"Тотализатор"га алоқаси борми, терма жамоа ўйини сотилганмиди, намоз ўқишга ҳамон қаршими - Вадим Абрамов SPORTS.uz'га катта интервью берди
Ўзбекистон миллий терма жамоаси собиқ бош мураббийи Вадим Абрамов SPORTS.uz сайти "YouTube" саҳифасидаги "Гапираман" лойиҳаси меҳмони бўлди. Мутахассис интервью давомида мухлисларни қизиқтирган кўплаб саволларга жавоб бериб ўтди.
Кўп жойларда "тотализатор" сўзи билан бирга сизни исмингиз бир қаторда келади. Вақтида "Абрамов тотализаторга аралашган", - деган фикрлар ҳам йўқ эмас. Бунга нима дейсиз?
- Нима дейиш мумкин, бу масала бўйича мен бир неча марта гапирганман. Агар мени "тотализатор ўйнаган", - деб айтишаётган бўлса, мен бошқарган терма жамоамиз натижаларига қарасин. Биз одатда кўпроқ ғалаба қозонар эдик. Агар мен тотализаторга аралашган бўлганимда, ҳаммадан кўпроқ ютқазган бўлардик. Яна нима дейишим мумкин? Тўғриси, бу шундай саволки, унга ҳатто жавоб бериш кулгили. Ўзбекистонда ҳамма бир-бирини яхши билади. Ким тотализатор ёки бошқа ўйинлар билан шуғулланиши ҳеч кимга сир эмас.
2012 йилда терма жамоамизнинг БААга қарши ўйини мухлислар ва мутахассислар фикрича, сотиб юборилган. Бунга қандай муносабат билдирасиз?
- Мухлислар-ку майли, бу ҳақида гапираётган мутахассисларни тушуниш қийин. Агар исботи бўлса, марҳамат, шундай кўрсатувга келиб, "ҳа, бу ўйин сотилган", деб айтиши керак. Менимча, ҳамма бош мураббий бўлишни хоҳлайди. Жамоалар сони эса бор-йўғи 14та. Мутахассислар эса жуда кўп ва улар бу иш билан шуғулланишни истайди. Бу рақобат худди бош ролни ўйнамоқчи бўлган актёрларни эслатади. Ўйлашимча, шунинг учун футболни санъат билан боғлиқ, деб ҳисоблашади. Мураббийлик ролига даъвогар одамлар шундай гаплар тарқатса, оддий одамлар бунга ишонишади.
Биринчидан, ўйин сотиб олинганда, уни сотиб олган одам ҳар доим бу ҳақда айтади. Амирликлар унчалик узоқда эмас ва шу вақт ичида сотиб олган одам аллақачон бу ҳақда овоза қиларди. Кулгили, эҳтимол, БАА буни эшитиб, ҳаммадан кўпроқ кулса керак.
Интервьюлардан бирида сиз ўйинчиларнинг намоз ўқишини гапириб, кўплаб танқидларни юзага келтирдингиз. Орадан анча вақт ўтди, ҳали ҳам шу фикрдамисиз?
- Намоз ҳақида гапирган гапимни матндан юлиб олишган. Менга "Одамларнинг намоз ўқишига муносабатингиз қандай?", деб савол беришган эди. Мен диндан узоқлигим ва буни муҳокама қила олмаслигимни айтганман. Аллоҳга, динга ишонадиган одам, самимий ва пок бўлиши керак. Агар одам ҳақиқатдан ҳам покдил бўлса ва намоз ўқиш учун масжидга борса, бу яхши. Масала бошқа нарсада эди: "Фаолиятда бўлган футболчининг намоз ўқиши ва куннинг маълум вақтида сув ичмай, овқат емай юришига қаршилик кўрсатмайсизми?", - деган савол бўлган. Ўзингиз нима деб ўйлайсиз, мен шифокор эмасман, лекин биз Саудия Арабистони ёки Тошкентда жазирамада ўйнаётган бўлсак, кун бўйи сув ичмасдан футбол ўйнашга чиқиб бўладими? Ўйлашимча, агар сиз футбол ўйнаб, сув ичмасангиз ногирон бўлиб қолишингиз мумкин. Бундан ҳам баттари, сиз футбол майдонида жон беришингиз мумкин. Чунки тиббиёт нуқтаи назаридан сув бўлмаганда қон қуюқлашади, инсон организми эса асосан сувдан ташкил топади.
