"Турон" президенти: "Шквирин билан музокара 2 кун давом этди. Арвеладзе? Мен ҳам эшитдим, лекин..."

Чемпионатда ҳали ғалаба нималигини билмай келаётган ягона клуб – “Турон”да навбатдаги бош мураббий ўзгарганидан хабардорсиз.

Ислом Исмоилов ва Богуслав Баниакдан сўнг, энди Игорь Шквиринга ишонч билдирилди. Шунингдек, бунгача ҳам клуб атрофида айрим гап-сўзлар йўқ эмасди.

Клуб президенти Абдуваҳоб Аҳмадалиев билан суҳбатда бир қатор масалаларга ойдинлик киритилди.

- “Турон” клуби бош мураббий лавозимига Игорь Шквиринни таклиф қилди. Бу танловнинг қабул қилинишига асосий сабаб нима бўлди?

- Жамоани бошқарадиган мураббий сифатида билимли, Ўзбекистон футболини чуқур тушунадиган, яхши мутахассисни изладик. Якунда клуб раҳбарияти билан маслаҳатлашиб Игорь Анатольевичнинг номзодида тўхтадик. Шквиринни таклиф қилдик ва у билан учрашиб, музокара ўтказдик. Мураббий ҳам клубдаги бундай шароитда “Турон”ни Суперлигада олиб қолишини айтди.

- Билишимча, Игорь Шквирин билан музокара жуда тез бўлди-а?

- Музокара икки кун давом этди. Клубга келиб, бу ердаги шарт-шароитлар билан яқиндан танишиб чиқди. Мураббийни жамоамиздаги шароитлар қониқтирди. Шу билан ишни бошлади.

ахмадалиев_1

- Игорь Анатольевич билан қанча муддатга шартнома имзоланди?

- Йил охиригача шартнома тузилди. Худо хоҳласа, жамоани Суперлигада олиб қоладиган бўлса, шартнома узайтирилади. Бизда асосий вазифа клубни сақлаб қолиш.

- Агар сир бўлмаса, бош мураббийликка Шквириндан ташқари яна қандай номзодлар бор эди?

- Тўғриси, бу ҳақида айта олмайман. Сабаби, улар ишлаб турган мураббийлар эди. Шу боис номлар сирлигича қолгани яхши.

- Энди Игорь Шквирин бошчилигидаги мураббийлар штаби қандай кўринишда бўлади?

- Балки иккита ўйиндан кейин у мураббийлар штабини тузиши мумкин. Кимлар ёрдам беришини ўзи аниқлаб олади. Ҳозирча бир ўзи келган.

- Бир неча кундан бери шундай гапларни эшитдим: “Турон” Шота Арвеладзе билан ҳамкорлик қилмоқчи?! Бу хабарлар қанчалик асосли?

- Йўқ, бундай эмас. Бу миш-миш бўлса керак. Шота билан алоқага чиққанимиз йўқ. Менимча, Арвеладзе билан боғлиқ гап-сўзлар шунчаки миш-миш холос. Тўғри, бу каби хабарлар менинг ҳам қулоғимга чалинди. Аммо яна такрорлайман: Арвеладзе билан алоқага чиқмадик.

шквирин_1

- Бу ҳаммаси эмас, Арвеладзедан ташқари яна бир гап тарқалди: эмишки, “Турон” Одил Аҳмедовга ҳам “оғиз” соляпти...бу гапда жон борми?

- Йўқ, бундай гап-сўз бўлмаган, бу ҳам миш-миш.

- Тушунарли. 5 июлдан чемпионатимизда трансфер ойнаси очилади. “Турон” таркибида қандай ўзгаришлар кўришимиз мумкин?

- Чизиқлар бўйича кўриб чиқамиз. Таркибдаги ўзгаришлар масаласини Игорь Анатольевичнинг ўзи ҳал қилади. Балки ҳозирги таркиб футболчилари билан ҳам мавсумни давом эттириши мумкин ёки янги ўйинчиларни таклиф қилар. Бош мураббий йигитларни аввало машғулотларда ва ўйинларда кўради. Йиғинлар давомида барибир назорат ўйинлари ҳам ўтказилади. Хуллас, қандай ўзгаришлар бўлишини Шквирин ўзи ҳал қилади.

- Ёзги йиғиннинг хорижда ўтказилиши ростми?

- Ростдан ҳам ёзги йиғинимизни хорижда ўтказишни режалаштиргандик. Ҳозир бу масалада аниқ тўхтамга келганимиз йўқ. Аммо катта эҳтимол билан иккинчи даврага тайёргарликни ўзимизда олиб борсак керак. Сабаби, ҳозирги пайтда Туркияда ҳам ҳаво анча иссиқ экан.

- Легионерлар масаласида ҳам аниқ бир тўхтамга келиндими? Таркибдаги хорижлик футболчилар билан ҳамкорлик давом эттириладими?

- Уларнинг жамоамиз билан амалда шартномалари бор. Ўзаро битимга кўра, улар “Турон”да ўйнайдилар. Ишонишда давом этамиз. Ким Бо Йонг, Поньевич кабилар ёмон таассурот қолдирмаяпти. Фақат Синиша Бабични оёғида бироз жароҳати бор. Ҳали 100 фоиз спорт формасида эмас. Кўпроқ ўйиннинг охирги 10-15 дақиқасида майдонга тушириляпти. Мақсад футболчини тезроқ спорт формасига қайтариш. Легионерлар билан шартномаларни бекор қилиш режаси йўқ.

- Тожикистонлик Умаржон Шарипов жароҳат олиб сафдан чиққанди. У ҳали ҳам “Турон” аъзосими?

- Тўғри, Шарипов ҳам жароҳатланган. Фақат унинг жароҳати жиддийроқ бўлиб чиқди. Шифокорлар унга ташхис қўйишган. Афсуски, узоқ муддатга сафимиздан чиққан. Лекин бу футболчи ҳам расман жамоамиз аъзоси.

- “Турон”нинг ҳалигача ғалабасиз келаётгани сизларда жиддий хавотирларни уйғотмаяптими?

- Бизда жиддий хавотир ҳам, босим ҳам йўқ. Вазиятдан чиқиб кетишга ҳаракат қиляпмиз, бунга ишончимиз бор. Жамоани бемалол Суперлигада олиб қолишга ишонамиз. Бунинг учун раҳбарият томонидан барча керакли ёрдам бериляпти. Шарт-шароитдан умуман муаммо йўқ.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!
Davron Parpiyev
25/06/2021 07:49
Olg'a Turon!