Роналду «қоч»! 2 йил аввал сендан қутилмоқчи бўлган Аллегри қайтмоқда

Хабарингиз бор, Массимилиано Аллегри Турин клуби бош мураббийи этиб тайинланди. Мутахассис аянчли аҳволдаги «Юве»ни тартибга келтириши кутилмоқда. Хўш, у ва Роналду ўртасидаги вазият қандай ҳал этилади? Бугун шу мавзу борасида батафсил.

«Ювентус»дан «Ювентус»гача

Вақт учиб кетмоқда. Массимилиано Аллегри икки йилдан бери ишсиз. 2019 йили «зебралар»ни тарк этгач, мутахассис таътил олишга қарор қилди. Тўғри, инглиз тилини ўрганишни бошлади, аммо АПЛ жамоаларидан кутилган таклиф келиб тушмади. У 24 ой давомида эркин бўлган топ мураббийлар рўйхатини бошқарди. Балки, у кутган кун келгандир. Жамоа раҳбарлари 5 скудетто ютган ва икки бор ЕЧЛ финалига «Юве»ни олиб чиққан мутахассисни ортга қайтармоқда. Сарри ва Пирло экспериментлари иш бермагач, «кекса синьора» яна синовдан ўтганларга мурожаат этишни бошлади. Сўнгги икки мавсумда Аллегрини туринликлар соғиниб ҳам қолишди.

pirlo-allegri-sarri

Аллегри қоқилиши ҳеч гап эмас

Италия гранди тушиб қолган аҳвол, инсонни ўйлантириб қўяди. Аслида, Аллегри танлови нима учун энг оригинал вариант сифатида танлангани номаълум. Шунингдек, футбол иккинчи бор севимли жамоасига қайтган мураббийлар ҳақида хабар бериб турибди. Ўз вақтида, Луи Ван Гал «Барселона»га, Ариго Сакки «Милан»га қайтганидан афсус чеккани ёдимизда бор. Зайниддин Зиданнинг иккинчи бор клубга келиши ҳам аввалги даражани тиклаб олишга имкон бергани йўқ.

Тўғри, ЗиЗу «Реал»ни Испания чемпионига айлантирди, суперкубокда зафар қучди ва ҳатто ЕЧЛ ярим финалига қадар етиб келди, аммо аввалги натижалар фонида бу ҳеч кимни ҳайрон қолдирмади. Аллегри ҳам футбол тарихида бу хатони амалга оширган буюк мураббийлар қаторидан жой олиши мумкин. Сабаби, қисқа муддат ичида икки мураббийдан қолган таркибни «йиғиштириб» олиш ва жангга тайёрлаш деярли имконсиз. Ҳозирги «Ювентус» узоқ кутишни билмайди. Уларга бугун натижа керак.
Муаммони ҳал этишга бу етарлими?

Ўз вақтида, Ариго Сакки «Милан»га қайтгач, жамоа раҳбарларига қуйидаги сўзларни айтган эди:
«Миядаги ўсимтани аспирин билан даволаб бўлмайди. Менинг қайтишим ҳам шунинг ўзгинаси». Унинг сўзлари якунда тўғри бўлиб чиқди. «Милан» Сакки билан ҳам ўзига кела олмади. Аллегри эса аксинча. Қайтиши вазиятни яхшилашидан умидвор. Мутахассис ПСЖ, «Челси», «Арсенал», «Боруссия Д» ва бошқа жамоалардан келиб тушган таклифларни рад этди. Италия нашрининг маълум қилишича, у «Юве»дан чақирув олишига ишонган. Балки, 2 йил ичида ўзини «Бьянконерилар» рулига қайтишига тайёргарлик кўргандир.

Аслида, мутахассис катта ўзгаришларга тайёр эканлигини яшириб ўтирмаяпти. Айнан у клубда янги жамоа қурмоқчи эканлигини эълон қилишдан қўрқмади. Хўш, «Ювентус» бунга тайёрми? Ишни соғинган, маза қилиб дам олган мутахассис талаб этаётган янгича «иш услуби»га клуб тўлиқ «жавоб» берадими? Ёдингизда бўлса, Аллегри Андреа Аньеллига таркибни тўлиқ янгилаш ҳақида бир неча бор айтган эди. Ўзининг сўнгги скудеттосини қўлга киритгач, мутахассис жамоа раҳбари билан суҳбатда, яна янги ижрочилар кераклигидан сўзлаган.

allegri

Роналду - Аллегрининг «Ювентус»дан кетишига асосий сабаб!

