"Яна тез орада Ўзбекистонга қайтаман" ёхуд "ўзбек"ка айланган Арбелоа!

Бугун Бекобод шаҳрида “Металлург” ПФК қошида фаолият юритадиган “El Golazo Academy Powered by Real Madrid” футбол академиясининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди. Тошкент вилояти ҳокимлиги, мамлакат футбол ассоциацияси, Ўзбекистон металлургия комбинати АО бошқаруви раҳбарияти, ўзбек футболи фахрийлари ҳамда “Реал” (Мадрид) футбол клубидан ташриф буюрган нуфузли меҳмонлар қатнашган маросим тадбир иштирокчилари – академия тарбияланувчилар, мураббийлар штаби, Бекобод аҳли ва унинг меҳмонларида оламшумул таассурот қолдирди.

Тантанали очилиш маросимини Тошкент вилояти ҳокими Даврон Ҳидоятов кириш сўзи билан очиб берди. “El Golazo Academy Powered by Real Madrid” футбол академияси нафақат вилоятда, балки бутун Республикамизда етакчи футбол даргоҳларидан бирига айланишига, мамлакатимиз футболига истеъдодли ёшларни етказиб беришига ишонч билдирди.

арбелоа2_1

Қисқа фурсат ичида катта бунёдкорлик ишларини амалга оширган Ўзбекистон металлургия комбинати АО бошқаруви раҳбариятига, қурилиш ишларида иштирок этган барча инсонларга миннатдорлик билдирди. Шундан сўнг, сўзга чиққан Бекобод шаҳар ҳокими Зафар Файзуллаев, Ўзбекистон металлургия комбинати АО бошқаруви раиси Рашид Пирматов, Ўзбекистон футбол ассоциацияси фахрийлар кенгаши раиси Тўлаган Исоқовлар мамлакатимизда спортни, хусусан унинг энг оммавий тури – футболни ривожлантиришга ҳукумат миқёсида катта эътибор берилаётганлиги ҳақида тўхталишди.

Бугундан расман фаолиятини бошлаётган “El Golazo Academy Powered by Real Madrid” футбол академияси ҳам мана шу эътиборнинг меваси эканлигини таъкидлашди. Ўз навбатида “El Golazo Academy Powered by Real Madrid” футбол академияси тез орада ўз самарасини беришини, унинг тарбияланувчилари орасидан халқаро ареналарда мамлакатимиз шарафини муносиб ҳимоя этувчи ёшларнинг камолга етишига тилак билдиришди.

арбелоа7

Шундан сўнг “El Golazo Academy Powered by Real Madrid” футбол академияси тантанали очилиш маросимига Испаниядан – “Реал” (Мадрид) футбол клубидан махсус элчи сифатида ташриф буюрган – қироллик клубининг яқин ўтмишдаги машҳур футболчиларидан бири, жаҳон чемпиони, икки карра Европа чемпиони, Испания чемпиони, Испания Кубоги, Суперкубоги соҳиби, УЕФА чемпионлари лигаси ғолиби, УЕФА Суперкубоги соҳиби, клублар ўртасидаги жаҳон чемпиони Альваро Арбелоага сўз берилди. Айни пайтда “Реал” (Мадрид) академиясида U-14 жамоасида бош мураббий бўлиб фаолият юритаётган Арбелоа Ўзбекистонга ташрифидан унутилмас таассуротлар олганлигини, қироллик клубининг анъаналари эндиликда Бекобод шаҳрида, Тошкент вилоятида – “El Golazo Academy Powered by Real Madrid” футбол академиясида давом эттирилишидан хурсандлигини қайд этди. Бу каби академиялар насиб бўлса Осиё қитъасида Ўзбекистондан бошқа мамлакатларда ҳам очилишини жуда исташини таъкидлади. Ўзбекистонга эса кейинги мавсумда “Реал” (Мадрид) клуби томонидан спорт йўналишидаги бошқа ижтимоий тадбирларга яна келмоқчи эканлигини айтиб ўтди. “El Golazo Academy Powered by Real Madrid” футбол академиясининг иш фаолиятига эса катта муваффақиятлар ёр бўлишини тилади.

