Осиё мамлакатларида ўйнаб юрган легионерларимизни биласиз. Айниқса, ўзини кўрсатиб, мухлислар меҳрини қозонаётганларини алоҳида эътироф этсак арзийди. Аммо четда тўп сураётган ҳамюртларимизнинг барчаси ҳақида маълумотларга эгамисиз?

Анчадан бери Индонезияда фаолият кўрсатиб келаётган ўзбекистонлик футболчи Жавлон Гусейновни мухлислар яхши билишади. У ҳозирда “Борнео” клубида тўп суряпти ва жамоа сардори эканлигини алоҳида айтиш ўринли. Гусейнов нафақат клубида, балки чемпионатдаги энг яхши ҳимоячилардан бири сифатида тилга олиняпти. Маҳаллий ишқибозлар эса Жавлонни жуда яхши кўришади. Яъни, ўзбекистонлик ўйинчининг Индонезиядаги фаолияти қониқарли даражада.

- Ҳозирда Индонезиядаги фаолиятингиз қандай кечяпти? Ўзингизга ёқяптими?

- Ҳалигача “Борнео” клубидаман. У ерда тўп сураётганимга уч йил бўляпти. 2019 йилда бу ерга келганимда бир йиллик шартнома имзолагандим. 2020 йилда ҳам битимни узайтиргандик. Кейин пандемия сабабли чемпионат тўхтатиб қўйилганди. Анча вақт чўзилиб турди. Шунда раҳбарият мен билан яна икки йиллик шартнома имзолади. Худо хоҳласа, энди “Борнео” билан 2023 йилнинг март ойигача битим тузганмиз. Раҳбарият ишонч билдириб, кўп муддатли шартнома таклиф қилганида мен рози бўлдим. Чунки бу клубда ҳамма нарса мени қониқтиряпти. Молиявий томонлама ва яна бошқа жиҳатдан ҳам барча шароитларни яратиб беришмоқда.

гусейнов2

Чемпионат сентябрь ойида бошланди. Ўйинлар марказлашган ҳолда ўтказиляпти. Билсангиз, Индонезия ороллардан ташкил топган. Чемпионат ўйинлари “Ява” оролида бўлиб ўтяпти. Жамоамизга бошида қийин бўлди. Негаки, 2-турдан кейин бош мураббий алмашди. Мураббий ўз хоҳиши билан кетди. Унинг нимага кетганини биз ҳам, раҳбарият ҳам тушунмай қолдик. Нега деганда, биринчи турда ғалаба қозонгандик. Тўғри, иккинчи турда мағлубиятга учрадик. Барибир жамоамизнинг ғалаба қозониши ва ўзига келиши бироз қийин бўлиб қолди. Шу билан 3-4 та ўйинда очколарни йиғишимиз қийин бўлиб, бироз пастки ўринларда қолиб кетдик. Индонезия чемпионатида 18 та жамоа қатнашади. Биз 10-ўриндан пастроқда юрдик. Охирги олтита учрашувдан учтасини ютдик, учтасида ютқаздик. Пешқадамларга қарши баҳсларда мағлуб бўлдик. Аммо ўйин томонлама ютқазмаяпмиз. Фақат ҳисоб бўйича ютқазяпмиз.  Сўнгги иккита беллашувда 1:0 ҳисобларида ютиб, 9-ўринга чиқиб олдик.

- Ҳар бир футболчининг мақсади бўлади. Айниқса, легионерларни. Тўғри, четда тўп сураётган футболчилар учун молиявий шароитнинг барқарорлиги муҳим омил. Сиз учун легионер сифатида тўп суришнинг асосий мақсади нима? Моддий жиҳатдан имкониятларингизни яхшилашми ёки совринларга эга чиқишми?

- Боя айтганимдек, моддий томонлама қониқтиргани учун шу ерда ўйнаяпман, уч йилдан бери. Бу йил жамоамиз олдига чемпионлик мақсади қўйилган. Албатта, мақсадга эришиш учун жамоа билан ҳаракат қиляпмиз. Ҳали олдинда 23 та учрашув бор.

гусейнов3

- Бундан ташқари, сизга таклифлар борлиги ҳақида ҳам эшитгадим. Ўтган вақт мобайнида хизматингизга қандай қизиқишлар бўлди?

- Ўтган йили таклифлар бўлди. 2019 йили мавсум якунларига кўра, йилнинг рамзий терма жамоасига киргандим. Айнан шундан сўнг менга қизиқишлар бўлди. Айниқса, Индонезиянинг кучли, маблағи кўпроқ жамоалардан таклифлар келиб тушди. Лекин “Борнео” раҳбарияти билан муносабатим яхши бўлгани ва менга икки йиллик шартнома таклиф қилишгани учун бу ерда қолишга рози бўлдим. Бундан ҳеч ҳам афсусланмайман. Ҳаммаси яхши. Ҳозирча эса таклиф йўқ. Барча агентлар ва Индонезиядаги клублар мени клубим билан икки йиллик шартномам борлигини биладилар. Шартнома бўйича бошқа клуб билан гаплашиш мумкин эмас. Четда футболчини трансфер қилишдан олдин “трансфермаркет”даги маълумотларига қаралади. Чунки у ерда футболчининг шартнома муддатлари кўрсатилган.

гусейнов1

- “Борнео”да жамоа сардорисиз ва у ерда легионер сифатида ўзингизи кўрсатиб келяпсиз. Терма жамоамиз мураббийлари мени ҳам кузатишяпти, билишади, деб ўйлайсизми? Бош жамоамизда тўп суриш имконсизми?

- Менимча, бунинг иложиси бўлмаса керак. Биринчидан, бундан мураббийнинг хабари йўқ. Иккинчидан, Индонезия, Малайзия ёки Сардор Мирзаев ўйнаётган Таиланд чемпионати ўзимизни сайтларда унчалик ёритилмайди. Масалан, у ердаги чемпионатларга паст назар билан қарашади. Лекин бу ерга келиб ўйнаб юрган футболчилардан сўрасангиз, шароитлар ва ўзимизни чемпионат билан фарқини айтади. Ташқарига чиқиб кўрмагунча фарқини билмайсан, деб бежизга айтишмайди. Бундан ташқари, ёшим ҳам 30 га чиқиб қолди. Мураббий 2026 йилга тайёрлаш учун ёшларни кўздан кечиряпти.

гусейнов4  

- Ўзбекистон чемпионатига қачон қайтмоқчисиз?

- Худо насиб қилган бўлса, яна Ўзбекистон чемпионатида тўп сураман албатта. Аммо буни вақт кўрсатади. Ҳозирча барча фикрим “Борнео” билан боғлиқ. Индонезияда мухлислик борасида Жанубий-Шарқий Осиёда биринчи рақамли бўлса керак. Пандемиядан олдин ҳар бир ўйинга 20-30 атрофида томошабинлар тўпланарди. Жакартанинг “Персипура” жамоаси ўйинига эса 50-60 минг мухлис киради. Ишқибозлар томонидан эътибор катта. Бошқа шаҳардаги мухлислар ҳам бизни танийди. Чунки бу ерда футбол журналистлар томонидан ҳамда ижтимоий тармоқлар орқали жуда кўп ёритилади. Мухлисларнинг эътибори жуда юқори. Стадиондаги қайноқ муҳитда ўзингизни юлдуздек ҳис қиласиз.

 

Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter)

Минбар

Барча блоглар