Расман! Италия Европа қитъасининг энг кучли жамоаси!

Европа чемпионати финал учрашуви якунланди. Лондондаги "Уэмбли" стадионида бўлиб ўтган беллашувда Италия Англия устидан пенальтилар сериясида ғалаба қозонди.

Дастлаб, 2-дақиқадаёқ "уч шерлар" ҳисобни очган бўлса, 67-дақиқада Леонардо Бонуччи тарози паллаларини тенглаштирди. Асосий вақтда кучлар тенг келганлиги боис томонлар пенальтилар сериясига мурожаат қилди. Унда "скуадро адзурра" 3:2 ҳисобда зафар қучди.

Манчини шогирдларидан Берарди, Бонуччи,  Бернардески дарвозани ишғол этди. Белотти ҳамда Жоржиньо 11 метрлик нуқтадан гол ура олмади. Саутгейт жамоасидан эса Кейн ва Магуайр дарвозабонга имконият қолдирмаган бўлса, захирадан майдонга тушган Рэшфорд, Санчо ҳамда Сака жамоасига панд берди.

Шундай қилиб, Италия терма жамоаси ўз тарихида иккинчи бор қитъа биринчилигида тенгсиз деб топилди.

  • 120'

    СЕЙВ! Букайо Саканинг зарбасини қайтарган Доннарумма жамоасига Европа чемпионлигини олиб берди!

  • 120'

    СЕЙВ! ПИКФОРД! Жоржиньонинг зарбасидан кейин дарвозабон тўпни қайтарди.

  • 120'

    СЕЙВ! Санчонинг ўзидан ўнг бурчакка берган зарбасини Доннарумма қайтарди.

  • 120'

    ГОЛ! Марказга оҳиста зарба берган Бернардески дарвозани ишғол этди.

  • 120'

    ХАТО! Рэшфорд чап бурчак устунини нишонга олди.

  • 120'

    ГОЛ! Бонуччининг зарбасидан кейин Пикфорднинг қўли билан етмай қолди.

  • 120'

    ГОЛ! Магуайр дарвозанинг юқори бурчагига тўпни жойлаб қўйди!

  • 120'

    СЕЙВ! Белоттининг ўнг бурчакка берган зарбасини Пикфорд қайтарди.

  • 120'

    ГОЛ! Кейннинг кучли зарбасидан кейин тўп йўналишини топган Доннарумма уни қайтара олмади.

  • 120'

    ГОЛ! Илк зарбани йўллаган Берарди ўзидан ўнг томонни нишонга олди ва гол урди.

  • 120+3'

    Учрашувнинг асосий вақти якунланди. Пенальтилар сериясига мурожаат қиламиз.

  • 120+2'

    Ди Лоренцонинг жарима майдонига оширган тўпига шерикларидан ҳеч ким ета олмади.

  • 120'

    4-таймга 3 дақиқа қўшиб берилди.

  • 120'

    Уокер ҳамда Хендерсон ўрнига Рэшфорд ва Санчо ўйинга қўшилди.

  • 118'

    Ўйин сўнгида устунлик Италия томонда бўлиб турибди.

  • 116'

    Эмерсон ўрнига Флоренци ўйинга қўшилди.

  • 114'

    Жоржиньога сариқ карточка кўрсатилди.

  • 112'

    Ғолиб номи пенальтилар сериясида аниқланадиган кўринади.

  • 110'

    Сўнгги дақиқаларни англияликлар фаолроқ ўтказмоқда.

  • 108'

    Кейннинг узатмасига Стоунздан олдин дарвозабон етиб келди.

  • 107'

    Бердардескининг зарбасидан кейин Пифкфорд иккинчи уринишда тўпни ушлаб олди.

  • 107'

    Итальянлар жарима майдонидан узоқ бўлмаган ҳудудда стандарт вазиятни қўлга киритди.

  • 106'

    Тўртинчи тайм бошланди!

  • 105+1'

    Танаффус!

  • 105'

    Учинчи таймга 1 дақиқа қўшилди.

  • 102'

    Ўйин ўта шиддатли курашлар остида кечмоқда.

