Виктор Жалилов:

Coca Cola Суперлига 17-туридан ўрин олган "Навбаҳор" - АГМК (0:0) учрашувидан кейин ўтказиладиган матбуот анжуманининг дастлабки қисмида "Навбаҳор" бош мураббийи Виктор Жалилов ўйин ҳақидаги фикрлари билан ўртоқлашди.

- Ўйлашимча, ҳисоб ўйинга мос бўлди. Ҳеч бир жамоа ғалабага муносиб эди, дея олмайман. Голли вазиятлар кўп бўлмади. Бундай учрашувлардан барчасини ягона гол ҳал қилади. Бизда ҳам, АГМКда ҳам тўп назоратига эгалик кузатилди. Ҳужумлар, қарши ҳужумлар уюштиришга интилди.

Ҳужумга эътибор қаратишга интиляпмиз, лекин кўп нарса футболчиларнинг маҳоратига, рақибнинг қаршилигига ҳам боғлиқ. Қолаверса, АГМК ҳам кучли жамоа, бежиз турнир жадвалининг юқори ўринларида бормаяпти. Тўғри, ҳужумда муаммоларимиз бор, ҳужумларимиз якунига етмай қоляпти. Лекин барибир, аста-секин ҳужумдаги салоҳиятимизни ошириб боряпмиз. Ҳали олдинда кўп ўйинлар бор. Голбан ҳақида бирор нарса дея олмайман, барчаси текширувлардан кейин аниқ бўлади. Ҳаммаси шифокорларга боғлиқ.

Бизда ҳеч ким ҳимоядан ўйнашни атайин хоҳламайди. Барчаси таркибда қандай футболчилар борлигига боғлиқ. Йигитларни ранжитмоқчи эмасман, лекин айрим жиҳатлар бўйича аксарият футболчиларимизга маҳорат етишмаяпти. Шу боис, жамоамиздан Ўзбекистон термасида футболчи йўқ. Ҳужумдаги футболчиларимиз терма даражасига тортадиган ўйин кўрсатишмаяпти. Ўйлашимча, улар ҳали ўз маҳоратларини кўрсатишади. Мисол учун, Ўринбоев биринчи даврадагига нисбатан анча ўйинини ўнглаб олди.

Нега Паншанбе жарима зарбаларини ижро этмаяпти? Машғулотларда жарима зарбаларини ижро этаётганларни кузатиб, расмий учрашувларда уларга стандартларни ижро этиш имкониятини берамиз. Эҳсони олимпия термаси таркибида гол урди, лекин катталар даражаси билан ёшлар жамоаси даражаси ўртасида фарқ борлигини ҳам унутмаслик керак. Ҳар бир жамоанинг ўзига хос талаблари бор. Найденов ҳужумчи ортида ҳам ўйнаган, орқароқда ҳам. Бизнинг чемпионатимиз даражаси ҳам ўзига яраша юқори, ҳозирча Боянга ҳужум чизиғида аниқлик етишмаяпти, лекин унинг бундан-да яхшироқ ўйнай олишига шубҳа йўқ.

Рўзиев ўнг қанот ярим ҳимоячиси позициясида аввал ҳам ўйнаган. Вазиятга кўра, таркибимиздаги футболчилар орасида у ўнг қанотда бошқалардан яхшироқ ҳаракат қилгани учун уни шу позицияга қўймоқдамиз.

Футболда энг қийин нарса гол уриш. Гол ўтказмаслик нисбатан осонроқ. Шу боис, ҳужумчи мавзуси кўп гапирилади. Афсуски, ёзда яхшироқ ҳужумчи ололмадик. Кўрикдан ўтганлардан бири яхши эди, лекин у Тошкентдаги ўртоқлик ўйинида жароҳат олди. Яна бирининг эса ҳаракатлари бизга маъқул келмади, - дея фикрларини якунлади Виктор Жалилов.

 

Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter)

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!
&
Каримов Нозиржон
11/09/2021 06:11
Бохона киловирманг жаноб Жалилов олдин тупни ушлап туришни ургатинг бу ландовирларга кейин гол уришни ургатасиз факат туп олдиришдан бошкасига ярамади эссиз шунча пул

Минбар

Барча блоглар