“Рома” керакмас ўйинчилардан қутилмоқда. Улар орасида Моуриньо танқид қилган Шомуродов борми?

“Рома” кескин ўзгаришларга юз тутмоқда. Жозе Моуриньо бош мураббий сифатида ўзига ёқмаган футболчилардан қутилишга ҳаракат қиляпти. Бундан ташқари, спорт директори Тьягу Пинто португалиялик мутахассис истаган янги ўйинчиларни олиб келишни уддалаётганини ҳам кўряпмиз.

Қишки трансферлар вақтида пойтахт клуби икки ўйинчига эга бўлди. Дастлаб, “Арсенал”дан Эйнсли Мэйтленд-Найлс ярим мавсумга ижарага олинди. Куни кеча “бўрилар” яна бир номдор футболчи – “Порту” вакили Сержиу Оливейранинг трансферини эълон қилди. Универсал футболчи ярим йил ижарада ўйнаганидан кейин “Рома” уни тўлиқ трансфер қилиши мумкин.

100207_m

Ҳар икки ўйинчи майдон марказини кучайтириши керак бўлади. Улар зиммасига тушган юкнинг оғирлиги ва ўзларидан нима талаб қилинаётганини яхши билади.

- Мен Сержиу Оливейра иккимиз жамоа билан бирга муваффақият қозониш учун ғолиблик менталитетини олиб келганимизга аминман. Клуб биздан ғалабаларга ҳисса қўшишни талаб қилмоқда ва биз буни уддалашимиз шарт. Юзимизда табассум бўлиб, ўзимизни бахтиёр ҳис қилишимиз учун муваффақиятларга эришиш йўлини топишимиз керак бўлади, - деди Эйнсли Мэйтленд-Найлс.

Келганлардан кетганлар кўплигини ҳам таъкидлаш жоиз. Моуриньога маъқул келмаган испан футболчилари – Борха Майораль ва Гонсало Вильяр ўз юртига йўл олди. Ҳар иккиси Ла Лига вакили “Хетафе”га ижарага жўнатилди. Борха энди Римга умуман қайтмайди. Чунки “Реал”дан ижарага олинган футболчининг римликлар билан шартномаси мавсум охирида якунланади.

Ҳимоя вакиллари – Риккардо Калафьори ва Брайан Рейнольдс ҳам Римни тарк этди. 19 ёшли Калафьори тажриба тўплаши ва ўйин амалиётига эга бўлиши учун “Женоа”га ижарага берилди ва бу ўйинчи яқин келажакда “Рома”га қайтарилиши режалаштирилган.

Моуриньо жамоасида рақобатга дош беролмаган америкалик Рейнольдс Бельгия чемпионатидан қўним топадиган бўляпти. Унга “Андерлехт” иш беради.

Яна бир эътиборга молик трансфер расмийлаштирилганини ҳам эслатиб ўтиш даркор. Яқинда “Марсель” клуби ижарада ўйнаётган дарвозабон Пау Лопесни 12 миллион евро эвазига “Рома”дан тўлиқ сотиб олди.

GettyImages-1179074575

Шунингдек, Рим клубига тегишли бўлиб, ижарада ўйнаётган Женгиз Ундер (“Марсель”), Жастин Клюйверт (“Ницца”), Алессандро Флоренци (“Милан”), Анте Чорич (“Цюрих”), Робин Ольсен (“Шеффилд Юнайтед”) каби бир неча ўйинчилар ҳам ортга қайтмоқчи эмас. “Рома” имкон бўлиши билан уларни сотиб, трансфер пулларини бошқа ижрочиларга сарфлайди.

Таркибдаги ўзгаришлар ҳали давом этади. Моуриньо январь ойи якунига қадар яна бир гуруҳ футболчилар билан хайралашмоқчи. Навбат африкалик таянч ярим ҳимоячилари – Амаду Диавара ва Эбрима Дарбо, шунингдек, Албания терма жамоаси ҳимоячиси Мараш Кумбуллага келгани айтилмоқда.

Улар орасида Мараш Кумбулланинг харидори кўп. Истеъдодли ёш ҳимоячига А Серия ва Англия премьер-лигасидан таклифлар бор.

Таъкидлаш лозимки, кетган ва кетиши кутилаётган футболчиларнинг деярли барчаси Жозе Моуриньонинг қаҳрига учраган ва бош мураббий томонидан бир неча бор танқид қилинган.

А Сериянинг “Ювентус”га қарши ўтказилган охирги баҳсида португалиялик мутахассис Элдор Шомуродовни танқид остига олди. У ҳамюртимизни аламли мағлубиятда айблади. Шундан бўлса-да, қишда “Рома”ни тарк этадиган ўйинчилар рўйхатида ҳозирча Шомуродовнинг номи йўқ. Моуриньо ўзи танлаган ҳужумчига ишонч билдиришда давом этади. Чунки Элдорнинг омадсиз учрашувларидан жамоасига фойда келтирган ўйинлари сони анча кўп. Хато ва камчиликлар эса ҳаммада бўлади. Ҳатто, гарчи ўзи тан олмаса-да, Жозе Моуриньонинг ўзидан ҳам.

shomamour

“Рома” мутасаддилари янги ўйинчиларни қидиришдан тўхтамайди. Жозе Моуриньо илгари ўзи чиқиша олмаган Танги Ндомбелени ҳам Римга келишини истаяпти. “Тоттенхэм” ўз тарихидаги энг қиммат трансферни эгасини бошқа клубга қўйиб юборишга қарши эмас.

Хулоса ўрнида таъкидлаш керакки, Моуриньо “Рома”ни гранд клублар сафига қайтариш вазифасини ўзига ёқадиган усул – кучли футболчиларни трансфер қилиш орқали ҳал қилмоқчи. Чунки португалиялик мураббий ўзи эришган 25 та совриннинг аксариятини юлдузли таркибга эга жамоаларда қўлга киритган. Шундай экан, “Рома”да ҳам янги номлар пайдо бўлаверади ва бу рақобатни ошишига олиб келади.

Отни тезроқ қамчила, Элдор!

“Рома” ҳужумчидан воз кечиб, янги футболчи трансферини эълон қилди!

Моуриньо шогирдларини кечирмади. “Рома” асосий таркиб ўйинчиларидан воз кеча бошлади!

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!