  • 99'

    Саутгейтдан ҳам юриш: Грилиш Маунт ўрнига майдонга тушди.

  • 97'

    Марко Верратти ўз ўрнини Мануэль Локателлига бўшатиб берди.

  • 94'

    1-экстра тайм яна номинал мезбонлмрнинг фаоллиги остида бошланди.

  • 91'

    Италияда ўзгариш: Инсинье ўз ўрнини Белоттига бўшатиб берди.

  • 91'

    Учинчи тайм бошланди!

  • 90+7'

    Ўйиннинг асосий вақти якунланди. Қўшимча бўлимларга мурожаат қиламиз!

  • 90+6'

    Букайо Сакага нисбатан қўполлик ишлатган Кьеллинига сариқ карточка кўрсатилди.

  • 90+5'

    Жамоасининг тезкор қарши ҳужумини бошлашни ният қилган Пикфорд тўпни Доннаруммага топшириб қўйди.

  • 90+4'

    Инглизлар ўз жарима майдонини том маънода қалъала айлантирди. Итальянлар эса қамални давом эттирмоқда.

  • 90+2'

    Сўнгги дақиқаларни Манчиси шогирдлари фаолроқ ўтказмоқда. Энг камида тўп уларнинг назорати остида бўлиб турибди.

  • 90'

    Ўйиннинг асосий вақтига 6 дақиқа қўшиб берилди.

  • 88'

    Баъзи футболчиларнинг жисмоний ҳолат дош беролмаяпти.

  • 86'

    Футболчиларда барчасини асосий вақтда ҳал қилиш учун кам вақт қолди.

  • 84'

    Кьеза ўрнига Бернардески ўйинга қўшилди.

  • 82'

    Назорат италияликларда. Англия қарши ҳужумларда ўз омадини синамоқда.

  • 80'

    Уокерни алдаган Кьеза уни тезликда ортда қолдира олмади. Тажриба ўз сўзини айтди.

  • 79'

    Сўнгги бир неча дақиқа ичида Саутгейт шогирдлари ҳам бироз фаоллашиб қолди.

  • 77'

    Ўйин кескин курашларга бой тарзда ўтмоқда. Футболчилар бир-бирини аямаяпти.

  • 75'

    Устунлик Италия томонда! Англияликлар уйғонмаса, жазоланиши мумкин.

  • 74'

    Деклан Райс ўз ўрнини Жордан Хендерсонга бўшатиб берди.

  • 73'

    Дарвозабон билан бирга-бир вазиятга чиқиб борган Берардининг зарбасига аниқлик етишмади. Ўта қулай имконият қўлдан кетди.

  • 72'

    Кейннинг узатмасидан сўнг Сака тўпга ета олмади.

  • 71'

    Саутгейтдан тактик юриш: Киран Триппье ўрнига Букайо Сака ўйинга қўшилди.

  • 70'

    Манчини шогирдлари тўпга эгалик қилиш бўйича катта устунликни қўлга киритмоқда: 71 - 29%.

  • 69'

    Федерико Кьезанинг бу сафарги уринишига аниқлик етишмади.

  • 67'

    ГОООООООООЛ! Италия ҳисобни тенглаштирди!

    Жарима майдони ичида юзага келган пала-партишликдан кейин Бонуччи дарвозани ишғол этди.

  • 66'

    Ўйин шиддатли ҳужумлар остида давом этмоқда.

  • 64'

    Стоунзнинг бош билан йўллаган зарбаси бироз ноаниқ кетди.

  • 62'

    Федерико Кьезанинг жарима майдони ичидан берган кучли зарбасини Пикфорд қайтарди.

  • 60'

    Икки рақибидан тезликда ўтган Райс ҳужумни давом эттира олмади.

  • 59'

    Рақиб жарима майдони ичида тўп Эмерсоннинг қўлига тегиб кетди. Тўп йўқотилди.

  • 57'

    Инсиньенинг ўткир бурчакдан йўллаган зарбасини дарвозабон қайтарди.

  • 55'

    Стерлингга нисбатан жиддий қўполлик ишлатган Бонуччи огоҳлантирилди.

