Терма жамоамиз собиқ сардори бутсаларни михга илдими? Одил Аҳмедов билан катта интервью

Ўзбекистон МТЖда узоқ йиллар самарали фаолият олиб борган Одил Аҳмедов яқиндагина "Офсайд" кўрсатувида меҳмон бўлди. Қизғин ўтган суҳбат давомида Аҳмедов терма жамоа, Бабаян ва Абрамов ҳақидаги мухлисларни қизиқтирган кўплаб саволларга жавоб бериб ўтди.

Ҳозир 34 ёшдасиз. Айтингчи, фаолиятингизни давом эттириш борасида қандай режаларингиз бор?

- Очиғи, Хитой клуби билан ўртада яна бир йиллик шартномамиз бор. Чин юртида пандемия сабабли футбол жуда катта молиявий қийинчиликларга дуч келди. Айрим клублар ҳатто ёпилиб ҳам кетди. Ҳозирги жамоам менга бир неча ойдан бери маош тўламаяпти. Янги йилдан сўнг, фаолиятимни давом эттириш борасида якуний қарорга келаман. Ҳозир бирор нарса дейишим мушкул. Тўғри, маҳаллий клубларда тўп суриш варианти йўқ эмас. Шу ёшда ҳам бемалол Суперлиганинг исталган вакили сафида тўп суришга жисмонан ва руҳан кучим етади, бироқ ҳамма нарсанинг ўз вақти бор. Барчасини ўйлаб кўриб, фаолиятимни Ўзбекистонда давом эттиришим тўғри келмайди, деб ўйлаб қолдим. Чиройли кетишни ҳам билиш керак. Янги йилда бошқа клубда фаолиятимни бошларман, балки бутсаларимни михга иларман. Олдиндан бирор нарса дегим йўқ!

4 та ЖЧ саралашида тўп сургансиз, аммо мундиалда ўйнай олмадингиз. Шу кунга қадар терма жамоани мундиалга олиб чиқиш учун энг кўп меҳнат қилган мураббий сифатида кимни кўрсатасиз?

- Кимнидир алоҳида кўрсатиш адолатдан бўлмайди. Сабаби, Бабаян ва Қосимов даврларида мақсадга жуда яқин келганмиз. Самвел ака даврида Жанубий Кореяни енга олмагандик. Миржалол ака билан Қатарга яна 2 та гол урганимизда олам Гулистон эди. Шу боис, ҳар бир мураббийнинг қилган меҳнатини қадрлаш керак, деб ҳисоблайман.

photo_2020-11-25_23-47-41

Нима деб ўйлайсиз, Бабаянга бўлган халқимиздаги негатив фикрлар нега ҳали-ҳамон ўз кучини йўқотгани йўқ?

- Тўғриси, бунга Бабаяннинг таркибга Лобанов ва Сергеевни чақиргани асосий сабаб. Тан олиш лозим, ўша даврларда терма жамоанинг биринчи рақамли посбони Игнатий Нестеров эди. У тажриба ва реакция бобида кучлироқ, аммо якуний сўзни бош мураббий айтади. Шу омил сабабли, якунда Лобанов биринчи рақамга айланди. Игорь борасида бироз бошқача вазият. У кучли ҳужумчи, аммо руҳий босимни енгиб ўта олмади. Футболчи бир ё икки ўйинда омадсизликка учраса, учинчи баҳсда ўзига бўлган ишончини йўқотиб қўяди. Сергеев машғулотларда барчадан кучли эканлигини исботлар, аммо ўйинга чиққанда ўзини йўқотиб қўярди. Очиғи, ўша даврларда ҳозиргидек асосий таркибда бир нечта ҳужумчи бўлмаган. Форвардлар бўлган, аммо барчаси ўрта даражадан баланд эмасди. Натижада, Бабаян мажбуран Игордан фойдаланган. Балки, шу йўсинда унинг янги қирраларини кашф этмоқчи бўлгандир, лекин Игорни ҳеч қачон кейин қимматроққа сотиш мақсадида терма жамоага чақирмагани аниқ. Агар биз ЖЧга чиққанимизда, Бабаян энг яхши одам, Сергеев энг зўр футболчига айланган бўларди.

Бундан чиқди, футболчиларимиз бўш стадионда яхшироқ тўп сурар экан-да?

- Балки шунақадир. Сабаби, бизнинг футболчилар кучли босимни енгиб ўтишга қодир асабга эга эмас. Шундай вазиятлар бўлади-ки, улар "термага чақирмаса эди", "ишқилиб асосий таркибда майдонга тушмай", - деб ўйлаб қолади. Нега Жалолиддин Машарипов хорижда бемалол ўйнаб кетди? Чунки у таваккал қилишдан, мухлисларнинг ҳуштагидан қўрқмайди. Аслида, шундай бўлиши лозим. Бизда эса, хато қилишдан қўрққан футболчилар тўпни дарров бошқа шеригига узатиб юборади. Ҳеч ким ўйинни ўз қўлига олишни истамайди. Агар европалик ёки жанубий америкаликлар сингари руҳан кучли бўлганимизда, натижаларимиз бундан яхшироқ бўлган бўларди.

