UFC 268. Абу-Дабидан Нью-Йоркка қайтамиз ёхуд Усман реваншда ҳам ғалаба қозонадими? Жанглар анонси билан танишинг

  • 3 ноябрь, 2021, 00:45
  • 0
  • MMA

UFC мухлисларни шод этиш тадоригини кўриб қўйганига анча бўлди. Кетма-кет ўтказилаётган рақамли турнирлар бунга яққол мисол. Абу-Дабида ўтган UFC 267 турнирининг таассуротлари совумасдан туриб, эстафетани Нью-Йоркда бўлиб ўтадиган UFC 268 турнири давом эттиради. Кард эса ўтган ҳафтадаги турнирдан ўтса ўтадики, асло қолишмайди.

Асосий жанг азалий душманларнинг ўзаро масалаларига ойдинлик киритиши шарт. Вазнидан қатъи назар (Pound-for-Pound) рейтингида қудратли Джон Джонсни ағдариб, пешқадамликни қўлга олган Камару Усман ўз вазнидаги доминант юришини бу сафар эски таниши Колби Ковингтон манзили билан туташтиради.

Реваншлар эпидемияси шу билан ўз ниҳоясига етмайди. Аёллар минимал енгил вазнида ўзига тегишли камарни яна қайтариб олган Роуз Намаюнас тақдирдан қочиб қутула олмади. Хитойлик Вейли Жанг ўтган жангда ўз унвонини Роузга топшириб қўйган бўлсада, қасос илинжида яна унга қарши октагонга кўтарилмоқда.

Ва, албатта, турнирнинг яна битта ёрқин афишаси, шубҳасиз, Жастин Гэтжи ва Майкл Чендлер жангидир. Иккита замбаракка эга жангчилар жанги олдидан нокаут ҳиди анқимоқда. Бу олишув натижаси асосида чигаллик сари илдамлаётган енгил вазнда салгина тартибга гувоҳ бўлсак ажабмас.

Шунингдек, UFC 268 бир қатор қизғин баҳсларга бой. Хусусан, собиқ чемпион Фрэнки Эдгарнинг қайтиши. Кикбоксингда бир эмас, икки маротаба Исраэль Адесаньяни мағлуб этган бразилиялик Алекс Перейранинг дебюти ва ёрқин проспектлар Эдмен Шахбазян ва Нассурдин Имавовлар ўртасидаги баҳслар воқеаликка ўзгача файз бағишлаши аниқ.

Якшанба тонгида, жаҳонга машҳур «Madison Square Garden» ўйингоҳи мезбонлик қиладиган турнир асл ММА шайдолари учун унутилмас онларни тақдим этади. Фақат, ширин уйқунинг баҳридан ўта олса бўлгани.

Кўпчилик мухлислар қизиқишини инобатга олган ҳолда, UZREPORT TV канали Ўзбекистонда мазкур турнир трансляциясини қўлга киритди.

Асосий кард

Камару Усман – Колби Ковингтон

Роуз Намаюнас – Вейли Жанг

Жастин Гэтжи – Майкл Чендлер

Шейн Бургос – Билли Куарантилло

Фрэнки Эдгар – Марлон Вера

 

Прелим кард

Алекс Перейра – Андреас Михаилидис

Эл Яквинта – Бобби Грин

Филипп Хоуз – Крис Кёртис

Эдмен Шахбазян – Нассурдин Имавов

Ян Гэрри – Джордан Уилльямс

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!