  • 53'

    Жарима майдонига кирган Инсиньенинг зарбаси ноаниқ кетди.

  • 52'

    Инглизлар тўпни ўзларида ушлаб турибди. Темп пасаймоқда.

  • 51'

    Лоренцонинг узоқ бурчакка йўллаган зарбаси ноаниқ кетди.

  • 50'

    Инсиньега нисбатан жарима майдони яқинида қоида бузилди. Италияда ўта қулай имконият.

  • 49'

    Жарима майдони ичига ёриб кирган Стерлинг пенальти ишлаш учун йиқилди. Ҳакам ўйинни давом эттиришга рухсат берди.

  • 47'

    Кейнга нисбатан қўполлик ишлатган Барелла огоҳлантирилди.

  • 46'

    Иккинчи тайм бошланди!

  • 46'

    Футболчилар майдонга қатди. Биз ҳам қайтамиз!

  • 45+4'

    Танаффус!

  • 45+3'

    Жарима майдонига ёриб киришга қийналган Бонуччи олис масофадан ўз омадини синаб кўрди. Зарбага аниқлик етишмади.

  • 45+3'

    Тўпни ўзларида ушлаб туриш орқали инглизлар рақиб шаштини пасайтиришга ҳаракат қилмоқда.

  • 45+1'

    Верраттининг такрорий уринишини Пикфорд ушлаб олди.

  • 45+1'

    Чиро Иммобиленинг кучли зарбасидан кейин тўп Стоунздан ўтмади.

  • 45'

    Биринчи бўлимдаги тўхталишлар ўрнини қоплаш мақсадида Кёйперс 4 дақиқа қўшиб берди.

  • 44'

    Бўлим сўнгини Манчини шогирдлари фаолроқ ўтказмоқда.

  • 43'

    Рақиб ярим майдонида Стерлинг йиқилиб тушди. Ҳакам унга ўрнидан туриши кераклигини тушунтирди. Кьеллини эса бунга ёрдамлашиб юборди.

  • 42'

    Жарима майдонига оширилган тўпни ҳимоячилар узоқлаштирди. Хавф бир мартага бартараф этилди.

  • 41'

    Жарима майдонидан узоқ бўлмаган ҳудудда Иммобилега нисбатан қоида бузилди. Италияда яхши стандарт вазият.

  • 39'

    Лоренцо Инсинье ҳимоячилар уюштирган сунъий офсайдга тушиб қолди.

  • 38'

    Эмерсон огоҳлантирилиши мумкин эди. Аммо Бьорн Кёйперс оғзаки огоҳлантириш билан чекланди.

  • 37'

    Томонлар сўнгги 5 дақиқа олдидан бироз куч тўплаётгандек кўринмоқда. Темп пасайишига бошқа сабаб йўқ.

  • 36'

    Ди Лоренцонинг оёқлари орасидан тўпни ўтказган Шоунинг узатмасини Эмерсон қайтарди.

  • 35'

    Райсни усталик билан ортда қолдирган Кьезанинг кучли зарбасидан кейин тўп устун ёнгинасидан ўтиб кетди.

  • 34'

    Маунт ва Стерлинг ажойиб комбинация уюштирди. Бироқ сўнгги паллада ҳимоячилар тўпни қайтарди.

  • 33'

    Инсиньенинг бу сафарги узатмасидан кейин Эмерсон тўпга ета олмади.

  • 32'

    Инсинье жарима майдони чизиғи устидан на зарба берди, на пас. Натижада, вазият кескинлиги йўқолди.

  • 30'

    Дастлабки ярим соат Англиянинг кичик устунлиги остида ўтди. Бу таблода ҳам ўз аксини топмоқда.

  • 29'

    Энди тўп итальянлар назорати остида ўтди. Бироқ прессинг уюштираётган инглизлар дарҳол уни қайтариб олишга уриняпти.

  • 28'

    Англия тартибли ҳимояланмоқда. Италия жарима майдонига деярли кира олмаяпти.

  • 27'

    Лоренцо Инсиньенинг олис масофадан берган зарбасига аниқлик етишмади.

  • 26'

    Киран Триппье ўйиндан ташқари ҳолатда қолиб кетди.

