Тимур Кападзе Осиё кубоги саралашидан олдин ўз фикрларини билдириб ўтди

Хабарингиз бор, жорий йилнинг 27 октябридан 2 ноябрига қадар юртимизда U-23 Осиё кубоги саралаш босқичи “Д” гуруҳидан ўрин олган ўйинлар бўлиб ўтади.

Бугун “Пахтакор” стадиони анжуманлар залида саралаш баҳслари олдидан жамоалар мураббийи ва футболчилар иштирокида расмий матбуот анжумани ўтказилди. Унда Ўзбекистон ёшлар терма жамоаси бош мураббийи Тимур Кападзе ўз фикрларини билдириб ўтди.

"Ушбу босқич биз учун тайёргарлик вазифасини ўтаб беради. Айниқса, баҳслар Ўзбекистонда ўтказилиши биз учун қулай бўлди. Ўйлайманки, олдимизда турган ўйинлар халқаро тажриба тақдим этиб, ўзимиз учун ҳолатимизни, даражамизни аниқлаб олишимизга хизмат қилади.

“Насаф” клубининг финалга чиққани бизга ҳеч қандай таъсир қилгани йўқ. Тўғри, Ҳусайн Норчаев ушбу йиғинга жалб қилинмади, бироқ бу бошқа футболчиларга ўзларини кўрсатиши учун имкон яратади. Умуман олганда, бундай мусобақалардан ҳамма учун тажриба олади.

Ёш жамоа билан мусобақада иштирок этиш катта муаммо эмас, чунки биз ўз олдимизга катта мақсадлар қўйганмиз ва улар йўлида тўғри ҳаракат қилмоқдамиз, деб ўйлайман. Бизда танлов катта, иқтидорли ёшларимиз кўп. Жалб қилинган 23 нафар футболчимиз ушбу 3 та ўйинда ўзларини кўрсатишларига ишонаман.

Шунингдек, барча жамоаларга омад тилайман", - деди Кападзе.

Эслатиб ўтамиз, ушбу гуруҳда Ўзбекистондан ташқари Саудия Арабистони ва Бангладеш терма жамоалари ҳам жой олган.

Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter)