Салом Намасте! "Обод" футболчиси Ҳиндистон клуби билан шартнома имзолади

Олий Лигадан четлатилган “Обод” жамоаси аъзоси Ғулом Ўрунов фаолиятини Ҳиндистон чемпионатида давом эттирадиган бўлди. 28 ёшли ҳимоячи яқиндагина ташкил этилган “Гоколум Керала” клуби билан шартнома имзолади. У жамоа сафида 59 рақам остида ҳаракат қилади.  

Футболчи ушбу мавсумни Жиззахнинг “Сўғдиёна” жамоаси сафида бошлаган бўлиб, давралар оралиғида “Обод” клубига бориб қўшилган эди. Октябр ойи аввалида “Обод” Ўзбекистон клубларини лицензиялаш бўйича регламент талабларини қўпол равишда бузганлиги ва келишилган ўйинларга алоқадорлиги сабабли Олий Лига баҳсларидан четлатилган эди ва жамоа аъзолари эркин агентга айланишган эди.

Эслатиб ўтамиз, ушбу футболчи Аҳмад Убайдуллаев бошқарувидаги ёшлар терма жамоаси сафида 2009 йил Мисрда ўтган ёшлар(U-20) ўртасидаги ЖЧда иштирок этган эли.

Маълумот ўрнида, футбол бўйича Ҳиндистон «И» лигасида ҳозирда 10 та жамоа иштирок этиб келмоқда. Мавқейи жиҳатидан мамлакат футбол тизимида юқори ўринда турадиган ушбу мусобақа йилнинг январь – май ойларида ўтказилади. Чемпионат ғолиби Осиё чемпионлар лигасида иштирок этиш учун саралаш босқичида иштирок этади. Агар ушбу жамоа саралаш босқичда омадсизликка учраса, ўз иштирокини ОФК кубоги баҳсларида давом эттиради.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!