Самвел Бабаян

Мамлакатимизнинг таниқли мутахассисларидан бири бўлган Самвел Вячеславович Бабаян бугундан “Навбаҳор”да маслаҳатчи-мураббий сифатида иш бошлади. У энди мураббийлар штабида Виктор Жалиловга ёрдам беради. Бу ҳақда клуб матбуот хизмати хабар берди.

Самвел Бабаян 1971 йил, 19 май куни Тошкент шаҳрида туғилган. Тошкент Давлат Жисмоний тарбия институтида мураббийлик йўналиши бўйича таҳсил олган.

Футболчилик фаолияти давомида ўша пайтда собиқ иттифоқ чемпионатининг 2-лигасида иштирок этадиган жамоаларда ўйнаган. Самвел Бабаян футболчилик фаолиятини айрим сабабларга кўра, эрта якунлашга мажбур бўлган.

1995 йили Виктор Жалилов билан биргаликда “Навбаҳор” мураббийлар штабида фаолият олиб боради. Самвел Вячеславович Наманганда 2001 йилгача ишлади. Ушбу давр мобайнида клуб бир марта мамлакат чемпионлигини (1996 йили), 4 марта бронза медаллари (1995, 1997, 1998-1999 йиллар), 2 марта Ўзбекистон кубоги (1995, 1998 йиллар), бир марта Ўзбекистон суперкубогини (1999 йил) қўлга киритган.

Шундан сўнг, Самвел Бабаян 2001-2002 йиллари Ўзбекистон терма жамоасида менежер сифатида фаолият олиб борди.

2002 йилдан Тошкентнинг “Пахтакор” жамоасида вице-президент сифатида иш бошлаган Самвел Вячеславович мазкур лавозимда 2014 йилгача фаолият олиб борди. Шу давр мобайнида пойтахтликлар ички мусобақаларда кўплаб совринларни қўлга киритишди. Шунингдек, ОЧЛ турнирида ҳам муваффақиятли иштирок этишди. Албатта, “шерлар”нинг ушбу зафарларида Самвел Вячеславовичнинг муносиб ҳиссаси бор.

Самвел Бабаян 2014-2015 йилларда “Пахтакор” бош мураббийи лавозимида фаолият олиб борди ва мазкур мавсумларда тошкентликлар миллий чемпионатимиз олтин медалларини қўлга киритишди.

Самвел Вячеславович 2015-2017 йиллари Ўзбекистон миллий, 2016 йили эса параллел равишда Ўзбекистон олимпия терма жамоасида бош мураббий бўлиб ишлади.

Самвел Бабаян 2018-2019 йиллари Латвиянинг “Спартак” (Юрмала) жамоасида фаолият олиб борди.

2019 йили эса Тошкентнинг “Локомотив” жамоасини бошқарди. Ушбу мавсумда “темирйўлчилар” Суперлигада 2-ўринни эгаллашди.

2020 йили Хитойнинг “Чанчунь Ятай” жамоасида бош мураббий сифатида фаолият олиб борди.

Самвел Бабаян 2014 ва 2015 йиллари Ўзбекистоннинг энг яхши мураббийи, деб топилган.

”Навбаҳор” чемпионликни қўлга киритган 1996 йили жамоа мураббийлар штабида фаолият юритган Самвел Бабаян 2019 йилги мавсумда “Локомотив” бош мураббийи сифатида Наманганга ташриф буюрган ва ўйиндан кейинги матбуот анжуманида энг катта орзуларидан бири худди 1996 йили бўлганидек, “Навбаҳор”ни чемпион қилиш эканлигини таъкидлаганди.

Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter)

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!
Akbarali Abdunazarov
11/07/2021 20:12
Бабаянни келиши Навбахорга фойда беради курасила, Насаф мухлиси!
&
Турсун Ғани
10/07/2021 22:20
Э БУ БАБАЯН ДЕГАН ЗЎР МУРАББИЙМИЗ БОР ЭКАНУ БИЛМАЙ ЮРГАН ЭКАНМИЗДА. МАНА ОХИРИДА БИЛИБ ҚОЛДИК.
БАТАФСИЛ МАЪЛУМОТЛАР УЧУН РАХМАТ. БАБАЯН ШУНЧА ИШ ҚИЛГАН ЭКАН НАВБАХОРДА ТЎҒРИСИ ЭНДИ ҲАБАР ТОПДИМ ҲАЙРОН ҚОЛДИМ. ИЛГАРИ ҲАМ ВИКТОР ЖАЛИЛОВ БИЛАН НАТИЖАЛАРГА ЭРИШГАН ЭКАН, ДЕМАК ЎЗ ЖОЙИНИ ВА ИШИНИ ТОПИБДИ. ЎЗГАРИШЛАР БЎЛАРКАНДА НАВБАХОРДА ЯНА ЯХШИ ТОМОНГА... КЎРАМИЗ.