Суперлигада 18-тур ўйинлари бошланди. "Пахтакор" - "Навбаҳор" ва бошқа учрашувлар ҳақида

Бугундан Суперлигада 17-тур баҳслари старт олади. Учрашувлардан аввал жамоаларнинг имкониятлари борасида сўз юритамиз.  

"Қўқон 1912" - "Машъал"
Бугундан Суперлигамизда 18-тур баҳсларига старт берилади. Ушбу турни "Қўқон-1912"- "Машъал" учрашуви очиб беради. Турнир жадвали марказидан ўрин олган ҳар икки клуб ўтган турда мағлубият аламини тотиб кўргани ва меҳмонларнинг турнир жадвалидаги аҳволи ҳавас қиларли даражада эмаслиги, уч очко учун жиддий кураш бўлишидан далолат. Умид қиламизки, бу сафарги учрашув биринчи даврадаги каби кўплаб баҳс мунозарали ҳолатлардан ҳоли бўлади.

"Aндижон" - "Металлург"
Жадвалнинг сўнгги поғонасини банд этиб турган "Aндижон" "Бобур Aрена"да "Металлург"га қарши майдонга чиқади. Про лигага тушиб кетишга асосий давогар бўлиб турган водийликлар 17-турда Муборакдан уч очко билан қайтишга муваффақ бўлди. Бекободликлар эса амалдаги чемпион "Пахтакор"дан 0:3 ҳисобидаги мағлубиятни қабул қилиб олди. Икки клуб ҳам жадвалнинг қуйи қисмида эканлигидан келиб чиқиб кўпчилик учун оддий бўлиб кўринган бу ўйин якунда ҳаёт-мамот масаласини ҳал қилиб қўйиши мумкин. Шундай экан эътибордан қочирманг.

"Пахтакор" - "Навбаҳор"
Суперлигада бу мавсум мағлубият нима эканлигини билмай келаётган "Пахтакор" ўзи учун ноқулай рақиб ҳисобланмиш "Навбаҳор"га қарши саф тортади. "Лочинлар" олдинги йилларга қараганда бироз кучсизланган бўлишига қарамасдан етакчи клубларга қарши алоҳида тайёргарлик кўришини AГМК билан баҳсда ҳам яна бир бор намойиш етди. "Шерлар"нинг мақсади эса мағлубиятсиз сериани давом эттириш экани аниқ. Натижа қандай бўлишидан қатъий назар бизни 90 дақиқа принципиал рақобат кутиб тургани шубҳасиз.

AГМК- "Турон"
Медаллар учун кураш олиб бораётган AГМК мусобақа дебютанти "Турон"ни меҳмон қилади. Ҳар бир йўқотилган очко олмалиқликларни иккинчи поғонадан узоқлаштиргани боис ғалабадан бошқа натижа уларни қониқтирмайди. Ўз навбатида олдига катта мақсадлар қўйиб Суперлигага чиққан "Турон"ни "Локоматив" ва "Насаф"га қарши кечган оғир ўйинлардан кейин яна бир жиддий синов кутиб турибди. Кўрамиз Игорь Шквирин собиқ жамоасига қандай совғалар тайёрлаб қўйган экан.

"Локоматив" - "Сурхон"
Мавсум бошида жиддий ўзгаришларга қўл урган "Локоматив" секин-аста ўз ўйинини топиб бормоқда. Испаниялик мутахассис балки ўзига билдирилган ишончни келаси мавсумларда тўлиғича оқлар, ҳозирча унинг жамоаси 8-ўринда бормоқда. Уларнинг бу турдаги рақиби "Сурхон"да эса вазият унданда оғирроқ. Сурхондарёлик футболчилар 17-турдан кейин 14 очко жамғаришга эришган холос. Ҳозир уларга рақибнинг ким эканлиги қайси шаҳар жамоаси эканлиги қизиқ эмас уларга кераги фақат ғалаба.

"Сўғдиёна" - " Бунёдкор"
Улуғбек Бақоев бошчилигида рақобатбардош жамоага айланган "Сўғдиёна" айни пайтда мусоқаба жадвалида иккинчи бўлиб турибди. Ниҳоят, жиззахликларнинг меҳнати мева беришни бошлагандек аммо, 18-турдаги рақиб ҳам анойи эмас, "Бунёдкор". "Қалдирғочлар" AГМКни изма-из тақиб етиб келмоқда. Тошкентда кечган баҳсда ғолиб аниқланмагани ҳам клублар тенг кучга эга эканликларидан далолат беради. Шубҳасиз бу учрашув турнинг марказий баҳси ҳисобланади. Кўринг кетган вақтингизга ачинмайсиз.

"Насаф" - "Қизилқум"
Жадвалда ёнма-ён бораётган "Насаф" ва "Қизилқум" 18-турда Қаршидаги "Марказий" стадионда ўзаро тўқнаш келади. Ном жиҳатидан мезбонлар бироз устунроқ кўринса-да, навоийликларнинг бу йилги ўйинлари ҳам таҳсинга лойиқ. Рўзиқул Бердиев доимгидек академиядан етишиб чиққан ёшлардан ажойиб таркиб туза олган бўлса, меҳмонларда Элгужа Григалашвили ва Мате Вацадзе каби сифатли легионерлар бор. Улар жамоанинг яхши натижаларга эришишига катта ҳисса қўшмоқда. Умуман олганда, "Насаф"нинг кучига шубҳа йўқ, аммо бу ўйиндан кейин биз "Қизилқум"нинг имкониятларига қай даражада эканлигига ойдинлик киритиб олишимиз мумкин бўлади.

 

Маъруф ТОШБЕКОВ

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!