Роналду ва Месси кетгач,

SPORTS.uz журналистлари бир масала юзасидан баҳслашиб қолди. Яҳёхўжа Улуғхўжаев "Барса" ва "Реал" ўртасидаги тўқнашув Месси ва Роналдусиз ҳам ўз даражасини йўқотмаганини даъво қилган бўлса, Карим Худойқулов "эл-класико" "ўзга сайёраликлар"дан кейин зерикарли ўйинга айланиб қолганини исботламоқчи бўлди. Улар ўртасидаги қизғин баҳснинг энг қизиқ аргументларини сизларга илиндик.

1-раунд

o34kgo43kgo3ko3kg34

Я.У: Нега "Барса" ва "Реал" бир-бирини ёмон кўради?

Аслида, бирор бир нарсанинг моҳиятини тушуниб етмоқчи бўлсангиз, барчасини бошидан ўрганиш шарт. Чиқишим бироз чўзилиб кетиши мумкин, аммо бу шунга арзийди. Бугун Роналду ва Месси кетгач, "ал-мумтоз"нинг завқи қолмади, деганлар учун тарихдан бир парча келтираман. Ҳар ҳолда, бу ўйиндаги зиддиятга аслида нима замин яратганини улар билиб қўйишсин.

1939 йилда Испания бошқарувини қўлга олган Диктатор Франко футбол оламидаги абадий қарама-қаршиликнинг сабабчисига айланди. Давлат раҳбари ўша йилнинг ўзидаёқ Каталония халқини ўз байроғи ва тилидан маҳрум қилди. Қаршилик кўрсатишга уринганлар очиқчасига таъқиб қилина бошланди. Франко ҳақида тарихчилардан бири шундай ёзади: "Франко Каталония халқини бурчакка сиқиб қўйди. Уларнинг ҳуқуқларини тўлиқлигича ўз қўлига олди ва давлат сифатида тан олмаслигини бир неча бор эълон қилди. Оқибатда, қийноқ ва қатлдан чўчиган каталонияликлар унинг шартларига кўнишга мажбур бўлди".

1212121231244243

Дарҳақиқат, Каталония испанларга қаршилик кўрсатишга ожиз эди. Диктатор Франко эса, уларнинг ерларини тўлиқ Испанияга тегишли эканлигини билдирувчи ҳужжатни имзолайди. Диктатор зулмидан эзилган халқ ўша даврдаги золим ҳукуматга қарши фақат футбол орқалигина жавоб бера оларди, холос. Шу тариқа, бу жамоалар ўртасидаги ўйинлар сиёсат даражасига кўтарилди.

"Барселона"нинг "Реал" Мадридга қарши уйдаги учрашувларида мухлислар доим Каталония мадҳиясини бақириб, кўзларида жиққа ёш билан куйлашар, озодлик учун курашган жангчилардек бутун вужуди билан мухлислик қила бошлади. Ўша кундан бошлаб, "Барселона" ўз эркини бой берган халқнинг ҳукуматга қарши ягона қуролига айланди. "Эл-класико" вақтида нафақат стадион, балки, Каталония кўчалари ҳам мухлисларнинг ҳайқириғи билан жумбушга келар, барча ичида йиғилиб ётган алам ва ситамларини айнан шундай ўйинлар орқали тўкиб сочарди. Футболчилар ҳам кимга қарши майдонга тушганини билишар, (авваллари, асосан, маҳаллий футболчилардан тузилган жамоа эди) ғалаба учун майдонда ўлимга ҳам тайёр туришар эди.

"Реал" фанатлари эса, испанлар шаънига ўйин давомида билдирилган кескин фикрларга жим қараб турмагани табиий. Бу можарони бартараф этиш мақсадида турли ғоялар илгари сурилган. Ҳатто, 1960 йилда икки томон журналистлари жамоа мухлислар армиясини яраштириб қўймоқчи ҳам бўлган. "Қаймоқранглилар" бунга тайёр эканлигини билдирган бўлса-да, "Барсалона" томондагилар муросага боришни истамаган. Қайсар, жаҳли тез каталонлар испанларни елкасидан итаргач, нариги томонда ҳам "Барселона"га нисбатан негатив фикр билдирадиганлар сони ортиб кетди.
Орадан йиллар ўтди, бироқ "эл-класико" ҳали-ҳамон сиёсий майдон вазифасини ўтаб беришда давом этмоқда. Ўйин Испания чемпионати доирасида ташкил этилгани билан, ўртага тикилган нарсаларнинг қиймати ўзгармаган. Жамоалар принципиал баҳсда ғалаба қозониш мақсадида жон олиб, жон бериб тўп тепаётган пайтда, Роналду ва Месси номли футболчилар ҳали дунё юзини кўрмаган эди. Бу ўйин уларга қадар қандай мавқега эга бўлган бўлса, ҳозир ҳам ўз даражасини тўлиқ сақлаб қолган.

