Уч нафар профессионал боксчимиз Россияда жанг ўтказади

Шу йил 26 июнь куни Россиянинг Екатеринбург шаҳрида ўтказиладиган профессионал бокс кечасида мамлакатимизнинг 3 нафар спортчиси иштирок этади, деб хабар берди Ўзбекистон профессионал бокс федерацияси матбуот хизмати.

“RCC Promotions” компанияси томонидан ташкил этилаётган мазкур профессионал бокс кечасининг марказий жанги иккинчи ярим енгил вазн тоифасида (-59 кг) россиялик Марк Урванов ва венесуэлалик Энжел Родригес ўртасида кечади. Бу боксчилар WBA йўналиши бўйича чемпионликка даъвогарлар қаторидаги ўрнини мустаҳкамлаш ҳаракат қилади.

Мамлакатимиз боксчиларидан Шукрулло Воҳидов -61,2 кг вазн тоифасида украиналик иқтидорли боксчи Зоравор Петросянга қарши ёшлар ўртасида WBO Pacific Asia минтақавий камари учун рингга кўтарилади. Айтиш лозимки, қатор промуотерлар томонидан “келажаги бор”лар сафида эътироф этилган украиналик боксчи фаолияти мобайнида 11 та жанг ўтказган бўлса, барчасида ғалабага эришган. У бир марта ўзбекистонлик боксчи билан, яъни 2020 йилнинг июль ойида ҳамюртимиз Равшан Умурзоқов билан тенг курашлар остида ўтган жангда ҳакамларнинг қарори асосида ғалабага эришган. Демак, Ш.Воҳидовнинг олдида 8 раундга мўлжалланган жангда нафақат ғалаба қозониш, балки Умурзоқов учун “қасос олиш” мажбурияти ҳам турибди.

Яна бир боксчимиз фарғоналик Аббосхон Мирзаабдуллаев россиялик Александр Дорофеев билан 4 раундлик жанг ўтказади. Қўқон бокс мактаби тарбияланувчиси бўлган Мирзаабдуллаев боксдаги фаолияти мобайнида ёшлар ўртасида Ўзбекистон чемпиони ва оғир вазнда Осиё чемпионати ғолиби бўлган. Унинг рақиби Дорофеев Россия чемпионатининг бронза медали соҳибидир. Профессионал боксда иккита жанг ўтказиб, иккаласида ҳам ғалаба қозонган.

Екатеринбург рингида ўз омадини синаб кўрадиган яна бир боксчимиз наманганлик Отабек Мирааҳмедов оғир вазнда Георгий Юновидов билан куч синашади. 6 раундга мўлжалланган мазкур жангда Ўзбекистон чемпионатлари совриндори бўлган ҳамюртимизнинг имкониятлари қай даражада эканлигини вақт кўрсатади. Унинг рақиби хусусида шуни айтиш лозимки, Юновидов ўз вақтида оғир вазнда Россия чемпионлигига эришган, қатор халқаро турнирлар ғолиби, профессионал боксда битта жанг ўтказиб, унда хамюрти Герман Скобенкони очколар ҳисобида мағлуб этган.

Эслатиб ўтамиз, Екатеринбургдаги профессионал бокс кечаси Москва вақти билан соат 17:00 да бошланади.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!