  • 26'

    Тўп назорати Гарет Саутгейт шогирдлари томонга ўтди. Назорат умуман олганда тез алмашмоқда.

  • 25'

    Стерлинг қаршисидан чиққан Бонуччини алдай олмади. Тўп йўқотилди.

  • 24'

    Қанотда катта тезлик олган Кьеза жарима майдонига пас берди. Тўп ҳимоячилардан ўтмади.

  • 23'

    Ярим ҳимоячи майдон ташқарисига олиб чиқилди. Ўйин давом эттирилади.

  • 22'

    Жоржиньо майдонга қайтмоқчи. У жамоасига ёрдам бериш ниятида.

  • 21'

    Жоржиньо жароҳат олиб майдонда ётибди. Агар у ўйинни давом эттира олмаса, итальянлар учун катта йўқотиш бўлади.

  • 20'

    Кьеллини майдон марказида Кейнга нисбатан қўполлик ишлатди.

  • 19'

    Ўйин темпи бироз пасайди. Тўп майдон марказида бўлиб турибди.

  • 18'

    Бир рақибини тезликда ортда қолдирган Шоу берган пасга Маунт ета олмади.

  • 17'

    Эмерсон воқеалар ривожидан бироз илгарилаб кетди. Ҳакам ўйинни тўхтатди.

  • 16'

    Томонлар бироз эҳтиёткорликка урғу беришга қарор қилди. Энди югуриб олдинга ўтиб кетишлар гувоҳига айланмаяпмиз.

  • 15'

    Маунтнинг қанотдан етказиб берган тўпини Доннарумма ушлаб олди.

  • 13'

    Саутгейт шогирдлари бурчак зарбасидан наф чиқара олмади.

  • 12'

    Англия ўнг қанотни ёндириб ташламоқда! Бу сафарги юриш ҳам ёмон чиқмади аммо ҳимоячи тўпни майдон ташқарисига чиқариб юборди.

  • 11'

    Жамоасининг ҳужумини Чиро Иммобиле гол билан якунлай олмади.

  • 10'

    Киран Триппьенинг жарима майдони марказига оширган тўпини Кьеллини қайтариб юборди.

  • 9'

    Тўп назорати айни дақиқаларга келиб "уч шерлар" томонда бўлиб турибди.

  • 8'

    Нуқтага яқинлашган Лоренцо Инсиньенинг зарбасидан кейин тўп тўсин юқорисидан ўтиб кетди.

  • 7'

    Икки рақибидан ўтган Кьеза қўполлик эвазига тўхтатиб қолинди. Яхши стандарт вазият.

  • 6'

    "Скуадро адзурра" аста-секинлик билан уйғона бошлади. Энди инглизлар ҳимояланишга мажбур.

  • 5'

    Роберто Манчиси шогирдлари майдон марказидан ўта олмаяпти.

  • 4'

    Итальянлар голдан кейин ўзига келишга қийналётгандек кўринмоқда. Англия фурсатдан фойдаланиб кетиши мумкин.

  • 2'

    ГООООООООООЛ! Учрашувда ҳисоб очилди! Англия!

    Жарима майдонига Триппьернинг узатган тўпини Люк Шоу дарвозага жойлаб қўйди!

  • 2'

    Жарима майдонига оширилган тўпни Магуайр узоқлаштирди!

  • 1'

    Илк сониялардан олдинга интилган италияликлар бурчак зарбасини қўлга киритди. 

  • 1'

    Супер учрашувга старт берилди!

  • 0'

    Сардорлар иштирокидаги расмий жараёнлар ортда қолди.

  • 0'

    Майдондаги 11 инглизга қўшилиб бутун стадион, бутун Англия жўрликда мадҳия куйлади!

  • 0'

    Биринчи бўлиб номинал мезбонлар - Италия миллий мадҳияни жон бериб куйлади!

  • 0'

    Футболчилар майдонга тушиб келди. Финал бошланишига саноқли дақиқалар қолди...

  • 0'

    Стадион, ўйин атрофида супер перформанс, азизлар! Футболдан завф олиш керак, холос!

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!