Расман! Виктор Кумиков АГМК бош мураббийлигидан кетди

Бугун АГМК футбол клуби мураббийлар штабида ўзгариш амалга оширилди. Бу ҳақда клуб матбуот хизмати хабар бермоқда. 

Бир ярим мавсум давомида жамоани бошқариб келган Виктор Балютович, жамоа раҳбариятига мурожаат этиб, амалдаги шартномани бекор қилишни сўради. Ўзаро келишувга кўра бугундан бошлаб Кумиков ва жамоа ўртасидаги меҳнат шартномаси бекор қилинди. 
 
Шунингдек, ўз аризасига биноан катта мураббий Олег Корниенко, мураббий Роман Узденов, жисмоний тайёргарлик бўйича мураббий Марат Ахмеров ва шифокор Маҳсуджон Назаров билан ҳам амалдаги шартномалари бекор қилинди.
 
Маълумот ўрнида Виктор Кумиков 2017 йилги мавсум бошида жамоани қабул қилиб олганди. У ўтган давр мобайнида Олмалиқ клубини миллий чемпионатда 43 ўйинда майдонга бошлаб тушди. Бу учрашувларда АГМК 15 ғалаба, 12 дуранг ва 16 мағлубият қайд этди. Тўплар нисбати 42:48. Шунингдек, жамоа Ўзбекистон Кубоги баҳсларида ўтган йил 3 ўйин ўтказиб бир ғалаба ва икки дуранг қайд этган бўлса, бу йилги кубок баҳсларида икки ғалаба билан бош соврин йўлида иштирокини давом эттирмоқда.
 
 
Жамоанинг янги бош мураббийи бугун кечки машғулотдан сўнг расман эълон қилинади.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!