Про-лигада “Шўртан” клуби охирги ўринни банд этди. У ердаги турли мураккабликлар мисолида жамоанинг бундай натижа кўрсатиши ҳайрон қоларли эмасди.

Очиғи, бундай муаммолар гирдобида қолган клубда ҳеч бир мураббий ишлашга розилик бермаса ҳам керак. Бироқ икки йилдирки, Асрор Алиқулов турли қийинчиликларга қарамасдан “Шўртан” учун садоқат кўрсатиб, меҳнат қилишда давом этяпти. У Sports.uz учун бундай жамоада қандай ишлаб келаётгани ва нима учун ташлаб кетмагани ҳақида гапирди.

“Бирор марта Тошкентда шуғулланмадик”

- Бизга қандай имконият яратиб берилган бўлса, шундан максимал фойдаланишга ҳаракат қилдик. Юз берган муаммолар – таъқиқлар, молиявий қийинчиликлар, барчаси ўз таъсирини кўрсатди. Таъқиқ олиб ташланмагунча футболчи ололмадик. Кейинчалик таъқиқ бартараф этилди-ю, бироқ молиявий имкониятимиздан келиб чиқиб, кимга қанча маош тўлай олишимизга қараб ўйинчи чақирдик. Мураббий сифатида ҳам биз роса ҳаракат қилдик. Клубни шундай қийинчилик пайтида ташлаб кетмасдан, раҳбарлар олдида ҳам уларни ишини енгиллаштириш учун охиригача курашдик, кўп меҳнат қилдик. Барибир имкониятимиз чекланганлиги бизни қийнаб қўйди. Ишонасизми, икки йил ичида бирорта йиғинни Тошкентда ўтказа олмадик. Тайёргарлик жараёнида Ғузордан ташқарига чиқа олмай қолдик. Ўзимизни оқлаш учун айтмаяпман. Клубдаги аҳволни кўра билиб туриб, раҳбарларга Тошкентда йиғин ўтказайлик деб сўрамаганман. Чунки жамоадаги қийинчиликни тушуниб, биргаликда ундан қутулишга ҳаракат қилдик. Биз фақат ўзимизнигина ўйламадик. “Шўртан”нинг ҳар бир ишчиси қарздорликлардан бартараф этилиши учун қийинчиликларда ишлаяпти.

аликулов2

“Бундай жамоадан кетиш осон, аммо...”

- Молиявий томондан яхши таклифлар бўлди. Йил бошида “Динамо”дан, кейинчалик “Турон”дан таклиф тушди. “Шўртан”да қандай қийинчиликда ишлаётганимизни ҳамма биларди. Раҳбарият, ҳомийлар ва бутун коллектив олдида шундай аҳволда “Шўртан”ни ташлаб кетгим келмади. Қийин аҳволдамиз ва бошқа жойга кетсам, кейин “Шўртан”ни ташлаб кетган ҳолатим учун бир умр қийналиб юришим мумкин эди. Бундай клубдан кетиш осон, бироқ йиллар ўтиб мана шу қилган ишим учун виждоним қийналарди. Раҳбарлар билан бошлаган ишимизни йил охиригача бажариб қўйишни ўйладим. Шартномамни якунига етказиб қўймоқчи бўлдим. Агар кетиб қолсам, бошқалар ҳар хил ўйлашлари мумкин эди. “Шўртан”да чидай олмасдан кетиб қолди, деган афсус, балки кейинчалик рўй бермаслиги учун ҳам қолишга қарор қилдим. Биринчи ўринда клубдаги инсонларнинг ўрни катта. Чунки икки йил давомида улар билан мана шундай қийинчилик даврида елкама-елка клуб манфаати учун курашиб келяпмиз.

“Турон” яхши маош таклиф қилди”

- Албатта, “Турон” “Шўртан”дагига қараганда, анча катта маош таклиф қилди. Қолаверса, орада “Про” лицензиясига ўқиш ҳам бошланиб турганди. Кўп томонлама ўйладим. Бемалол кетсам бўларди. Боя айтдим, “Шўртан” билан хайрлашсам виждоним олдида қийналиб қолишим мумкин эди. Пушаймонлик ҳисси бўларди. Бу қароримдан афсусланмайман. Шу йўлни танладимми, бундан қайтмайман. Чунки бу биз учун синов эканми, охиригача борамиз.

