Январь ва февралда ташкил этилувчи профессионал бокс оламидаги супер жанглар билан танишинг!

Янги 2022 йилнинг дастлабки ойларида ҳам профессионал бокс оламида бир қатор қизиқарли ўтиши кутилаётган супер қарама-қаршиликларни гувоҳига айланамиз.

Албатта, мазкур жангларни мухлислар орзиқиб кутаётганлиги аниқ. Биз шу нуқтаи назардан келиб чиқиб, январь ойининг қолган қисми ҳамда февралда ташкил этиладиган ажойиб жангларни эътиборингизга ҳавола этамиз.

15 январь

Жо Смит (АҚШ, 27-3,21 КО) – Стив Жеффрард (АҚШ, 18-2,12 КО)

Мазкур жанг ярим оғир вазн (79.4 кг) тоифасида бўлиб ўтади. Ўртага WBO чемпионлик камари тикилган. Амалдаги чемпион Жо Смит ҳисобланади ва у даъвогар Жеффрарддан ўз титулини ҳимоя қилади. Бу тўқнашувда Смитнинг имкониятини юқори баҳолашмоқда. Бироқ, Стив ҳам анойи эмас. Дарвоқе, ушбу жангни ESPN трансляция қилади.  Томоша қилинг, асло зерикиб қолмайсиз!

смит1

22 январь

Гэри Расселл (АҚШ, 31-1,18 КО) – Марк Магсайо (Филиппин, 23-0,16 КО)

Ушбу қарама-қаршилик ярим енгил вазн (57.2 кг) тоифасида, АҚШнинг Атлантик Сити шаҳрида ташкил этилади ва “Showtime” трансляция қилади. Жанг мақоми WBC чемпионлик камари учун. Амалдаги чемпион Гэри Расселл ҳисобланади. Филиппин вакили эса даъвогар мақомида. Магсайо рейтингда Рей Варгасдан кейин иккинчи ўринни банд этиб турибди. Хуллас, чиройли жангнинг гувоҳига айланамиз.

рессел

5 февраль

Кит Турман (АҚШ, 29-1,22 КО) – Марио Барриос (АҚШ, 26-1,17 КО)

Бу баҳс ярим ўрта вазн (66,7 кг) тоифасида бўлиб ўтади. Рейтинг мақомидаги тўқнашув, жангнинг трансляция ҳуқуқи Фокс PPV га тегишли.

Турман 33 ёшда Барриос эса 26 ёшни қарши олган. Бўй борасида Барриосда 7 смли устунлик бор. Ҳар иккиси асосий зарбани ўнг қўлида беради. Умуман олганда, имкониятларни 50/50 баҳолаш мумкин. Албатта, буларнинг барчаси нисбий тушунча. Ушбу қарама-қаршиликда тажриба ўз сўзини айтадими ёки иштиёқ ғалаба қозонадими, буни тез орада билиб оламиз.

кит

19 февраль

Амир Хон (Буюк Британия, 34-5,21 КО) – Келл Брук (Буюк Британия, 39-3,27 КО)

Супер жуфтлик десак, муболаға бўлмайди. Ҳар иккиси жуда истеъдодли ва профессионал бокс оламида анчагина ном қозонган чармқўлқоп усталари саналади. Амир Хон уч йиллик танаффусдан сўнг, яна катта боксга қайтмоқда. У сўнги жангини 2019 йил 12 июлда ўтказган ва Билли Диб устидан зафар қучганди. Келл Брукда эса деярли 2 йил танаффус юзага келди. У сўнги жангида Теренс Кроуфордга имкониятни бой берганди, Хуллас, икки юлдуз ўзаро баҳс юритади.

Манчестерда бўлиб ўтадиган  жанг ҳам ярим ўрта вазн (66.7 кг) тоифасида ўтказилади. Трансляция ҳуқуқи “SKY Sports”га тегишли. Ҳар иккисининг ёши тенг. Бўй борасида 5 смли устунлик Хон тарафида. Иккиси ҳам асосий зарбани ўнг қўлида беради. Бир сўз билан айтганда қизиқ жангни гувоҳига айланамиз.

амир

26 февраль

Жош Тэйлор (Буюк Британия, 18-0,13 КО) – Жек Кэттерал( Буюк Британия, 26-0,13 КО)

Профессионал бокс оламидаги супер юлдузлардани бири Жош Тэйлорнинг яна бир чиқишига гувоҳ бўламиз. Ушбу баҳс супер енгил вазн (63.5 кг) тоифасида WBC, IBF, WBO, WBA чемпионлик камарлари учун ўтказилади. Амалдаги чемпион Тэйлор ҳисобланади ва Жек ушбу титулларни қўлга киритишга ҳаракат қилади. Жанг “SKY Sports” томонидан трансляция қилинади.

Иккиси ҳам мағлубиятсиз одимламоқда. Албатта, Жош Тэйлорнинг имконияти юқори баҳоламоқда. Бироқ бу профессионал бокс ва ҳар қандай ҳолат юзага келиши мумкин. Жисмоний имкониятлар борасида Жош устунроқ яъни, бўй борасида 7 см баланд. Ҳар иккиси чапақай боксчилар саналади. Бир сўз билан айтганда, ушбу жангни томоша қилиб асло зерикиб қолмайсиз.

Ҳозирча шулар, аммо профессионал бокс оламида кутилмаганда “даҳшат”ли янгиликлар рўй бериши мумкин. Кузатиб боринг!

тейлор

Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter)

Минбар

Барча блоглар
×