Терма жамоамиз ҳақида Литвадагилар фикри!

Ўзбекистон терма жамоаси тарихда илк бор футзал бўйича Жаҳон чемпионати плей-оффига чиқди. Терма жамоамиз билан Литвада бўлиб турган ЎФА матбуот хизмати раҳбари Даврон Файзиев ўз "Телеграм" канали орқали Терма жамоамиз ҳақида Литвадагилар фикри ҳақида ёзди:

"Жаҳон чемпионати тадбирларида FIFA вакиллари, маҳаллий мутахассислар ва мухлислар билан фикр алмашиб турибмиз. Ўзбекистоннинг иштирокини четдан қараганда улар қандай баҳолашяпти?

Биринчидан, энг драматик ўйинлар жамоаси, дейишмоқда. Ўзбекистоннинг гуруҳдаги уччала учрашуви сўнгги секундларгача интригани ушлаб турди. Гватемала билан тўлиқ устунлик, босим, 1:4 дан 4:4 га камбэк, аммо сўнгги лаҳзаларда гол ўтказиш. Драма. Кўз ёшлар. Фаворит Россия билан 0:2 дан 2:2 қилиш ва яна охирида ташаббусни қўлдан чиқариш. Россиялик мураббийлар жамоамизни олқишлагани. Ва ниҳоят, 3-турда Миср билан оғир баҳсда 2:1 ҳисобидаги ғалаба! Бу сафар қувонч кўз ёши.

Иккинчидан, супер голлар жамоаси. Россия дарвозасига Даврон Чориев, Миср дарвозасига Ҳусниддин Нишонов, айниқса, Анасхон Раҳматов ижросидаги ҳал қилувчи фантастик гол Жаҳон чемпионати хайлайтсларидан ўрин олди.

Учинчи ҳолат эса, ўзбек мухлислари. Улар ҳар ўйинда жамоа билан бирга. Узоқ яқиндан "Вильнюс арена"га келиб, тинмай қўллаб-қувватлаб туришибди. Мезбон Литвадан кейин зал тўлиши ва перфоманс бўйича айнан Ўзбекистон етакчи ўринларда.

Давомий бўлсин!"

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!