Руслан Чагаев бокс оламидаги шоу жанглар ва Рой Жонс ҳақида ўз фикрини билдирди

  • 30 ноябрь, 2021, 17:19
  • 0
  • Бокс

Ўзбекистон боксининг яқин ўтмишгдаги машҳур боксчиларидан бири, оғир вазн тоифасида WBA чемпиони бўла олган, ҳаваскор боксда кўплаб совринларни соҳибига айланган Руслан Чагаев билан боғланиб, ҳозирда авж олаётган бокс шоулари жумладан, ММА вакилларига қарши бокс жанглари, фаолиятини якунлаган боксчиларнинг ўзаро тўқнашувлари борасидаги фикрлари билан қизиқдик.

- Руслан ака куни кеча ММА жангчиси Фрэнк Мир билан Кубрат Пулев ўзаро бокс борасида жанг ўтказди. Сизга ҳам ММА жангчиларидан таклиф бўлса, қабул қилармидингиз?

- Асло йўқ. Чунки, бундай жангларни хоҳламайман.

- Ўзингиз қатори фаолиятини якунлаган боксчилар биланчи, Рой Жонс ва Майк Тайсон каби шоу жанглар ўтказишга қандай қарайсиз?

- Буни ҳам истамайман. Сабаби фаолиятимни якунладим. Бу қарорни ҳар томонлама ўйлаб қабул қилганман. Нима кераги бор? Майли, Майк Тайсон бир маротаба жанг қилди. Бироқ, Рой Жонс Тайсондан аввал ҳам мана шундай жангларнинг бир нечтасида иштирок этди. Бир неча маротаба йиқилди. Улар ўз вақтининг юлдузлари, жаҳон чемпионлигига эришишган. Юқори обрўсини қайсидир маънода мана шундай жанглари билан тўкди, десам янглишмаган бўламан.

- Юқори гонорар ҳам фикрингизни ўзгартирмайдими?

- Йўқ. Пулдан ҳам муҳимроқ нарсалар бор. Аслида, мен бундай жанглар ўтказишга қаршиман. Мухлислар кўз ўнгида ўша ғалабали давримиз ва гарчи, мағлубиятга учраган онларимиздаги бўлса ҳам, юқори даражадаги ҳолатимиз бўйича қолишимни хоҳлайман.

- Жавоблар учун раҳмат ва ўз ўрнида промоутерлик ва бошқа ишларингизга ривож тилаймиз!

Сизларга ҳам раҳмат ва фурсатдан фойдаланиб, барча ватандошларимизга соғлик ва саломатлик тилайман!

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!