Садриддин Абдуллаев футболчилик фаолиятини якунлади ва мураббий сифатида иш бошлади

Ўзбек футболидаги тажрибали ярим ҳимоячилардан бири Садриддин Абдуллаев футболчилик фаолиятини якунлади. Бу ҳақда "Локомотив" клуби матбуот хизмати хабар бермоқда.

"Моҳир ярим ҳимоячи бутсаларини михга илишга қарор қилди. Ўтган мавсумни "темирйўлчилар" сафида ўтказган Садриддин Абдуллаев футболчилик фаолиятига якун ясади. "Локомотив" ПФК раҳбарияти маслаҳатига кўра, у клуб тизимида қолишни маъқул деб билди. Абдуллаев мураббий сифатида ўз фаолиятини бошлайди.

Клуб раҳбарияти Садриддин Абдуллаевни "Локомотив" U18 жамоаси бош мураббийи этиб тайинлади. Эндиликда "Локо"нинг 18 ёшгача футболчиларини Абдуллаев бошқаради ва бунинг учун тегишли лицензияга эга",-дейилади клуб матбуот хизмати берган хабарда.

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!