу ҳали бошланиши.Халқмиимизнинг турмуш тарзи яхшиланиб, қонунларимиз қамма учун баравар ишлай бошласа, кейин кўрасиз, ҳамма соҳада илғорлар сафида бўламиз. Чунки халқимиз ўта меҳнаткаш.Буни улар ўтган 31 йил жавомида ьутун дунёга кўрсатиб қўйдилар.