"Реал" рақобатда Шомуродовга ютқазаётган футболчисидан “Рома”дан кетишни талаб қилмоқда

Жорий мавсумда Европа чемпионлар лигаси йўлланмаси ва УЕФА Конференциялар лигаси бош соврини учун курашаётган “Рома” таркибида катта ўзгаришлар рўй берди.

Бош мураббий Жозе Моуриньо асосан бир ҳужумчи ўйнайдиган тактикадан фойдаланмоқда ва бу  ўз самарасини беряпти. Португалиялик мутахассис шогирдлари ҳозирча Конференциялар лигаси ва А Серияда тўртда расмий учрашувда қатнашиб, барчасини ўз фойдасига ҳал қилди. Тўртта ўйинда рақиблар дарвозасига жами 12 та тўп киритилгани ҳам Моуриньо қўллаётган усул фойда бераётгандан далолатдир.

Моуриньо жамоасида бошланғич таркибдан муқим ўрин олаётган ягона ҳужумчи Тэмми Абрахамдир. Биринчидан, римликлар бу футболчини “Челси”дан пойтахтга олиб келиш учун ўз тарихидаги энг катта харажатни амалга ошириб, 40 миллион евро тўлаган. Иккинчидан, ёш ҳужумчи жамоада энг кўп – йилига 4,5 миллион евро маош ва қўшимчасига 1,5 миллион евро бонус олади. Клуб учун қимматбаҳо юлдузга айланган ўйинчини ҳатто қайсар Моуриньо ҳам захирага михлаб қўя олмайди.

84980599

Учинчидан, тан олиш лозимки,  Тэммининг ўзи ҳам деярли ҳар бир учрашувда голли вазиятларда бевосита иштирок этиб, клуб раҳбарлари, мураббийлар штаби, хусусан, Жозе Моуриньонинг ишончини тўла оқламоқда.

“Рома”нинг асосий таркиб ҳужумида ўйнаш учун ўзбекистонлик Элдор Шомуродов, италиялик Стефан Эл-Шаарави, испаниялик  Карлос Перес ва Борха Майораль ўзаро рақобатлашиши лозим. Юқорида келтирилган омиллар ҳисобига айни пайтда Тэмми Абрахам рақобатдан ташқарида.

Қолган ҳужумчилар орасида Элдор Шомуродов англиялик ҳужумчининг асосий ўринбосари ҳисобланади. Абрахам келгунига қадар легионеримиз Жозе Моуриньонинг биринчи рақамли ҳужумчисига айланиб улгурганди. Ўзи илк дақиқалардан ўйнаган учрашувларда гол ва ассистларсиз майдонни тарк этмаган ҳамюртимиз, кейинги пайтда захирадан майдонга тушиб,  ўзига берилган 10-15 дақиқа ичида хавфли вазиятларда иштирок этишни уддалаяпти.  

“Рома” ҳужумида юзага келган кучли рақобат ва ҳозирги вазият “Реал” бош мураббийи Карло Анчелоттини безовта қила бошлади.

Сабаби “Қироллик клуби” тарбияланувчиси Борха Майораль кўпроқ ўйин амалиётига эга бўлиши ва маҳоратини чарҳлаб бориши учун Рим клубига ижарага берилган эди. Мадридликлар яқин келажакда ёш ҳужумчи хизматларидан фойдаланишни режалаштирмоқда ва уни ҳали ҳисобдан чиқаришгани йўқ. Фақат доимо майдонда бўлиши учун “Реал” уни 2020 йилнинг октябрида 2022 йилнинг 30  июнига қадар “Рома”га жўнатган ва ижара эвазига икки миллион еврони санаб олган.

4609607ce11eca90dfec299f808bd

Борха “Рома”даги дебют мавсумида мунтазам ўйнади ва ҳужумчилар ўртасида энг яхши натижани қайд этди. Ўтган чемпионатда у А Серияда жами 31 та учрашувда майдонга тушиб, рақиблар дарвозасини ўн марта ишғол қилганди. Жозе Моуриньо келиб, ўзи истаган трансферлар орқали вазиятни ўзгартириб юборди.

AS нашрининг ёзишича, Карло Анчелотти “Рома”га Абрахам ва Шомуродов келганидан кейин захирага михланиб қолаётган Майоралдан жамоасини ўзгартиришни талаб қиляпти. Италиялик мураббий  ёзда ижарани бекор қилишга ҳаракат қилди. Ёзги трансферлар ойнасининг охирида мадридликлар Борхани уни ижарага олмоқчи бўлган “Кристал Пэлас” ва “Фиорентина”дан бирига ўтказиб юбормоқчи эди. Бироқ, Жозе Моуриньо мавсум энди бошланганини инобатга олиб, Майорални қўйиб юборишдан бош тортди.

74bba1a97979007a136731bffaa9fc2c4bfcc452_1

Умуман олганда, мутахассислар Жозе Моуриньо иккита ҳужумчи билан ўйнаш тактикасига ҳам қўл уришини таъкидламоқда. “Рома” А Сериядан ташқари Италия кубоги ва Конференциялар лигаси мусобақаларида ҳам иштирок этишини инобатга олсак, ҳамма футболчи ҳам ўз имкониятига эга бўлади. Фақатгина улардан шу имкониятдан унумли фойдаланиш талаб этилади холос.

Моуриньо Шомуродовга бир сўз билан таъриф берди!

Остон Ўрунов ишончни йўқотдими?

Шомуродов ворислари. Марказий Осиёдан кимлар Европада ўйнашга қодир?

Шомуродов йўқолган қизчанинг топилишига сабабчи бўлди!

Абрахамнинг келиши “Рома”да кутилмаган муаммо чиқарди! Буни Шомуродовга таъсири борми?

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!
&
Турсун Ғани
10/09/2021 23:40
Майёррал ўзига бошқа жамоа қидираверса ҳам бўлади. Темми Абраҳам ва Элдор бор, Эл Шаравий, Карлос Перецдек ўйинчилар бор жойда Борҳага.жой топилиши қийинов. Реал тренерини ҳавотири асосийда ўйнашига ишонмайдида Борҳани.