Сиз "сув ичмасдан футбол ўйнаш қийин", - дедингиз. Лекин менимча, ўша пайтда Саудия Арабистони футболчилари рўза тутишган эди.
Мен уларнинг рўза тутган ёки тутмаганини билмайман. Пахтакордаги ўйин олдидан йигитлар зинанинг тагида намоз ўқишди. Бу пайтда арабларнинг ҳаммаси пастга тушаётган эди. Биз ўгирилиб қарасак, уларнинг барчаси кулаётганди. Мен фақат бир нарсани тушуна олмадим: намозни ҳамма ҳар хил вақтда ўқийдими? Бизникилар намоз ўқиётганларида улар кийиниш хонасига боришаётганди. Бизда намоз пайти бўлса, улар ҳам ўқиши керак эмасми? Шунинг учун айтдим, мен бу мавзудан узоқман. Агар одамга бу халал бермаса, менга унинг нима қилаётгани аҳамиятсиз. Агар футболчи майдонга чиқиб, ўз ишини яхши бажарса, нимани тўғри деб билса, шуни қилсин.
Сиз ҳозир ишсизсиз. "Sports.uz"га берган ёзма интервьюда сиз ўзингизни ҳеч кимга таклиф қилмаётганингизни айтгансиз. Қанча вақт кутмоқчисиз? Ёки сиз фаолиятингизни якунладингизми?
- Буни ҳозир ҳам айтаман. Мен ўзимни таклиф қилиб юрмоқчи эмасман. Бизда бундай қилинмайди. Эҳтимол, баъзилар шундай қилар, билмадим. Қанча кутишимни вақт кўрсатади. "Мураббийлик фаолиятимни тугатдим", - деб эълон қилганим йўқ-ку, агар ҳеч кимга керак бўлмасам, у ўз-ўзидан тугайди. Шунинг учун бу савол менга эмас.
Ўйинчиларимизнинг легионер бўлиши жуда қийин, мураббийларимизга эса ундан ҳам қийинроқ. Хориж чемпионатларида қатнашиш учун мураббийларимизга нима етишмайди?
- Ўйинчиларимиз легионер бўлиши қийинлигининг сабаби оддий. Агар терма жамоа яхши ўйнаса, легионерлар пайдо бўлади. Эсингизда бўлса, биз Осиё кубогида яхши ўйнадик ва ҳамма бирданига легионерга айланди. Тасаввур қилинг, терма жамоа ютқазиб турса, легионер қаердан пайдо бўлади? Мен яхши чемпионатларни назарда тутяпман. Малайзия, Таиландга бир нечта футболчилар бора олиши мумкин. Мураббийларга келсак, Ўзбекистон терма жамоаси муваффақиятли чиқиш қилиб, жаҳон чемпионатига йўл олса, ҳамма Ўзбекистондаги мураббийларга қизиқа бошлайди. Хориждан мураббийларни таклиф қилиб, ўзимизникига ишонмайдиган бўлсак, албатта мураббийларимиз бўлмайди. Ҳакамларни таклиф қила бошласак, ҳакамлар ҳам чиқмайди. Маъмурларни чақира бошласак, яхши маъмурлар ҳам бўлмайди. Олдин ҳам бир айтган эдим, мураббийларимизнинг чет эл мураббийларидан фарқи, агар ҳозир бизникиларни хорижга таклиф қилиб, танишлардан у ҳақида фикр сўрашса, масалан, "Абрамов қандай мураббий?", - деб савол беришса, улар фақат тотализатор ёки шунга ўхшаган гапларни айтади. Яхши гап айтмайди. Шунинг учун, ҳеч кимни таклиф қилишмайди. Муаммо шунда...