5381573742308

Нега терма жамаомиз руҳшунослари бу муаммо билан ишламайди?

- Бизда сўнгги 10 йил ичида психолог ишламаган. 2007 йилда шу масала борасида иш олиб боришган, аммо кейинчалик барча вазифа бош мураббий зиммасига тушди. Тўғри, бу унинг асосий вазифаларидан бири, бироқ у барча футболчи билан бирма-бир суҳбат қуришга улгурмайди. Руҳий далда бериш ўйин олдидан умумий тарзда бўлади.

"Футбол ўйнашимиз керак ёки бундай футболни йиғиштириб қўйишимиз лозим!" Бу аламли мағлубият ҳақидаги интервью жуда машҳур бўлган эди?!

- Хитойга бир нечта рейслар билан учиб борганмиз. Майдонга чиққач, жуда кўплаб вазиятлардан фойдалана олмадик. Ўйиндан кейин жаҳл устида кийиниш хонасида йигитларни тергамоқчи эдим. Аламли мағлубият сабабли ҳиссиётларимни интервьюда жиловлай олмадим. Бу сўзларнинг давомини кийиниш хонасида давом эттирганман. Жаҳон чемпионатига чиқадиган терма жамоа яримта имкониятдан ҳам фойдаланиши кераклигини айтганман.

photo_2021-12-14_14-36-12

Терма жамоанинг кўплаб футболчилари ўз клубларида катта маош эвазига тўп суради. Жароҳат олса, яхшигина даромаддан қуруқ қолиши мумкин. Шу фактор термамизнинг натижаларига таъсир қилган бўлиши мумкинми?

- Агар гап мен ҳақимда кетса, бу умуман ҳақиқатга яқин бўлмаган фикр. Сабаби, сиз терма жамоага келганингизда клуб билан шартномангизда кўрсатилган маошни оласиз. Жароҳат олсангиз ҳам, захирада ўтирсангиз ҳам. Шунақа вазият бўлган. Биз уйда Хитой ва Эронга қарши ўйнашимиз керак эди. "Краснодар"дан жароҳат билан келганман. Россия клуби шифокорлари менга жароҳат билан майдонга чиқишни тақиқлаган. Ҳатто, жаримага тортишларини айтиб, огоҳлантиришган. Керак бўлса, шартномангни ҳам бекор қилишимиз мумкин, дейишган. Шунга қарамай, эртаси куни майдонга чиққанман. Мен учун МТЖни манфаати ҳамма нарсадан устун. Айнан шу жамоа сабабли биз легионерга айланганмиз ва катта маошлар оламиз. Ватан жамоасидан ҳеч нарса устун эмас. Агар бор кучингиз билан ҳаракат қилмасангиз, Яратган томонидан ҳам сизга жазо келади. Ўйлашимча, фақат мен эмас, бошқа футболчилар ҳам шундай фикрда. Клуб ва терма жамоада тўп суриш бошқа-бошқа нарса.

Саудия Арабистони билан сўнгги баҳсда ўзингиз ҳимояда тўп суришни сўраганмисиз? Бу барчага қизиқ бўлган савол.

- Терма жамоага келишимдан аввал қовурғамни синдириб олган эдим. Жароҳатим бўлишига қарамай, икки ўйинда иштирок этдим. Вадим Абрамовни олдига бордим ва оғриқ борлиги учун икки тайм 100 фоиз куч билан ҳаракат қила олмаслигимни айтдим. Жисмоний ҳолатим бунга тайёр эмас эди. Узоғи билан 20-30 дақиқага кучим етишини маълум қилдим. У мени иккинчи бўлимда майдонга туширишини айтди. Ўйин куни эса, ҳимояда тўп суришга кўрсатма берди. Бундай вазиятда қаршилик қилишнинг имкони йўқ. Ҳимояда тўп сурмайман, десангиз, якунда яна мен айбдор бўлиб қолардим. Балки, 2011 йилни таржибасига суянгандир. Мен мураббийнинг танловига зид фикр билдирмаганман. Формам аъло даражада бўлган пайтлари ҳам Вадим Абрамовга бошқа позицияда тўп сурмайман, демаганман.

Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter)

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!
Bobur Lutfullayev
15/12/2021 11:05
INTERVYUNI KÒCHIRIB MUALLIFNI NOMINI YOZMAGAN. UYALISH KERAK SPORTS.UZ

Минбар

Барча блоглар