Юрген Клопп ва журналист ўртасида тушунмовчилик юз берди

Чемпионлар Лигасининг 5-туридан ўрин олган "Ливерпуль" – "Порту" (2:0) ўйинидан сўнг бўлиб ўтган матбуот анжуманида журналист билан Клопп ўртасида тушунмовчилик юз берди.

Мухбир “нега Африка Миллатлар кубогини кичик турнир, деб атадингиз? Менимча, сиз футбочилар, мухлислар ҳамда халқни ҳақорат қилдингиз ва қитъа аҳолисидан кечирим сўрашингиз керак”,-дея Клоппга юзланди.

Юрген шундай жавоб берди: “Тўхтанг, тўхтанг, тўхтанг. Мен бундай демадим. Сиз мени нотўғри тушундингиз. Африка умуман кичик қитъа эмас. Мен мартгача халқаро ўйинлар бўлмаслигини айтдим, орада фақат қисқа муддатли турнир бўлишини назарда тутдим. Аслида, бу катта мусобақа”.

Клоппнинг жавобидан кўнгли тўлмаган журналист “сиз Европадаги турнирлар ҳақида бундай демайсиз. Европа чемпионатини “кичик турнир”, деб атамайсиз”,-деб иккинчи бор мурожаат қилди.

“Агар сиз мени нотўғри тушунмоқчи бўлсангиз, доим бундай қила оласиз. Мен ҳеч қайси турнирни кичик, деб атамайман. Бу менинг хаёлимга ҳам келмайди”,-дея жавоб қайтарди Клопп.

Эслатиб ўтамиз, 2022 йил 9 январдан 6 февралгача бўлиб ўтадиган Африка Миллатлар кубогига Камерун мезбонлик ва унда "Ливерпуль"дан уч нафар футболчи (Муҳаммад Салоҳ, Садио Мане ва Наби Кейта) қатнашади.

Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter)

Минбар

Барча блоглар