аликулов1

“Футболчиларни кўриксиз олавердик”

- Йил тугаганидан кейин ҳаммасини ўйлаб кўраман. Албатта, бундай шароитда ишлаш оғир. Буни мураббийлар яхши тушунади. Футболчиларни сизнинг услубингизга тўғри келадигани эмас, балки таркибни тўлдириш учун олаётган бўлсангиз...Масалан, тайёр футболчи билан тайёр бўлмаган футболчини ўйнатиш орасида катта фарқ бор. Биз йигитларни ўйинларга тайёрлаймиз ва майдонда уларга умид кўзи билан қараб турамиз. Уларда маҳорат йўқлигини яхши тушунамиз. Лекин футболчиларимизда ҳали савия йўқ. Баъзи учрашувларда яхши ўйин кўрсатишади, бир хил беллашувларда таниб бўлмай қолади. “Нефтчи”, “Бухоро”, “Динамо” сингари клублар Суперлигадан ўйинчиларни таклиф қиляпти. Биз эса асосий таркибда 2003 йилда туғилган болаларни ўйнатяпмиз. Биз футболчиларни таклиф қилдик, аммо уларни кўриб, текшириб олмадик. Бирданига шартнома имзоладик. Тайёрлов йиғинлари ўтказилмади, ўртоқлик ўйинларида синаб кўрмадик. Масалан, уларнинг 90 фоизини билмасдик. Айрим ўйинчиларни олишда адашган бўлишимиз мумкин. Машғулот жараёнларимизда ҳам катта узилишлар бўляпти.

аликулов5

“Ўйинчиларни фақат қўрқмасдан ўйнашини тушунтирамиз, бизда бошқа вариант йўқ”

- Тайёргарлик пайтларида футболчиларга кўрсатмалар берамиз, нима қилишни ўргатамиз. Бироқ ўйинлар пайтида оддий элементар нарсаларни, масалан, тўп ошириш, тўпни қабул қилиш кабиларни уддасидан чиқмаганидан кейин мураббий сифатида футболчининг савияси ҳақида ўйлаб қоласиз. Мана шундай оддий усулларни бажара олмаслиги ҳам оғир ботади. Хоҳлайсизми-йўқми, мана шундай пайтларда қанийди, мени ҳам қўл остимда яхши савиядаги ўйинчилар бўлганида эди, деб ўйлаб қоласиз. Футболчи яхши ўйин кўрсатса, бу мураббийнинг юзи. Ўйинчи ёмон ўйнаса, аввало мураббий учун оғир ва у ҳақида бошқача фикрлар пайдо бўлади. Рақиб ким бўлишидан қатъий назар уларга руҳий томондан далда бериб, ҳеч кимдан кам эмассан, деган гаплар айтилади. Қўрқмасдан ўйнашини тайинлаймиз. Бошқа вариант йўқ, бизда. Уларда техник, жисмоний маҳорати йўқ. Футболчининг савияси пастлиги учун бошқалар билан кураша олмайди. Биргина руҳий томонлама жанговарлик асосида ўзини ўйинга тайёрлай олиши мумкин.

аликулов4

“Футболчиларимиз 12-13 кун давомида уйда бўлишди”

- Жамоа менежери вазиятни ўзгартириш учун доим ҳаракатда. Тўртинчи ойдирки, ҳали маош берилмаган. Лекин шу кунларда ҳеч бўлмаганда бир ойлик бўлса-да, маошлар тўланиши борасида ҳаракат бор. 10 сентябрда жамоа тўпланади. Ўйинчилар 12-13 кун давомида уйда бўлдилар. Чемпионатдаги жамоалар тўртталикка бўлинганидан кейин тақвим эълон қилинади. Шу боис энди кутамиз. Барибир икки йил давомида қийинчиликлар билан курашиб келаётган бўлсак ҳам ўзимга бўлган ишонч йўқолгани йўқ.

 

Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter)

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!
&
Ашуров Бахтийор
09/09/2021 05:07
Асрор яхши ва виждонлий мураббий.

Минбар

Барча блоглар