Таэквондочиларимиздан яна бир тарихий натижа: “Beirut Open”да биринчи бўлдик

Ливан пойтахти Байрут шаҳрида таэквондо бўйича Осиё чемпионатидан сўнг “Beirut Open” халқаро турнири бўлиб ўтди. Унда даянга чиққан таэквондочиларимиз жамоамиз ғазнасини 10 та медаль билан бойитишди.

Куни кеча Осиё чемпионлигини қўлга киритган Чарос Қаюмова (-53 кг) ва Феруза Содиқова (-62 кг), шунингдек, Мадинабону Маннопова (-49 кг), Озода Собиржонова (-57 кг) ва Никита Рафалович (-80 кг) Байрут очиқ чемпионатида ҳам шоҳсупанинг энг юқори поғонасига кўтарилишди. Жасур Жайсунов (-74 кг) ва Шоҳсанам Аъзамова (-46 кг) кумуш медалга сазовор бўлган бўлсалар, Шоҳруҳ Ражабов (+80 кг), Гулсанам Алижонова (-67 кг) ва Сардор Тоиров (-68 кг) бронза медали билан тақдирланишди.

Қувонарлиси, 5 та олтин, 2 та кумуш ва 3 та бронза медали билан мусобақани умумжамоа ҳисобида биринчи ўринда якунладик. Эслатиб ўтамиз, бундан аввал ўтказилган Осиё чемпионатида 3 та олтин, 1 та кумуш ва 6 та бронза медаллари билан жамоамиз тарихидаги энг яхши натижани қайд этган эди. Делегациямиз 21 июндан 22 июнга ўтар кечаси 01:00 да Тошкентга қайтиб келади.

Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter)

Минбар

Барча блоглар