Роган

“Динамо” клуби устози сифатида иш бошлаган сербиялик Предраг Роган биз учун янги мураббий. Чунки у биринчи марта юртимизда фаолиятини бошлади.

Ҳозирча 48 ёшли мураббийнинг нималарга қодирлигини яхши билмаймиз. У мураббийлик фаолияти давомида Сербиянинг бир қанча клубларини бошқарган. Қолаверса, Қувайт ҳамда Венгрия чемпионатларида ҳам ишлаб келган.

“Динамо”да уни нималар кутмоқда? Албатта, буни чемпионат давомида билиб оламиз. Аммо Предраг Ўзбекистонга ўзидан яхши ном қолдириш мақсадида келгани аниқ. Мутахассис янги клубида ишга киришганидан кейин ўзининг илк интервьюсини Sports.uz мухбирига берди.  

- Жаноб Роган, сизни “Динамо” клуби бош мураббийи вазифасига тайинланганингиз билан табриклайман. Адашмасам, декабрда ҳам Самарқандга келгандингиз. Умуман олганда, ҳаммаси қай тарзда рўй берди?

- Табрик учун катта раҳмат! Гапингиз рост, шартнома имзолашдан олдин бироз муддат Самарқандда бўлишимга тўғри келган. Аммо бу декабрь эмас, балки ноябрда юз берганди. Ўшанда клуб раҳбарияти, шаҳар ва бу ердаги шарт-шароит ва умумий ҳолат билан танишиш пайида бўлгандим. Мана, ниҳоят, жорий йил 11 январь куни бу ерга келдим. Ҳаммаси узил-кесил ҳал бўлганидан жуда мамнунман. Дастлабки таассуротларим ажойиб даражада. Лекин янги мавсум учун тайёргарлик ишлари жуда кўп эканлигини ҳам таъкидлаб ўтишни истаган бўлардим. Бу йўлда аввало ўйинчиларни танлаб олган ҳолда жамоани мавсумга тайёрлаш устувор вазифа ҳисобланади. Боя айтганимдек, иш жуда ҳам кўп. Лекин шу билан бирга якуний натижа ҳам яхши бўлиши мумкинлигидан умид қилиб қоламан.

роган1_1

- Янги клубингизда ишни нимадан бошладингиз?

- Юқорида айтиб ўтганимдек, олдимизда масъулиятли ишлар кўп. Шак-шубҳасиз, жамоани мос ўйинчилар билан шакллантириш энг долзарб вазифа саналади. Бунда ишни тўғри ташкил қилиш, ижобий муҳитни яратиш жуда қўл келиши тайин. Биз шу йўлда астойдил ҳаракат қилмоқчимиз. Энг муҳими, иш асносида зиммамизда турган масъулиятли вазифани тўғри бажариш, мухлислар кўз ўнгида уялиб қолмаслик даркор бўлади.    

- “Динамо” про лигадан Суперлигага чиқишга эришган. Раҳбарият янги мавсумда клуб олдига қандай вазифани қўймоқда?

- Ҳаммасидан ҳам муҳими “Динамо”нинг Суперлигада мустаҳкам ўрнашиб олиши ва максимал куч билан тўп сурган ҳолда ишқибозларини қувонтириши асосий планга қўйилган. Албатта, сўз билан амал ўртасида катта фарқ бўлади. Режа амалга ошиши учун эса жамоа яхши шаклланиши керак. Бундай пайтда ўйинчиларни танлашда янглишмаслик ўта муҳим аҳамият касб этади. Шунингдек, яхши жамоа, ҳамфикрлар билан ҳамнафас бўлиш, ишни ташкил этишда бир қатор қулайликлар бундай масалани ҳал этишда муҳим аҳамиятга эгадир. Зеро, яхши натижа шунга мос равишда танлаб олинган ўйинчилардан иборат жамоага  мос тушади.

роган_1

- Ўтган мавсумдан кейин гарчи “Динамо” Суперлигага кўтарилган бўлса ҳам жамоани бир қатор етакчилар тарк этишга улгурди. Шундай экан, клуб трансфер бозорида фаол бўладими?

- Албатта, Суперлига йўлланмасини қўлга киритишда муҳим роль ўйнаган ўйинчилар жамоада қолишини истаган бўлардик. Афсуски, бундай бўлгани йўқ. Бўлар иш бўлиб ўтди. Энди клубдаги бор футболчилар ва имкон қадар четдан ўйинчиларни олиб келган ҳолда мавсумга ҳозирлик кўришга киришмоқчимиз. Ўз навбатида клубдаги вазият бундай ўтиш даврида биздан фаол бўлишни талаб қилади. Янги футболчиларни танлашда талабчанлик муҳим аҳамият касб этмасдан қолмайди. Чунки ижрочилар талабингизга жавоб берсагина улар билан бирга ниманидир амалга оширишнинг иложи бўлади.

- Мураббийлар штабида сизга кимлар ёрдам беришади?

- Мен учун профессионал шериклар жуда муҳим. Мен ўз штабимдагиларни ҳар доим диққат билан танлашга одатланганман. Чунки сизни тўғри тушунадиган ёрдамчиларингиз ўз навбатида жамоада ижобий муҳитни юзага келтиришда ва бундай муҳит ёрдамида яхши натижаларга эришиш мумкинлигида қўл келади. Ҳозир менинг штабимда Иван Йевич ёрдамчи, Дилшод Шарофутдинов фитнес бўйича мураббий, Михали Наумов эса дарвозабонлар устози ҳамда таҳлилчи Алижон Бобомуродов ишлашади.

роган2_1

- Айтинг-чи, бунга қадар ўзбек футболи ҳақида қандай маълумотларга эга эдингиз?

- Илгари ўзбек футболини синчковлик билан кузатмаган бўлсам-да, у ҳақида ҳарқалай ўзига яраша тушунчага эга эдим. “Динамо” Самарқанд билан шартнома имзолаганимдан кейин ўзбек футболи ҳақидаги қизиқишларим кескин ортди ва уни ичидан яхши биладиган Боян Миладинович билан дарҳол боғландим. Чунки у анча вақт ўзбек футболининг етакчи клуби саналадиган “Пахтакор”да тўп сурган. Кейинчалик ўзбек чемпионатида у каби тўп сурган ва ҳозирда ҳам фаолиятини давом эттираётган сербиялик бир қатор ҳамюртларим билан боғландим. Сречко Катанец билан ҳам ушбу масала юзасидан суҳбатлашганимни айтиб ўтмоғим даркор. Катанецнинг ёрдамчиси Владо Радманович менга ўзбек чемпионатида сифатли футбол ўйналишини гапириб берди. Ўз навбатида мен ўзбек футболчилари орасида иқтидор эгалари талайгина эканлигини бир қанча ўйинларни томоша қилиш орқали англаб етдим.

- Сиз “Бавария” билан катта ғалабаларга эришган, эндиликда Германия терма жамоасини бошқараётган Ханс Дитер Фликка ўхшашиб кетасиз. Ўзингизга ҳам шу ҳақда гапиришганми?

- Бундай ёқимли ўхшатишни биринчи марта сиздан эшитиб турибман (кулади). Албатта, Флик “Бавария”да жуда катта натижаларга эришгани каби мен ҳам ўзбек чемпионатида муваффақиятли фаолият олиб боришдан умид қилиб қоламан. Ахир орзуга айб йўқ.

роган3

- Илгари ҳам ўзбек клубларидан сизга таклифлар бўлганми?

- Йўқ, “Динамо”га қадар менда ўзбек клубларидан таклифлар бўлмаган. Бу биринчи чорловдир. Мен клуб раҳбарияти ўзимни ўзбек чемпионатида синаб кўриш имкониятини яратиб бергани учун барча мутасаддилардан миннатдорман ва “Динамо”нинг бир бўлагига айланиш мен учун юксак шарафдир. Мен бу гапни ўз ва шу ерга бирга келган ёрдамчим Иван Йевич номидан гапиряпман. Шунингдек, буни мураббийлар штабидаги қолган шерикларим номидан деб ҳам қабул қилишингиз мумкин. Ўз навбатида мен ва ёрдамчиларим “Динамо”нинг янги бошланадиган мавсумда жиддий натижага эришиши йўлида бор куч-ғайратим ва билимимни ишга солишга ваъда бераман.

 

Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter)

×