Айтишларича, айрим футболчиларни сиз шахсий адоватингиз туфайли терма жамоага чақирмаган экансиз. Масалан, Достон Турсунов, Ўткир Юсупов.
- Биринчидан, менинг фаолиятимда ҳеч қачон бундай бўлмаган. Достон Турсунов қўл остимда “Нефтчи”да ўйнаган. У “Нефтчи”га Бекободдан келганди. Марказий ҳимоячи сифатида ҳаракат қилган. Бошланиши ёмон эмас эди. Кейин у ўз даражасида ўйнамай қўйди ва биз ютқаза бошладик. У эса таркибдаги ўрнини йўқотди. Мен терма жамоани қабул қилганимда у Японияда эди. У ерда шунчаки ўйин амалиётисиз қолаётганди. Миллий терма жамоада ўйнаш учун эса сиз жамоангизнинг асосий таркибида бўлишингиз керак. Фарқи йўқ, у Японияда ўйнайдими, Шимолий Америкадами, Аляскадами ёки Ўзбекистондами. Мен учун барча футболчилар бир хил. Агар у Японияда бўлса, бошқалардан кучлироқ дегани эмас. Унинг имкониятларини яхши билардим ва уни чақирмаганлигим сабаби ҳам шу. У Япониядан келганида жамоаси йўқ эди, кейин қаергадир йўқолиб қолди. Ҳозир уни таклиф қилишяпти. Вақт кўрсатади. Айни дамда термада бошқа мураббий. У менга кучлироқ эканлигини исботласин... Агар Достон терма жамоа асосий таркибида яхши ўйнаса, демак, мен кучсиз мураббий бўлиб чиқаман. Ўткир Юсуповда ҳам шу ҳолат. У Фарғонада ўйнаган. Дарвозада турган. Унинг имкониятларини мен яхши биламан. Ёқтирмасликка бунинг алоқаси йўқ. У жуда яхши йигит. Инсон сифатида менга ёқади. Лекин яна бир бор айтаман, бу ўлчов бўла олмайди. Бизда дарвозада ҳалигача муаммо бор. Ҳалигача бу биринчи рақамли дарвозабон деб аташ мумкин бўлган, тажрибали, ёрдамга шай дарвозабон йўқ. Ўткир Юсупов яхши посбон бўлса, янги мураббий уни чақиради.
Фарғонадан сўнг бироз вақт ўтиб у тажриба тўплади ва топ дарвозабонга айланди. Лекин сиз уни чақирмадингиз. Катанец келгач, чақирди.
- Балки у ердаги маҳаллий мутахассислар ҳозир Катанецга айтиб тургандир. Катанец у ўйнайдиган турнир жадвалига қараб, "бу топ дарвозабон ва уни таклиф қилиш керак", - деб айтганига ишонмайман. Чунки тушунишим бўйича, ҳозир Катанецга тавсия қилишяпти. Вақт ўтиб, Катанец ўзи ҳаммасини тушуниб олади, лекин ҳозирча унга у ёки бошқа футболчиларни тавсия қилишяпти.
Одил Аҳмедов терма жамоадан кетгач, сардорлик Шомуродовга топширилди. Сизнингча, ким сардор бўлиши керак эди? Мисол учун, Аҳмедов Машарипов номзодини кўрсатганди.
