“Сўғдиёна”да ўзгаришлар катта

Сергей Лушан ёзги танаффус чоғида таркибда жиддий ўзгаришларга қўл уриши ва тайёргарликни янада кучайтириши олдиндан маълум эди. У ерда барча ишлар режа асосида давом этмоқда. Бир қатор легионерлар билан ҳам музокаралар олиб бориляпти. Масалан, яқинда жамоа ихтиёрига россиялик дарвозабон Илья Гаврилов таклиф қилинди. У мавсум бошида “Навбаҳор”нинг йиғинида ҳам қатнашганди.

Айтиш керакки, Гаврилов жиззахликлар сафини тарк этган дарвозабон Дилшод Ҳамроевнинг ўрнини эгаллаши кутилмоқда. Шунингдек, “Бунёдкор”дан Нуриддин Ҳасанов ва Шохжаҳон Ҳасанов ҳам жиззахликларнинг йиғинида синовдан ўтказилмоқда. Шу билан бирга қатор назорат учрашувлари ҳам ўтказилмоқда. Дастлаб “Қўқон-1912”га қарши ўйин ўтказилди ва унда 2:2 ҳисоби кузатилди.

“Сўғдиёна” таркиби: Ширинбой Абдуллаев, Тоҳир Шамсиддинов, Элёр Орипов, Сардор Қулматов, Руслан Мелзиддинов, Нуриддин Ҳасанов, Сардор Азимов, Шохжахон Ҳасанов, Муродхўжа Жабборов, Жавоҳир Соҳибов, Ихтиёр Тошпўлатов.

Захирадан майдонга тушганлар: Илья Гаврилов, Жалил Асани, Сирож Мелиев, Санжар Рашидов, Саҳоб Рашидов, Нурилло Тўхтасинов, Иззатилла Абдуллаев.

Мелзиддинов билан Абдуллаев ўз ҳисобига биттадан гол ёзиб қўйишди. “Сўғдиёна”нинг навбатдаги учрашуви Тошкентнинг “Оқ-тепа” жамоаси билан ўтказилди. Голларга бой тарзда ўтган учрашувда Лушан жамоаси 7:3 ҳисобида ғалаба қозонди. Санжар Рашидов билан Шохруз Норхонов дублга эришишган бўлса, Шохжаҳон Ҳасанов, Нурилло Тўхтасинов ва Саҳоб Рашидов биттадан гол уришди.
Айнан мазкур учрашув арафасида “Сўғдиёна” сафига яна икки нафар легионер қўшилди. Сербиянинг “Напредак” жамоаси шарафини ҳимоя қилган Милош Симонович ва жанубий кореялик ҳужумчи Ким Донг Хи Сергей Лушан ихтиёрида бўлиб туришибди. Кореялик футболчи 29 ёшда бўлиб, у бунгача “Соннам” клубида тўп сурган. Ушбу футболчиларнинг “Нурафшон”га қарши ўртоқлик учрашувида майдонга тушиши кутилганди. Аммо мураббийлар уларга дам беришди.

“Сўғдиёна” сафида майдонга тушганлар: Ширинбой Абдуллаев, Элёр Орипов, Сардор Қулматов, Тоҳир Шамсиддинов, Сирож Мелиев, Нурилло Тўхтасинов, Сардор Азимов, Шохжаҳон Ҳасанов, Иззатилла Абдуллаев, Ихтиёр Тошпўлатов, Шохруз Норхонов.

Захирадан майдонга тушганлар: Илья Гаврилов, Руслан Мелзиддинов, Муродхўжа Жабборов, Шуҳрат Суярқулов, Саҳоб Рашидов. 3:0 ҳисобида “Сўғдиёна”нинг ғалабаси билан тугаган ўйинда Тўхтасинов, Норхонов ва Жабборов гол уришди. Кеча “Нефтчи”га назорат учрашувини ўтказишди.

Дарвоқе, “Сўғдиёна” клуби яна бир легионер – япониялик 32 ёшли ҳужумчи Ацуи Ёнедзава билан ҳам музокара олиб бормоқда. Маълумки, легионерлар лимитида +1 ўрин осиёлик футболчига ажратилган. Лушан эса бу ўринга кореялик ёки япониялик футболчини танлаб олмоқчи.

Шуҳратбек Жўраев.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!