Республика спорт мусобақалари ғолиблари учун имтиёзлар нега бекор қилинганига изоҳ берилди

Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида спорт мусобақалари ғолибларининг олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш билан боғлиқ масалалар юзасидан матбуот анжумани ўтказилди.

Унда иштирок этган Олий ва ўрта махсус таълими вазири ўринбосари Раҳимжон Ҳакимов Республика спорт мусобақалари ғолиблари учун имтиёзлар нега бекор қилинганига қуйидагича изоҳ берди:

«Ўзбекистон Президентининг «2021/2022 ўқув йилида Ўзбекистон Республикасининг олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилишнинг давлат буюртмаси параметрлари тўғрисида»ги Қарорига мувофиқ, 2021/2022 ўқув йилидан бошлаб, Олимпия ва Паралимпия, Осиё ва Параосиё ўйинлари ва жаҳон чемпионатларида охирги уч йилда ғолиб ва совриндор (1–3-ўрин) бўлган спортчи-ўқувчилар давлат олий таълим муассасаларининг бакалавриат таълим йўналишларига кундузги, сиртқи ва кечки таълим шаклларига қўшимча давлат гранти асосида кириш имтиҳонларисиз қабул қилинади.

Илгари бу имтиёз республика спорт мусобақаларида ғалаба қозонган спортчиларга нисбатан ҳам бор эди. Жорий йилдан ушбу имтиёз бекор қилинди.

Имтиёзга эга спортчилар қайси йўналишларга имтиҳонсиз кира олади? Бу борада ҳозирда тегишли таклифлар ишлаб чиқилмоқда ва яқин орада эълон қилинади.

Нима учун республика мусобақаларидаги имтиёз бекор қилинди? Таҳлиллар шуни кўрсатдики, спорт мусобақалари фақатгина олий таълим муассасига имтиҳонсиз киришга йўлланма учун ташкил этилаётгандек бўлиб қолмоқда. Турли федерациялар керак бўлмаган вазиятларда ҳам республика чемпионатларини ташкил этиб, имтиёзлар учун йўлланмалар тақдим этмоқдалар. Мақсад — ёшларни спортга жалб этиш ёки қизиқтириш эмас, йўлланмага эга чиқиш бўлиб қолган ҳолатлар ҳам мавжуд. Шу боис кўплаб ёшларнинг таклифи асосида ана шундай қарор қабул қилинди».

Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter)

Минбар

Барча блоглар