Тадбир сўнгида сўз олган Ўзбекистон футбол ассоциацияси биринчи вице-президенти Равшан Эрматов ўзбек футболи тараққиёти йўлида фидойилик кўрсатаётган Тошкент вилояти ҳокимлигига, Ўзбекистон металлургия комбинати АО бошқарувига миннатдорлик билдирди. “El Golazo Academy Powered by Real Madrid” футбол академияси мамлакатимизнинг энг илғор футбол даргоҳларидан бирига айланишига ишонч билдирди. Яқин келажакда мазкур академия тарбияланувчилари орасидан Биродар Абдураимов, Тўлаган Исоқов, Элдор Шомуродов, Жасур Яхшибоев сингари машҳур футболчилар етишиб чиқишига тилак билдирди.

арбелоа5_1

Шундан сўнг, “Реал” (Мадрид) футбол клуби ҳамда ЎФА, Ўзбекистон металлургия комбинати АО вакиллари ўртасида эсдалик совғаларини алмашиш маросими бўлиб ўтди. “El Golazo Academy Powered by Real Madrid” футбол академиясининг тантанали очилганлигини билдирувчи футбол тўпи – тугмаси босилди.

арбелоа4_1

Тантанали очилиш маросими якунига етганидан сўнг тадбирга ташриф буюрган меҳмонларнинг “El Golazo Academy Powered by Real Madrid” футбол академияси билан танишув тадбири бошланди. Қисқа фурсат ичида қуриб фойдаланишга топширилган академия ўқув-синф хоналари, конференция заллари, тиббиёт хоналари, хориж тиллари – испан  ва инглиз тилларидан чуқурлаштирилган ҳолда таълим берилувчи махсус жиҳозлар билан таъминланган синф хоналари, академия тарбияланувчиларининг машғулотларини таҳлил этишга мослашган видео кўрик заллари, 200 дан зиёд тарбияланувчиларга мўлжалланган ётоқхона, ошхона сингари бўлимлар кўздан кечирилди.

арбелоа3_1

“El Golazo Academy Powered by Real Madrid” футбол академиясининг катта мажлислар залида Ўзбекистон металлургия комбинати АО бошқаруви раисининг биринчи ўринбосари Дилшод Аҳмедов, “Реал” (Мадрид) футбол клуби элчиси Альваро Арбелоа, “El Golazo” таъсисчиси Зокиржон Холиқовлар иштирокида матбуот анжумани ўтказилди. Матбуот анжумани иштирокчилари оммавий ахборот воситалари ходимларини қизиқтирган саволларга жавоб қайтаришди. Арбеола матбуот анжуманида қуйидагиларни айтди:

- Ҳаммага раҳмат. Ўзбекистонга келишимдан мақсад “El Golazo” ва “Real Madrid foundation” асосида ташкил этилган футбол академиясини очиш. Ўйлайманки, яна тез орада Ўзбекистонга қайтаман ва янги лойиҳаларимиз асосида сизлар билан ишлашда давом этамиз.

Ўзбекистонда бошлаган ушбу лойиҳамиз биринчиси. Лекин Ўзбекистон орқали Марказий Осиёнинг бошқа давлатларига мана шундай лойиҳаларни жорий қилиш ниятимиз бор.

Тўғрисини айтсам, мана шу лойиҳани бошлаганимиз учун фахрланяпман. 2022 йилда Ўзбекистонда ижтимоий спорт мактабларини ҳам ривожлантиришни режалаштирганмиз. Айнан шу лойиҳа бўйича ҳам фаолият олиб бормоқчимиз, - деди Альваро Арбелоа.

арбелоа_1

Матбуот анжумани якунлангач, “El Golazo Academy Powered by Real Madrid” футбол академияси биноси олдида барпо этилган футбол майдонида Альваро Арбелоа академия тарбияланувчилари учун мастер-класс машғулотини ўтаб берди. Тантанали очилиш маросимига бағишланган барча тадбирлар якунида нуфузли меҳмонларга Ўзбекистон металлургия комбинати АО, “Металлург” ПФК томонидан эсдалик совғалари топширилди. Тадбир тугагач меҳмонлар пойтахтга – Тошкент шаҳрига жўнаб кетишди.

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!