Суперлиганинг ўтган тур учрашувлари таҳлили бўйича ҳакамлар учун семинар ташкил этилди

Ўзбекистон футбол ассоциацияси томонидан мамлакатимизда ҳакамлик соҳасини ривожлантириш, футбол ҳакамларининг малака ва салоҳиятини ошириш, ҳалоллик ҳамда шаффофликни таъминлашга қаратилган қатор тизимли ишлар амалга ошириб келинмоқда.

Жумладан, ушбу мавсум давомида Ўзбекистон Суперлигаси ва Про-лигада тур ўйинлари якунлангач, ЎФА ҳакамлар ва назоратчилар бошқармаси томонидан махсус семинар ташкил этилиб, йўл қўйилган хато ва камчиликлар таҳлил қилинмоқда.

хакамлар

Ўзбекистон футбол ассоциацияси мажлислар залида Суперлига ўтган тур учрашувлари якунларига бағишланган семинар ташкил қилинди. Унда ЎФА биринчи вице-президенти Равшан Эрматов, ФИФА инструкторлари, ҳакамлар ва назоратчилар иштирок этишди.

Семинар давомида ҳакам ва инспекторлар ўтган турлардаги ҳакамларнинг хатти-ҳаракатлари видеоматериаллар асосида таҳлил қилдилар. Йўл қўйилган баъзи хатолар кўрсатиб ўтилди, камчиликларни қандай бартараф этиш, кейинги ўйинларда бу хатоларни такрорламаслик учун нималарга аҳамият қаратиш зарурлиги бўйича кўрсатмалар берилди.

хакамлар2

Ҳар бир соҳада бўлганидек, ҳакамликда ҳам бугунги куннинг талаби – ишга масъулият ва профессионаллик билан ёндашиш, замонавий билимларни эгаллашда шижоатли бўлиш эканлиги таъкидланди.

Шунингдек, семинар давомида ҳакамликнинг барча жабҳаларини ўз ичига олган амалий машғулотлар ўтказилди. Унда ўйиндан ташқари ҳолат, жарима майдони ичидаги қоида бузилишлари, тўқнашувлардан сўнг қабул қилинадиган қарорлар, тўпни қўл билан ўйнаш ва ўйинда рўй берадиган яна кўплаб ҳолатлар бўйича ишланди.

Бу каби семинарлар ва амалий машқлар мавсум давомида ўтказиб борилади.

ЎФА матбуот хизмати.

Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter)