SPORTS.uz талқини бўйича кучли бешлик чемпионатларида тур рамзий терма жамоаси
Мураббий: Жозе Моуриньо (4-3-3)
Португалиялик мутахассис принципиал ўйинларда қандай ҳаракат қилиш кераклигини билади. Лондонликлар ғалаба орқали энг яқин таъқибчиси «Шеффилд»ни курашдан чиқарди. Сўнгги йиллардаги ажойиб ўйинлари орқали Чемпионлар лигасида кўришга ўрганиб қолганимиз «Тоттенхэм» энди нуфуз жиҳатидан «кўҳна қитъа»нинг иккинчи рақамли турнирида иштирок этади. «Лестер» эса бунинг учун айбдор мақомида аёвсиз саваланди. Энди «тулкилар» «Манчестер Юнайтед»га қарши учрашувда бевосита 4-йўлланма учун баҳс олиб боришади. Ғалабадан бошқа натижа «Кинг Пауэр» эгаларини Европа лигасида ўйнашга маҳкум этади.
Моуриньо ушбу қарама-қаршиликда 4-3-3 схемасидан фойдаланди. Демакки, бизнинг рамзий терма жамоамиз ҳам шунга асосланади.
Дарвозабон: Коке Вегас
Испаниялик посбон «Леванте»да захира вакили ҳисобланади. Айтор Фернандес сўнгги икки баҳсни ўтказиб юборди. Мавсум давомида ушбу посбон Ла Лигада энг кўп – 158 та сэйв амалга оширди. Бу каби дарвозабондан асосий таркибни олиб қўйиш учун Охеда рақиб танлаб ўтирмаслиги ва фавқулодда қаҳрамонлик кўрсатиши талаб қилинарди. «Хетафе» рестартдан кейин «буюк шўнғиш»ни амалга оширди. Мана, 24 ёшли «Леванте» захира посбони дарвозасига йўл топа олмаган Хосе Бордалас шогирдлари якунда еврокубоклар йўлланмасидан қуруқ қолишди.
Чап қанот ҳимоячиси: Жонатан Силва
Аргентиналик қанот ҳимоячисининг иккита паси жамоасини Сегундага «Реал»дан мағлуб бўлмай йўл олишига етарли бўлди, холос. Ғалабадан сархуш мадридликлар чемпионлик мавсумини мағлубият билан якунлашни истамади. Акс ҳолда, сўнгги 5 ўйинда мағлубият нималигини билмай келган «Леганес» ўрнида «Сельта» қуйи лигага равона бўларди.
Марказий ҳимоячи: Тайрон Мингс
«Арсенал» устидан қозонилган ғалаба тўлиқлигича ҳимоя вакилларига бағишланса арзийди. Мингс эса мудофаанинг асосини ташкил этишдан ташқари, ғалаба голига ассистентлик ҳам қилиб берди. У ва жамоадошларининг саъй-ҳаракатлари туфайли «тўпчилар» «Вилла Парк»дан қуруқ қўл билан қайтишди.
Марказий ҳимоячи: Маттейс Де Лигт
Нидерландиялик ҳимоячи «Лацио»га қарши муҳим баҳсда ҳимояда ишончли ўйнаб бера олди. Римликлар ушбу ўйинда ғалаба қозонган тақдирда, чемпионлик пойгасида интрига сақланиб қолиши мумкин эди. Аксига олиб, «Аталанта» ва «Интер» ҳам очко йўқотди. Шу тариқа, «кекса синьора» ўзининг кетма-кет 9-чемпионлик титулига яқин турибди.
Ўнг қанот ҳимоячиси: Трент Александр-Арнольд
Ўз дарвозасидан 3 та тўп олиб чиққан клуб ҳимоячисини рамзий терма жамоага киритиш учун унинг исми Арнольд бўлиши керак! Сабаби, инглиз футболчиси қанот ҳимоясидаги футболидан ҳам кўра, ҳужумларга яхши қўшила олиши билан ажралиб туради. «Челси» дарвозасига жаримадан киритилган гол ҳам «ўхшаб қолган» зарбалар сирасига кирмайди. Мавсум давомидаги 13-ассист ҳам «аристократлар»га қарши учрашувга тўғри келди.
Марказий ярим ҳимоячи: Рики Пуч
Испаниялик ёш футболчи бир неча турлардан бери мухлис ва мутахассислар эътиборини тортиб келаётган эди. Ла Лига якуний турида иккита ассист билан жамоасига амалий ёрдам берган футболчи кичик жуссаси ва чаққон ҳаракатлари билан Мессининг ёшлигини ёдга солиши бор гап. Аммо уни бу каби ҳавойи гаплар ўсишдан тўхтатиб қўймаслигини хоҳлаган бўлардик. Ҳозирча, мана шу каби тур рамзий терма жамоаларидан жой олаётгани ҳам яхши натижа.
Ҳужумкор ярим ҳимоячи: Кристиан Пулишич
«Челси»нинг рестартдан кейинги ўйинлари ва амалга ошираётган трансферлари келгуси мавсумда жамоа ўз олдига юқори мақсадларни қўйишни режалаштираётганидан дарак бермоқда. Пулишич «Энфилд»да амалдаги чемпионларнинг кайфиятини бузишга ҳаракат қилди. Майдонга тушиши билан ўйинга интригани қайтарди. Атиги 30 дақиқа ҳаракат қилган футболчининг мерсисайдликлар метин ҳимоясини битта гол ва ассист билан тешиб ўтишга эришгани таҳсинга сазовор.
Ҳужумкор ярим ҳимоячи: Хакан Чалханўглу
Карантиндан кейинги «Милан» футболчилари ва айниқса, туркиялик хавбек рамзий терма жамоаларимизнинг доимий меҳмони саналади. Куни кеча Стефано Пиоли билан шартномасини 2022 йилгача узайтирган «россонерилар» анча қувноқ футбол намойиш этишмоқда. «Болонья» дарвозасига киритилган 5 та голнинг 2 тасида Хакан номини учратамиз.
Чап қанот ҳужумчиси: Криштиану Роналду
3 дақиқа ичида Криштиану томонидан киритилган 2 та гол «Лацио» масаласини ҳал қилди. Португалиялик эса «Олтин бутса» томон шаҳдам қадамлар билан кетмоқда. Иммобиле ўзаро ўйинда унинг дублига битта гол билан жавоб беришга эришди. Энди А Сериянинг икки юлдузи 68 очкода таққа тўхтаган Левандовски қўлидан ушбу совринни олиб қўйиш учун кейинги турларда яхшигина тер тўкади.
Ўнг қанот ҳужумчиси: Лионель Месси
Месси голли узатмалар сони бўйича Хави рекордини қарийб янгилаганди. Аммо унинг узатмаси Ла Лига мутасаддилари томонидан инобатга олинмади. Шунга қарамай, Лео мезбонлар дарвозасига 2 та гол уришга муваффақ бўлди. Чемпионликдан қуруқ қолган каталонияликлар бор аламини «Алавес»дан олди: 0:5.
Марказий ҳужумчи: Харри Кейн
Кейн мавсум давомида жуда кўп маротаба йўқолиб қолди. «Лестер»га қарши беллашувда эса ўз даражасидаги футбол намойиш этиб, дубль муаллифига айланди. Барқарорлик масаласидаги муаммоларини ҳал қилса, инглиз форварди жамоаси билан улкан марраларни забт этиши мумкин. «Тулкилар»га қарши ўйинда у ҳужумчиларга хос содда ва самарали ҳаракатлар билан учрашув тизгинини лондонликлар томонига оғдириб берди.
Изоҳ: Ушбу рамзий терма жамоа Ла Лига 38-, АПЛ 37- ва А Серия 34-турига асосланиб тузилди.
Абдулвосид Валихонов тайёрлади
Фикрлар