Йўқотишлар исканжасидаги "Барселона" даҳшатли "Бавария"ни қабул қилади (превью)

Ўз мухлисларини куттириб қўйган Европа Чемпионлар лигаси қайтиш арафасида. Мусобақа илк турданоқ бизга қизиқарли баҳсларни туҳфа этмоқда. "Е" гуруҳида ҳам икки гигант, "Барселона" ва "Бавария" бугун ўзаро тўқнаш келади. Келинг, мазкур учрашув олдидан жамоаларнинг ҳолати ва имкониятларига тўхталиб ўтамиз.

"Барселона"

"Кўк-анорранглилар" бугун Мюнхен клубини ўз майдонида қабул қилади. Бу маълум миқдорда уларга устунлик бериши мумкин. Аммо таркибда кўп йўқотишлар мавжуд. Дембеле, Фати, Агуэро, Брейтуэйт каби ҳужум чизиғи вакиллари бу ўйинни ўтказиб юборади. Шу туфайли, катта эҳтимол Куман бугун янги футболчи Люк Де Йонгни майдонга туширади. Шундай бўлсада, яхши янгиликлар ҳам бор. Ҳимоячи Жерар Пике мазкур ўйинда ўз клубига ёрдам бера олади. Шунингдек, Коутиньо ҳам сафга қайтди. Каталонияликлар Ла Лигани ўртача темпда бошлади. Клуб илк турда "Реал Сосьедад"ни 4:2 ҳисобида мағлуб этди. Сўнгра, "Атлетик" майдонида қийинчилик билан дуранг натижа қўлга киритилди. Охирги баҳсда жамоа Депай ва Робертонинг голлари эвазига "Хетафе" устидан ғалабага эришди. Умуман олганда, Куман шогирдларининг ҳолати у қадар ёмон эмас. Бироқ бу ўйин билан кучли рақибларни енгиш эҳтимоли кам. Балки, ҳали "кўк-анорранглилар" яна ҳам кучлироқ жамоага айлана олар. Ҳозирча "Барселона"нинг муаммолари етарли даражада.

"Бавария"

Мюнхен клубида ҳаммаси жойида, десам адашмаган бўламан. Улар янги мавсумда Германия чемпионатини ғалабалар билан бошлади. Сўнгги ўйинда Нагельсманн шогирдлари ўзларининг Бундеслигадаги асосий рақибларидан бири бўлмиш "Лейпциг"ни 4:1 ҳисобида тор-мор этди. ЕЧЛ ўйини олдидан кайфият аъло даражада. Айрим манбаларда Левандовски ва Гнабри "Барса"га қарши учрашувни ўтказиб юбориши айтилаётган эди. Лекин Лева кеча машғулотларда қатнашди. Серж ҳам Барселонага ўз жамоаси билан йўл олди. Демак, улар майдонга тушишга тайёр. Иккала клуб ҳам бугун ўз даражасини намойиш этса, Мюнхен шаҳри клуби зафар қучиши эҳтимоли баланд. Чунки, "Бавария" рақибидан айни дамда барибир кучлироқ. Шундай бўлса-да, ҳаммаси ўзгача бўлиши мумкин. Ҳар ҳолда "Барселона" ҳам бир қатор юлдузларига эга тарихан буюк клуб.

Мураббийларнинг фикрлари

Куман: "Бавария" тажрибали футболчиларга эга ажойиб жамоа. Бу жуда қийин ўйин бўлади". Бироқ биз уларни мағлуб эта оламиз".

Нагельсманн: "Улар энди Месси бера оладиган кўп нарсадан маҳрум. Лео ниҳоятда яхши футболчи. Месси майдонда бўлган пайтда, уни қўриқлаш ўзига яраша завқли иш.

Ҳозир ҳам уларда ҳимоячилардан ўтиб кета оладиган ажойиб футболчилар бор. Эҳтимол, энди улар бор масъулиятни ўз зиммасига олиш имкониятига эга бўлишар. Мисол учун, Де Йонг ва Педри. Бу икки ярим ҳимоячи ёш ва жуда ҳам истеъдодли.

Уларнинг ҳимоя чизиғида кўп нарса ўзгарди. Жамоадаги барча футболчилар тўпни олиб қўйиш учун астойдил ҳаракат қилмоқда. Бу сўнгги йилларда яққол кўзга ташланаётган ҳолат. "Барса" яқинда 3-5-2 тактик схемада ўйнаган бўлса, эндиликда 4-3-3 схемада майдонга тушмоқда.
Мен бу клубни ёмонроқ ёки яхшиланаётган, деб айтмаган бўлар эдим. Лекин бу аввалгиларидан бошқача, келажак жамоаси.

Каталония клуби 4-3-3га ўтганда, Бускетс ҳимояга қайтади. Шу сабабли, улар деярли ҳар сафар 3 та ҳимоячи билан ўйнайди.

"Барса" 3-5-2 кўринишидаги ҳам майдонга тушиши мумкин. Бу тактик схемада клуб ажойиб натижаларга эга бўлди. Менимча, каталонияликлар шу схемада ўйин бошлайди. Биз эса ҳаммасига тайёргарлик кўрдик. Менимча, бизни ажаблантирадиган ҳеч нарса содир бўлмайди.

Рақибнинг ўйин услубидан қатьи назар, биз ўз футболимизни кўрсатишга ҳаракат қиламиз".

Ўйинлар тарихи

Бу клублар расмий ўйинларда умумий миқдорда 9 та ўйин ўтказган. Мазкур учрашувларнинг 6 тасида "Бавария"нинг қўли баланд келган, икки баҳс эса "Барселона" фойдасига. Фақатгина бир бор жамоалар муроса йўлини танлаган.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!