Туризм ва спорт вазирлигида Токио-2020 Тезкор штаби ўз фаолиятини бошлади

Барчамиз орзиқиб кутаётган Токио-2020 XXXII ёзги Олимпия ва XVI Паралимпия ўйинлари бошланишига ҳам саноқли кунлар қолди.

Бу сафарги мусобақага бўлган қизиқиш ҳар қачонгидан юқори, десак муболаға бўлмайди. Чунки, 32-маротаба ўтказилаётган ўйинларни иштирокчилар ва албатта мухлислар ҳам анча узоқ, яъни 5 йил кутишди. Ваҳоланки, шу пайтгача бирон маротаба замонавий Олимпия ўйинларининг муддати ўзгармаган.

Мазкур ўйинларнинг юртимиз спортчилари учун аҳамиятли жиҳати шундаки, Токиодаги мусобақалар халқимизнинг энг улуғ ва энг азиз байрами – Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 30 йиллик юбилейи арафасида ўтказилмоқда. Шу боис ҳар бир спортчимиз кунчиқар юртдан ёруғ юз билан қайтиб, истиқлол айёмига муносиб тўёна ҳозирлашни мақсад қилишган.

Бўлажак ўйинларга бўлган қизиқишнинг юқори эканлигини инобатга олган ҳолда Туризм ва спорт вазирлигида тезкор штаб фаолияти йўлга қўйилди. Тезкор штаб 2021 йил 17 июлдан 5 сентябрга қадар фаолият кўрсатиб, унинг олдига Япониянинг Токио шаҳрида бўлиб ўтадиган XXXII ёзги Олимпия ва XVI Паралимпия ўйинларидаги юртимиз спортчиларининг иштироки тўғридаги кунлик маълумотларни умумлаштириш ҳамда уларни кенг спорт жамоатчилигига етказиш вазифаси юклатилган.

Маълумот учун: Токио-2020 XXXII ёзги Олимпия ўйинларида иштирок этадиган Ўзбекистон делегацияси шу йилнинг 19 июль санасида чартер рейс орқали кунчиқар юртга жўнаб кетишади.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!
&
Турсун Ғани
18/07/2021 18:12
БОКСЧИЛАРИМИЗ АЛЛАҚАЧОН ЎША ЕРДА. ҚОЛГАНЛАР ЭРТАГА ЕТИБ БОРИШАР ЭКАН. ҲАММАЛАРИГА ОМАД ЁР БЎЛСИН. АЖОЙИБ ҒАЛАБАЛАРНИ ВА МЕДАЛЛАР ЖАМҒАРМАСИНИ КУТИБ ҚОЛАМИЗ. РИО - 2016 ДАН КАМ БЎЛМАГАН НАТИЖАЛАРНИ КУТАМИЗ. МУСТАҚИЛЛИГИМИЗНИНГ 30 ЙИЛЛИК ТАНТАНАЛАРИГА МУНОСИБ ИШТИРОК ЭТИШЛАРИГА ТИЛАКДОШМИЗ.