Шахзод Убайдуллаев:

Бугун “Шахтёр”даги ҳамюртимиз Шахзод Убайдуллаевнинг расман “Энергетик-БГУ” клуби аъзосига айлангани тасдиқланди. Бунгача ҳам футболчи янги жамоаси машғулотларида иштирок этиб келаётганди ва у билан доимий алоқада бўлган ҳолда шартнома тузишини кутаётгандик.

Афсуски, Убайдуллаевга “Шахтёр” жамоасида етарлича эътибор ва имконият тақдим этилмади. Шунинг учун ҳамюртимиз у ерда ўзини кўрсата олмади. Лекин Шахзод сира тушкунликка тушгани йўқ. Энди у асосий эътиборини “Энергетик-БГУ”га қаратган.

Бу ерда ҳужум чизиғида Бобур Абдуҳолиқов билан ажойиб тандем бўлиши кутилмоқда. Убайдуллаев шартномага имзо чекканидан кейин sports.uz сайтига интервью берди.  

- “Энергетик-БГУ” клуби аъзосига айланганингиз билан табриклаймиз. Мазкур клуб сафига ўтишингизда асосий туртки бўлган ҳолат нима бўлди?

- Биласизми, аслида қишдаёқ “Энергетик-БГУ” жамоасига ижарага кетишим керак эди. Аммо ўшанда “Шахтёр” раҳбарлари мени қўйиб юборишмаган. Мана, бу сафар ушбу клубга ўтишим амалга ошди.

убайдуллаев2_1

- “Шахтёр”га кўчиб ўтган пайтингизда сиз билан гаплашгандик. Ушбу жамоа орқали тезроқ Европанинг кучлироқ чемпионатларидан бирига кетиш ниятим бор деб айтгандингиз. Кейин негадир сиз билан боғлиқ воқеалар ривожи ўзгариб кетди. Хўш, нима бўлди? Ваҳоланки, қишки йиғинда тўпурарлик салоҳиятингизни кўрсатгандингиз...

- Ўзим ҳам билмадим. У ерда менга имкон беришмади. Тўғри айтяпсиз, қишки йиғин пайтида ўртоқлик учрашувларида ҳар доим майдонга туширишганида гол ураётгандим. Тўғрисини айтсам, мураббий мени нимагадир чиқиштирмади.

- “Шахтёр”да сизга бўлган эътибор ва муносабатдан кейин ўзингиз кетишни ўйлаб қолдингизми ёки клуб сиз билан хайрлашишни хоҳладими?

- Биласизми, рости, қишдаёқ кетишни хоҳлаб қолгандим. Чунки ўша маҳалда чемпионат бошланиши яқинлашиб қолганди. Фақат мавсум бошланаётган пайтда мени ўйнатмаслигини билиб қолдим. Шунинг учун “Шахтёр”дан кетишим керак эди. Ёдингизда бўлса, ўша маҳалда оммавий ахборот воситаларида мени “Энергетик-БГУ” клубига ўтди, деган хабарлар чиққанди. Кейин эса жамоа раҳбарлари мени у ерга қўйиб юборишни хоҳламадилар.

убайдуллаев4_1

- Ўзи “Шахтёр”даги муҳитни тасвирлаб бера оласизми?

- Муҳит яхши эди. Билмадим, нимагадир мураббий мени қабул қилгиси келмади.

- Олдингизда яна қайдай таклифлар бор эди? Беларусдан бошқа мамлакатга ҳам кетишингиз мумкинмиди?

- 2-3 та давлатдан таклиф келиб тушди. Лекин у ерларга боргим келмади. Европада ўйнашни хоҳладим.

- “Энергетик-БГУ”да Жасур Яхшибоев билан Шаҳбоз Умаров яхши таассурот қолдирган. Сизлардан ҳам яхши натижа кутишаётгани сир эмас. Умуман айтганда, клубнинг вазифаси қандай?

- Жамоамизнинг ўз олдига қўйган мақсади кучли учликка кириш. “Энергетик-БГУ”да жамоа зўр шаклланган. Аксарияти ўзимиз тенгги футболчилар. Клуб мураббийлари ҳам ўзининг ишини усталари. Улар бизга катта ишонч билан қарамоқдалар. Худо хоҳласа, бизга билдирилаётган ишончни оқлаймиз. Албатта, жамоада Яхшибоев билан Умаровни эслаб туришади. Бу футболчиларни жуда ҳурмат қилишларини билдик.

убайдуллаев3

- Янги клубингизда рақобат қандай? Бобур Абдуҳолиқов иккалангизга асосий ҳужумчи сифатида қараляптими?

- Ҳозирги пайтда асосий эътибор бизга – мен билан Бобурга қаратилган. Янги мавсум учун кўрилаётган машғулот жараёнларида бизни янги позицияга тайёрлашяпти. Яъни, қанот ҳужумида ўйнатишмоқчи. Бир сўз билан айтсам, мураббий Бобур иккимиздан жуда кўп нарса кутяпти.

- Тузилган шартнома ва қайси рақамни танлаганингиз ҳақида айтиб ўтсангиз...

- Биз бу клубга ижарага келдик, “Шахтёр”дан олти ой муддатга. Янги клубда 9-рақамни танладим. Бу дадамни яхши кўрган рақами ва дадам ҳам футболчилик даврида 9-рақам остида тўп сурган.

- “Шахтёр”га қарши ўйинни сабрсизлик билан кутяпсизми? Уларга ўзингизни исботламоқчимисиз ва гол урсангиз мароқ билан нишонласангиз керак-а?

- Агар Худо хоҳласа, “Шахтёр”га қарши ўйнасам ғалабани ва голни нишонлаш ниятим бор. Ўзимни исботлашим керак ва шунга ҳаракат қиламан.  

 

Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter)

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!
&
Эшалиев Шавкат
16/07/2021 09:03
Шаҳзод ва Бобурга омад ёр бўлсин, уларнини ўйинини қизиқиш билан кузатамиз

Минбар

Барча блоглар