Х.К: Инкор этиб бўлмас ҳақиқат

Бугун бизни "Барселона" - "Реал Мадрид" учрашуви кутиб турибди. Бир неча йил олдин Роналдусини йўқотган "эл-класико", энди Мессисидан ҳам айрилиб қолди. Тебас чемпионат мавқейи футболчиларга боғлиқ эмаслигини таъкидламоқда. Ҳақиқатан ҳам шундайми? Менимча, йўқ. Дунё бўйича миллионлаб инсонлар Месси ва Роналдунинг персонал мухлиси ҳисобланади. Шундай экан, улар қатнашмаган "эл-класико" миллионлар ишқибоздан эътиборидан четда қолиши мумкин.

2-раунд

дз34дпз34дпз34дп

Я.У: Тарихий ва қадрдон қарама-қаршилик

"Барселона" - "Реал" жуда катта аудиторияга эга баҳс. Яқин ўтмишда бу клублар ўртасидаги учрашувни 185 давлатдаги 650 миллион мухлис томоша қилгани, ижтимоий тармоқлардаги 2 миллиардга яқин қолдирилган пост ёдингиздан кўтарилмадими? Жамоаларнинг бугунги тўқнашуви аввалгисидан кучсизроқ, деб ўйламанг. Шунчаки, энди катта саҳнага кўтариладиган қаҳрамонлар ўзгарган, холос. Афиша ўша-ўшалигича қолмоқда. Келинг, бугун бўлиб ўтадиган баҳсдаги интригаларга назар ташлаймиз.

"Реал" мухлислари жамоасидан "Барселона"га қарши ўйинда камида "Бенфика" ("бургутлар" ЕЧЛ баҳсида 3:0 ҳисобида ғалаба қозонган эди) сингари ўйнашни талаб қилиши табиий. Тан олиш лозим, "Барселона" аввалги даражасидан анча йироқда, бироқ "қаймоқрангилилар" ҳам "Шериф"га бой берилган учрашувдан сўнг ишончли жамоалар қаторидан ўчирилган. Флорентино Перес рақибига нисбатан молиявий барқарор бўлишига қарамай, "Реал" буни ҳали "Камп Ноу"да исботлаши шарт. Карло Анчелотти катта танаффусдан сўнг яна марказий ўйинларда иштирок этишни бошламоқда. Хўш, у тарғиб этаётган футбол ғояси "ўтмаслашиб" қолмадими? Компенсация тўлашдан қочиб Рональд Куманни мураббийлик курсисида олиб ўтирган "кўк-анорранглилар" ёрқин 90 дақиқа ўтказишга қодирми? Ҳар ҳолда, йилнинг энг муҳим баҳсида каталонияликлар "Камп Ноу"да бор кучини ўртага ташлаши аниқ. Эътиборлиси шундаки, сўнгги 4 ўйиндан бери "Барса" "эл класико"да мадридликларни мағлуб этишни уддалай олмаяпти. Балки, бу анъанага бугун чек қўйилар.

Х.К: Қани Рим империяси! Қани Юнонистон!