- Мен ҳеч нарсага даъво қилмайман, чунки миллий терма жамоа мураббийи эмасман. Бу унинг муаммолари. Ҳозир барча саволлар унга берилиши керак. У нимани тўғри деб билса, шундай қилсин. Мен Одил Аҳмедовнинг фикрига қулоқ солган бўлардим. Сабаби кийим алмаштириш хонасидаги вазиятни у ҳаммаданда яхшироқ биларди. Жамоа сардори қандайдир ўйин сифатларига қараб танланмайди, сардор кийиниш хонасида ҳурматга сазовор одам бўлиши керак. Ўйингача ва ўйиндан кейин. Бу саволни Аҳмедовга бериб тўғри қилишган. У эндигина термадан кетди. Агар бир неча йил ўтиб сўралса, у ҳам иккиланиб қолади.
“Бунёдкор”дан кетганингиздан кейин сиз жамоа ўйинларига бориб, ҳатто танаффус вақтида кийиниш хоналаригача кирган эдингиз. Қоидага кўра, бунга рухсат берилмаган.
- Бу қарорни фақат мен учун ўйлаб топишган. Агар Катанец ҳозир бирорта кийиниш хонасига кирмоқчи бўлса, унга кимдир "кириш мумкин эмас", - деб айтмайди. Бу биринчидан ва шу пайтгача, "миллий терма жамоа мураббийи жамоанинг кийиниш хонасига кира олмайди", - деган қоида бўлмаган. Насаф Пахтакор билан суперкубок учун ўйнаган ўйинда бўлганман. Улар Самарқандда ўйнашган эди. Лекин мен “Насаф” кийиниш хонасига ўйиндан кейин уларни қўллаб-қувватлаш учун кирдим, ҳеч бир қўрқинчли воқеа юз бермади. Ҳеч ким бу ҳақда ёзмади. “Бунёдкор” кийиниш хонасига кирганимда эса нимагадир менинг у ерга киришга ҳаққим йўқлигини айтишди. Сабабини тушумайман, чунки у ерда ҳам терма жамоа ўйинчилари бор эди. Бундай қоидалар йўқ, буни ўйлаб топишган.
Кўпчилик сизни Моуриньога ўхшатади. Сиз ҳам Жозе каби кучли мотиваторсиз, лекин сиз ривожланишдан тўхтаб қолгансиз.
- Буни мен тарбиялаган ва ҳозир нимагадир эришган одамлар айтишса керак ва улар "барчасига ўзим эришдим", - деб ҳисоблайди. Ривожланишда орқада қолганимни вақт кўрсатади. Ҳозир "бу қария мураббий", - деб гапириш урф бўлган. Сен ғалаба қозонганингда ҳар доим ёш бўласан, ютқазганингда эса қарига айланасан. Ҳозир ёш мураббийларимиз бор, улар ривожланиш борасида қай даражада илгарилаб кетишганини исботлашади. Футболни театр билан қиёслайдиган бўлсак, театрда ёши улуғ актёрлар ва ёш санъаткорлар бор. Ёш актёрлар ёши катталардан ўзиб кетиши мумкин. Менда бор тажрибани олдин тўплаш керак. Айтишадику, ҳамма ҳам ёш бўлиши мумкин, лекин қарилик ҳаммага ҳам насиб этавермайди. Шунинг учун, мен кучли ривожланаётган ёшларга менинг ёшимга киришни ва нимагадир эришишни тилайман. Ўшанда ким қаерда тўхтаб қолгани ҳақида гаплашамиз.
Саудия Арабистонидаги ўйиндан сўнг матбуот анжумани ўтказилди. Ўшанда сиз ва Ҳайдаровни бир-бирингизга қаршидек кўрсатиб, учинчи томон чеккада кузатгандек кўринди. Бунга муносабатингиз қандай?