Бу тўқнашув анча олдин тахмин қилинган эди. Аньелли Аллегри - Роналду тандеми қандай наф бериши борасида кўп ўйлагани аниқ. Криштиану Роналдунинг трансферидан аввал, италиялик мураббий раҳбариятга португалияликни сотиб олмасликни сўраган. Бунинг сабаби сўралганида, Аллегри жамоавий ўйин ва ички муҳит бузилишини айтган. Якунда, Криш Туринга кўчиб келди. Ла Газзетта Делло Спорт эса, «Мураббийга Роналду керак эмас» қабилидаги каттагина мақолани босиб чиқди. Аллегри Роналдунинг келиши, «Юве» ўйинида пасайишга олиб келишини фактлар билан исботлаб беради. У бутун жамоа унинг атрофида қурилса, голлар ва ҳужумлар сони камайиб кетишини, 3-5-2 ёки 5-3-2 схемаси Криш билан бефойдалиги ҳақида соатлаб сўзлаган бўлсада, якунда Аньелли 5 катта олтин тўп эгасини Туринга олиб келди. Бу вазиятда клуб раҳбарини ҳам айблаб бўлмайди. Криштиану нафақат майдонда, балки моддий манфаат йўлида ҳам хизмат қилиши аниқ эди. Аньелли адашмади.

«Зебралар» қисқа муддатда жаҳон бозорига чиқди. Клуб анча пайтгача трендда бўлди. Савдо сотиқ ва турли реклама компаниялари билан шартномалар... АФсуски, Аллегри билдирган фикр ҳам ўзини оқлади. Роналду «Ювентус»нинг ўйин фалсафасига путур етказди. Унга жой топиб бера олмаган Аллегри ишдан олинди, кейин Сарри Роналдудан фойдалана олмагани учун кетди. Пирло ҳеч нарса қила олмагани учун ишдан олинди. Энди, Роналдуни Туринга келишини истамаган мутахассис яна постга қайтди.

Cristiano-Ronaldo-Juventus-Massimiliano-Allegri-Man-Utd-1045388

Паратичи ва Роналду "чемодан" кайфиятда

Икки йил аввал Аллегрининг кетишига клуб спорт директори - Фабио Паратичи «қарашиб» юборган эди. 11 йиллик фаолиятига қарамай, энди унинг ўзига чиқиш эшиклари кўрсатиб юборилмоқда. Бундан кўриниб турибдики, «Макси»га қарши чиққан энг асосий куч энди клубда эмас. Катта эҳтимол билан мураббийнинг рўйхатида Роналду ҳам бор. Паратичи жамоа билан тузилган шартномани узайтиришдан бош тортди. Клуб Пирлони истеъфога чиқарди. Аллегрини таклиф этди ва ўзи ноҳақ бўлганини «қисман» тан олди. Энди, Роналдунинг клубни тарк этганини эълон қилиш қолди холос. Ўз вақтида, италиялик мураббий португалияликни ўз жамоасида кўрмаган эди. Вазият ўзгармагани аниқ. Италия нашрларининг хабар қилишича, Аллегри Пауло Дибала билан янги шартнома имзолаш шарти билан «Юве»га қайтган. Бундан кўриниб турибдики, энди Роналду учун асосий таркиб эшиклари ёпиқ. Шунингдек, мутахассис шортлистида «Сассуоло» етакчиси Мануэль Локателли ва «Милан» етакчиси Жанлуижи Доннарумма бор. Тўғри, Турин клуби улкан трансферларни амалга оширмайди, лекин Аллегри учун бу омил муҳим эмас. У биринчи навбатда ички чемпионатдаги мавқени тиклаб олиш учун курашга киради. Икки йилдан сўнг, шаклланган жамоа билан ЕЧЛ сари интилади.

pcr

Роналдуга келадиган бўлсак, португалиялик аллақачон жамоадошлари билан хайрлашиб кетгани ҳақида ёзишмоқда. Унинг машиналарини Туриндан олиб чиқиб кетгани ҳам ҳеч кимга сир эмас. Европа чемпионатидан сўнг, унинг янги клуби номи маълум бўлади. Аллегри эса, «Ювентус»даги вақтини кўрсатиб турувчи қумсоатини тескари ўгириб қўйиши мумкин.

Яҳёхўжа Улуғхўжаев

Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter)

Минбар

Барча блоглар