Таъкидлаш жоиз, жамоаларнинг даражаси ҳам айни дамда анча паст. Сўнгги баҳсда Каталония клуби "Динамо" Киевни 1:0 ҳисобида базўр мағлуб этди. Шундай бўлса-да, ўйин сифати, майдондаги фаоллик борасида жамоа танқидлар остида қолди. Бир пайтлари ўзи ҳайдаб юборган Суарес Куманга аслида қандай футболчи эканлигини исботлаб қўйди. Нариги тарафда ҳам ишларни у қадар обод, деб бўлмайди. Мадридликлар "Шериф" ва "Эспаньол"дан мағлубият қабул қилиб олди. Охирги баҳсда улар 5:0 ҳисобида ғалаба қозонди, бироқ бу мақташга арзигулик натижа эмас. Биласиз, милоддан аввалги йилларда Юнонистон ва Рим империяси кучли давлат ҳисобланган. Айни дамдаги Италия ва Грецияни кўп жиҳатлари билан ўртамиёна мамлакатлар сирасига қўшсак бўлади. Шонли даврлар ўтмишда қолиб кетган. Ҳозир "Барса" ва "Реал"да ҳам шундай ҳолат. У пайтлар ўтди-кетди. Ҳозир на Анчелотти шогирдлари ва на Куман тузган жамоа катта совринлар учун курашишга қодир эмас. Грециянинг олдинги ва ҳозирги ҳолатидаги тафовут қай даражада бўлса, "Барса"да ҳам шундай фарқ бор. Италия ҳамон кучли давлат, бироқ Рим империяси умуман бошқа даража эди.

3-раунд

з34дпз34дзп34дп

Х.К:Принципиаллик жар ёқасида

"Эл-класико"ларда биз доим принципиаллик гувоҳи бўлганмиз. Моуриньо — Гвардиола, Рамос — Суарес баҳси қаторида яна кўплаб қарама-қаршиликлар ушбу тўқнашув сифати ва томошабоплиги ошириб берарди. Анчелотти масъулиятни ўз бўйнига оладиган, тажрибали мутахассис. Лекин биз ундан янгича футбол ғоялари ва ўзгача ёндашувни кутмаймиз. Мен Куманни тактик жиҳатдан ўртамиёна мураббийлар сирасига қўшган бўлар эдим. У келганидан буён "Барса" ўйинида тики-таканинг митти элементларини кўрган бўлсам-да, ҳужумкорлик ачинарли аҳволга тушиб қолди. Бу айниқса, Месси кетгач яққол билинди. Европа Чемпионлар лигасининг 3-туридан сўнг "кўк-анорранглилар" атиги 1 та гол урди ва ўз дарвозасидан олтита тўп ўтказиб юборди. Испания чемпионатида ҳам 9 тур якунига кўра, 14 бор рақиб дарвозасини ишғол этди. Майли, бу каби фактларнинг ўйинга бевосита таъсири йўқдир. Шундай бўлса-да, принципиаллик бу сафарги "класико"да деярли йўқ. Фати ва Винисиус курашини келтиришимиз мумкин. Менимча, биз ушбу қарама-қаршиликни ўйлаб топдик. Улар ўртасида ҳали баҳс бошлангани ҳам йўқ, аслида. Шунингдек, Бензема ҳамда Агуэро каби супер форвардлар тўқнашуви ҳам мухлисларга қизиқ бўлади. Ҳа айтганча, Куман Люк де Йонгни ҳам асосий таркибда тушуриб қолиши мумкин. Ахир, у ҳам "Барселона"га келиб кўп нарсаларни исботлади. Энг биринчиси Брейтуэйтнинг яхши ҳужумчи эканлигини!

Я.У: Нима бўлганда ҳам, ўйин томоша қилишингизга арзийди!

Негадир, аксарият мухлислар учрашув олдидан "Реал"нинг осонлик билан ғалаба қозонишини таъкидламоқда. Ваҳоланки, бу шунчаки тахминлар, холос. Мадридликлар сафида Карим Бензема ва Винисиуснинг супер формада эканлиги рост, аммо меҳмонларнинг ғалаба қозонишига сабаб бўладиган яна қандай аргумент келтириш мумкин?! Агар таркибдаги футболчиларнинг класси ёрдам бермаса, "Реал" нимага суяниши мумкин? Бу баҳс олдидан "Барселона"да ҳам ўзига хос "козирь" қарталар мавжуд. Йўқ жойдан гол уришга қодир Депай, жароҳатидан фориғ бўлган Ансу Фати, барчанинг эътирофига тушиб улгурган Гави, формасини тўлиқ тиклаб олган Тер Штеген ва ўзини омадсиз эмаслигини исботлаш учун ҳамма нарсага тайёр Рональд Куман.

Аслида, интирига изласак, "ал-мумтоз" буни бизга истаганимизча тақдим этиши мумкин. Шунчаки, ўзга сайёраликларни бу баҳсда бошқа иштирок этмаслигини тан олиш лозим. Футбол улардан аввал ҳам бўлган. Бундан кейин ҳам бўлади.

o3434gok43ogk3eoe_1

Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter)

Минбар

Барча блоглар