- Бу ҳақда нима ҳам дердим. Кўп нарса айтишим мумкин, лекин .... Ёшлар ҳамма нарсани биламан, деб ўйлашади. Шунинг учун бу саволни Ҳайдаровга беришса, тўғрироқ бўлар эди. Агар биз ғалаба қозонганимизда, мен ҳозир қаҳрамон бўлар эдим ва ҳеч ким мени ривожланишдан тўхтаганликда айбламаган бўларди. Шунинг учун, бир нима дейиш қийин. Терма жамоанинг мендан олдинги мураббийи мендан каттароқ эди ва бу лавозимда менга қараганда узоқроқ ишлади ва унга бундай матбуот анжумани уюштирилмаган эди. Ҳолис бўлиш керак. Ҳозир нима дейишимдан қатъи назар, ўзимни оқлаётгандек бўлавераман. Бундай қилишни хоҳламайман.
Ўзбекистон Саудия Арабистонига ютқазганида деярли ҳамма сизни айблаган. Лекин сиз айсбергнинг чўққисидаги одам эдингиз, холос. Ҳақиқий вазиятни ҳеч ким билмаган. Сизнингча, бутун айбни сизга тўнкашлари адолатданми?
- Бу шунақа касб. Буни мен ўйлаб топмаганман: ғалаба қозонилганда, футболчилар ғолиб бўлади, мағлубият эса мураббийники. Шунчаки, баъзи нарсаларга объектив ёндашиш керак. Мен жамоани Фаластинга мағлуб бўлганида қабул қилдим. Кейинчалик биздан 6 очко олиб қўйишди. Бу ҳақда ҳеч ким гапирмайди. Худдики, эсидан чиқариб юборишгандек. Қандай қилиб -9 очко билан кейинги босқичга чиқиш мумкин? Биз иккита ўйинда ғалаба қозондик. Пул сарфлаб, Сингапурга учдик. Чартерда учдик.(кулади) Шунча харажат қилиб, ғолиб бўлдик ва биздан бу очколарни олиб қўйишди. Нима бўлаётганини тушуниш керак-ку. Бунақаси фақат Осиёда бўлса керак (кулади). Ҳамма кўриб турибди-ку. Қандай қилиб тўплаган очколаримизни тортиб олишлари мумкин. Биз шунча ҳаракатни бор йўғи 3 очко учун қилдикми? Агар биз ўша вақтда Сингапурга ютқазганимизда, ўшандаёқ тақдиримиз ҳал бўларди. Саудия Арабистонидан ташқари қолган барча ўйинларда ютдик. Нимагадир бу ҳақда ҳеч ким гапирмайди. Мендан кейин терма кимлар билан ўйнаяпти? Кимни ютишади-ю, кимларга ютқазишади, ҳаммасини вақт кўрсатади. Мен ўзимни оқлаётганим йўқ. Айтдим-ку, ҳамма айбни бўйнимга олдим.
Тошкентда Саудия Арабистони устидан ғалаба қозониш учун бизга нима етишмади?
- Тажриба. Ҳозирги пайтдаги йўқ нарса. Бизга фақат тажриба етишмаяпти. Одил Аҳмедовдан ташқари ўйин тажрибасига эга одам йўқ. Таркибга қаранг! Ким бор? Шомуродов? Элдор Шомуродов энди ўйнашни бошлади. Ҳозир у "Рома"да. "Рома" унинг фойдасига хизмат қиладими, йўқми, бу катта савол. "Женоа"да у ўзини кўрсата олди.. "Рома"да эса унга бор-йўғи 15 дақиқа вақт бериляпти. Қайтараман, бизда тажрибали футболчилар йўқ. Сизлар айтадиган бир-иккита футболчи етарли эмас.
Ўзбек футболининг 3 та камчилиги ҳақида айтиб беринг. Жаҳон чемпионатига чиқиш учун қайси хатоларни тўғрилаш керак?
- Биринчидан, бу нафақат ўзбек футболи, балки бутун МДҲ давлатларининг камчилиги. Футбол – давлатнинг кўзгуси. Футбол билан профессионаллар шуғулланиши керак. Яқинда Одил Аҳмедовни футбол федерацияга олишди. У шунча вақт ичида бу ерда пайдо бўлган биринчи футболчи. Кейин, футболда ҳар доим мураббий асосий одам бўлган. Ҳозир эса бутун МДҲ мамлакатларида, ҳатто хоккейда ҳам асосий одам бош менежер. Олдин эса бош мураббий ҳал қилган. Қандай қилиб менга қайси футболчини ўйинга туширишни айтиб, кейин мендан натижа талаб қилиш мумкин? Бизда Ғарбдан фарқли ўлароқ, футбол - бизнес эмас. Шунинг учун, Англия футболи, инглиз бизнеси қоидаларини бизда ҳеч ҳам қўллаб бўлмайди. Агар сиз Англия футболини шунчалик яхши кўрсангиз, иш ҳақини ҳам худди Англия футболидагидек қилиб қўйинг. Сиз бундай қилмайсиз-ку. Биз ўзимиздаги реал вазиятдан келиб чиқишимиз керак. Яна бир бор айтаман, бош мураббий ҳаммасини ҳал қилиши керак, қандайдир менежер эмас, сизга ўз футболчисини тиқиштириб, кейин натижа сўрайдиган инсон эмас. Менежернинг футболга ҳеч қандай алоқаси йўқ. Ҳамма муаммо шундан.
Ҳалигача мураббийлардан "футболни ривожлантириш учун нима қилиш керак?", деб сўрашмайди-ку. Атрофидаги одамлардан сўрашади ва уларни тинглашади. Кимдир мени "тотализаторчи", - дейди, яна кимдир эса "ўз футболчисини сотиш учун термага чақирган", дейди. Ҳеч ким тарихга назар солмайди. Нима учун мен уларни сотиш учун чақирган бўлсам, ҳалигача Катанец уларни ўйнатяпти?! Бошқаларни чақирсин эди! Гап “ўзиники”ларни олишда эмас. Сен шунчаки ўзинг таклиф қилаётган футболчиларни биласан. Миллий терма жамоа мураббийи бўлиш - жуда мураккаб. Ўйинга 3 кун қолганда футболчиларни танлаб олиб, уларга қандай ўйнашни тушунтиришинг керак. Янги одам келса, 3 кун ичида буларни қандай ўргатасан? Шунинг учун, ўзинг яхши билган ва сенинг талабларингни билган одамни оласан, уларга нисбатан кучлироқ футболчиларни бириктирасан ва шу тариқа жамоа шаклланади. Лобановский, Малафеев, Бесков ўзи яхши билган таянч футболчиларни олган. Бу нормал ҳолат. Кимлардир мени "ўз футболчиларини сотиш учун термага чақирган", дейди. Мен ҳозир терма жамоада эмасман, балки ҳозир ўзбек футболчилари учун катта навбат тургандир.... Билмайман...
Сиз футбол мухлисларининг дилини ҳира қилганлигингиз бор гап. Лекин ўз вақтида биз ҳам сизни ҳафа қилганмиз. Сизда ўзбек ҳалқига нисбатан хафагарчилик борми?
Мен ўзимдаги барчаси учун ўзбек халқидан миннатдорман. Миллатнинг ёмони бўлмайди, ёмон инсонлар бўлади. Ҳеч қачон, ҳеч қайси шароитда ўзбек халқи ҳақида ёмон гап айтмайман. Терма жамоани менга ишонганлари учун раҳмат айтаман. Ҳар сафар мен боримни бериб, чин дилдан ишлаганман. Менинг оилам, ўйим ва қабрим шу ерда. Мени арман бўла туриб, терма жамоага мураббийлик қилганимни гапирганлар - бошқа масала. Уларнинг ўзбек халқига алоқаси йўқ. Ўзбекистон футболида 3 тадан ошиқ камчиликни санаб ўтса бўлади, лекин бу бошқа кўрсатув учун.
Жалолиддин Қобилжонов суҳбатлашди
Фикрлар