"Шахтёр"га қандай келиб қолди? У ердаги легионерларимизга эътибор қанақа? Терма жамоамиз Саудияни қандай ҳисобда мағлуб этади? - Сергей Лушчандан жавоблар

Хабарингиз бўлса керак, яқинда ўзбекистонлик мутахассис Сергей Лушчан Беларусда иш бошлагани ҳақида сайтимиз орқали хабар бергандик.

Аниқроғи Солигорскнинг “Шахтёр” клуби академиясини бошқаришга киришди. Шундан бери Сергей Иванович бу борада ОАВда чиқиш қилмаганди.

Ниҳоят, Лушчан бизнинг таклифимизга рози бўлган ҳолда sports.uz учун бироз вақт ажратди. Аввало, мутахассис “Шахтёр”да қандай қилиб пайдо бўлгани тўғрисида гапирди.

- Таклиф келиб тушди ва мен бунга рози бўлдим. Бу ерда ҳайрон қоларли бирор иш юз бергани йўқ. Шундоқ ҳам кетишни мўлжаллаб тургандим. Бу орада айни муддаодек таклиф келиб тушди, - деди Сергей Иванович.

лушан3_2

Одатда, бирор мутахассис таклиф қилинса, унинг олдига муайян вазифалар қўйилади ва Лушчан ҳам бундан мустасно эмас. Ҳар ҳолда унда академияда ишлаш борасида етарли тажриба бор.  

- Болалар футбол мактабида иш ташкил қилиш ҳам режамда йўқ эмас, - деб мавзуни давом эттирди Лушчан. - Асосий жамоа – бу Беларусь футболининг етакчси. Энди муносиб ворисларни тарбиялаб берадиган мактаб бунёд этишнинг айни фурсати етди. Ўйлайманки, “Шахтёр” раҳбариятининг кўзлаб турган режаси айнан шундай бўлса керак. Нега энди айнан мен? Афтидан, кимдир юқоридагиларга номзодимни тавсия қилган кўринади. Мен бу масалада ҳаммасини миридан-сиригача шарҳлаб ўтиришни истамайман. Шуни айтишим керакки, охирги пайтларда менда Ўзбекистондан кетиш истаги юзага келганди. 13 йил – бу бир мамлакатда ишлаш учун анча салмоқли бўлган муддатдир. Умумий маънода, ҳаммасини ўзгартириш истаги пайдо бўлди ва буни амалга ошириш фурсати етиб келганини ҳис қилдим.

Шунингдек, Сергей Лушчандан “Шахтёр” академиясида қандай шароитлар яратилгани билан ҳам қизиқиб кўрдик. Чунки ишлаш учун шароит ва имконият бўлмаса, бирор натижага эришиш мушкул бўлиб қолади.

- Ишлаш учун шарт-шароитлар энди ташкил қилинмоқда. Бизда битта сунъий қопламали, иккита табиий чимли майдон бор. Албатта, болалар ва катталар футболи ўртасидаги тафовут жуда катта. Буни жисмоний тайёргарлик, тактик ва техник салоҳиятлар билан боғлиқ бўлган жиҳатларда ҳам кўриш мумкин. Бизнинг вазифамиз олтин оралиқни топишдан иборат. Айтишим жоизки, айни пайтда айнан шундай оралиқни топиш устида изланиш олиб боряпмиз.

лушан2_3

Менинг Беларусдаги ишимга келадиган бўлсак, бу ерда барча ёшдаги жамоалар билан ишлаяпман. Шундай экан, ишлар бошдан ошиб ётибди. Ўз ўрнида ишлар билан машғул бўлиш жуда қизиқарлидир. Иш жараёнида “Бунёдкор”да тузган режа ва лойиҳаларимни аста-секинлик билан амалга татбиқ этиб боряпман. Ишонаманки, ҳамма режа амалга ошади. Боз устига раҳбарият томонидан ҳам тўла-тўкис қўллаб-қувватлашни ҳис этмоқдаман. Келажаги бор таркибни ташкил этиш айни муддао бўлади...Шунда  бошқа жиҳатлар ҳақида ортиқча ўйланишга ҳам ҳожат қолмайди. Энг асосийси, одамлар футболни жуда севишади. Улар шунинг баробарида жуда самимий ва тартиб-интизомни асосий ўринга қўядилар, - дея фикр билдирди, мутахассис.

Маълумки, “Шахтёр” клубида ҳамюртимиз Шахзод Убайдуллаев фаолият олиб борди. Аммо унга етарлича имконият берилмагани сабабли у Беларуснинг бошқа бир жамоаси - “Энергетик БГУ” сафига қўшилди. Бобур Абдуҳолиқов ҳам мазкур клубга кўчиб ўтганини биласиз. Лушчан эса иккала легионеримиз хусусида шундай деди:

- Бизнинг легионерларга келсак, уларнинг келиши ҳаммамиз учун айни муддао бўлди. Икки легионер ҳақида маҳаллий мутахассисларимизнинг яхши фикр билдиришаётгани ҳам юқорида айтган гапларимни тўла тасдиқлайди. Аҳамиятлиси, улар ҳақида шу пайтгача бирорта ҳам салбий фикр эшитганим йўқ! Қолганлар ҳақида ҳозирча аниқ бир нарса дейишим қийин. Чунки улар хусусида менда тўлиқ таассурот шаклланиб улгурмади. Лекин, шуни комил ишонч билан айтаманки, футболчиларимизнинг бари Беларусдаги ҳар қандай клубни кучайтира олади. Биздаги ҳар бир маҳаллий футболчи асосан ҳимоя чизиғи ва дарвозабон позициясини сезиларли даражада кучайтира олади.

лушан1

Ўзбекистон миллий терма жамоасининг собиқ футболчиси сифатида ундан ҳозирда Саудия Арабистони майдонларида ўтаётган жаҳон чемпионати саралаш баҳслари ҳақида ҳам сўрамасак бўлмасди. У ҳам бош жамоамизнинг ўйинларини диққат билан кузатяпти.

- Ўзбекистон терма жамоаси ҳақида фикр билдирадиган бўлсам, ҳозир ҳамманинг диққат-эътибори саудияликларга қарши ўтадиган ўйинга қаратилган. Шу боисдан ҳам бизникиларга бутун вужудим билан мухлислик қилиб қоламан. Шу пайтгача қўлга киритилган 15 очко тасодиф эмас. Бу терма жамоамизнинг кучидан далолат беряпти. Менимча, Саудия Арабистонига қарши учрашув бизникиларнинг 2:1 ҳисобидаги ғалабаси билан якунига етса керак. Ишонаманки, Ўзбекистон терма жамоаси бўлажак ўйинда нималарга қодир эканлигини барчага намойиш этиб беради, - дейди Сергей Лушчан.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!