Ретроспорт. Кортдан Голливудгача

Аксарият одамлар футбол, бокс ёки теннисга кўпроқ мухлислик қилса-да, океанортида регби, крикет, хоккей ва айниқса, баскетболнинг ўрни бўлакча. Ер юзининг ҳеч бир бурчагида Америка Миллий баскетбол уюшмаси (NBA) каби қизиқарли лига мавжуд эмас. Бугун ушбу мусобақада Кавай Лэонард, ЛеБрон Жеймс, Жеймс Харден каби дунё юлдузлари ҳаракат қилишади. Аммо бир ном борки, усиз NBA ҳозирги мавқейига кўтарила олмасди. У ҳақида кинолар суратга олинган, китоблар ёзилган. У баскетболга берган нарсалар ҳеч қандай меёр билан ўлчаниши мумкин эмас. Демак, бугунги қаҳрамонимиз – Майкл Жордан.

Жордан 1

Ёш Майкл

Майкл Жеффри Жордан 1963 йилнинг 17 февралида Америка Қўшма Штатларининг Нью-Йорк штатида таваллуд топган. Буни қарангки, ота-онасининг биринчи учрашуви баскетбол беллашуви пайтида бўлган. Гап 1956 йил ҳақида кетмоқда. Бу пайтда Майклнинг отаси Жеймс Жордан BBCнинг Қўшма Штатлардаги бўлимида ишларди. Онаси Делорис Пиплс эса институтда ўқирди. Улар тез орада турмуш қуради. Жордан 5 фарзанднинг тўртинчиси эди. Унинг таваллудидан сўнг Жорданлар оиласи Уоллесга кўчиб кетади. Майкл 7 ёшга етганида эса улар Уилмингтонда яшай бошлайди. Бироз вақт ўтгач, ушбу оила ўзининг иқтисодий аҳволини бирмунча изга тушириб олади. Барча болалар қандайдир иш билан шуғулланиб, оила бюджетига хисса қўшар эди. Майклдан бошқа ҳамма. Ўрта мактабда ҳам ўқишни истамади. У спортга чин кўнгилдан қизиқар эди. Спортнинг жуда кўп турлари билан шуғулланиб кўрган болакай, келгусида машҳур бейсболчи бўлишни орзу қиларди. Унинг мақсади афсонавий питчер бўлиш эди. Ўз навбатида, у бейсболда анчагина катта ютуқларга эриша бошлади. 12 ёшида ёшлар лигасида финалга етиб борди. Кейинроқ, ушбу лигани ютиб, чемпионатнинг энг кучли спортчиси сифатида эътироф этилди.
Бироз вақт ўтгач, Майкл баскетбол билан қаттиқ шуғуллана бошлади. Бунга сабаб, ўша даврда қора танли болаларнинг кўпчилиги спортнинг шу тури билан кўпроқ шуғулланарди. Майклнинг бўйи у қадар баланд эмасди. У сакраш устида кўп ишларди. Бўй борасидаги етишмовчиликни шу орқали ёпиб кетишни мақсад қилган эди. Унинг доимий шериги катта акаси Ларри эди. Улар доим бирга шуғулланарди.

Жордан2

Катта мактаб

Эмсли Лейни катта мактабида таҳсил ола бошлаган Майкл Жордан аллақачон кучли баскетболчига айланиб улгурганди. Аммо мураббий унинг иқтидорини кўра била туриб, ёши катта ва бўйи баланд йигитларни маъқул кўрди. Бу ҳолат кўнглига оғир ботган Жордан ёшлар лигасида икки карра куч билан ўйнай бошлади. Қаттиқ меҳнат ортидан у лигада ҳар бир учрашувда ўртача 28 очко жамғаришга эришди. Шунингдек, тинимсиз машғулотлар Майклнинг бўйини 10 сантиметрга оширди. У баскетболдан ташқари американча футбол бўйича мактаб жамоасида ўйнарди, енгил атлетика билан шуғулланган, бейсболда ўзини кўрсатарди.
Мактабда дарслардан қочиб бўлса ҳам баскетбол ўйнашга борадиган Жорданнинг бўйи 11-синфда ўқиб юрган кезларида 186 см бўлган. У акаси ўйнайдиган катталар жамоага жалб этилди. У 23-рақамни танлади ва фаолиятининг асосий қисмини ҳам шу рақам остида ўтказди. У ҳар куни эрталаб мактабга бориш олдидан шуғулланарди. Деярли барча учрашувларда қатнашишга эришган бўлғуси афсона ўрта ҳисобда 20,8 очко тўпларди. Дастлабки даврларда уни ҳеч ким пайқамаган. Мактаб баскетболининг энг умидли 300 та спортчиси рейтингига ҳам киритилмаган. Аммо мактабни тамомлаган йилнинг ёзида Майклни Шимолий Каролина университети жамоаси мураббийи Дин Смит ўзи учун кашф этади. Қайси университетни танлашга иккиланаётган баскетболчига келгусида ушбу университет вакиллари махсус таклиф беришади. Жорданлар оиласи эркатой ўғилга тақдим этилган бундай имкониятдан бағоят қувонди.

Жордан 3

Шимолий Каролина университети

Афсонавий Дин Смит бошчилигидаги «Тар Хилс» клуби мамлакатдаги энг нуфузли клублардан бири эди. Совринлар ҳам анча юқори даражада. Ушбу жамоага янги қўшилган кезлар Майкл анча асабийлашарди. Чунки атрофидаги йигитлар ўзи мактаб даврида ўйнаган баскетболчилардан анча юқори классда ҳаракат қиларди. Жамоада келгусида NBA юлдузига айланиб кетган Сем Перкинс ва Жеймс Уорти ҳам ўйнарди. Дин Смит жамоавий ўйинни барчасидан устун қўядиган инсон эди. Жамоанинг энг юлдузли баскетболчиси ҳам жамоа ғалабаси йўлида меҳнат қилишга, ўзига хос қизғанчиқлик одатларидан воз кечишга мажбур эди. Жордан ўзи учун янги ҳисобланган ҳужумкор ҳимоячи позициясига қўйилди. Аммо тез фурсатда Дин Смит кўрсатмаларини тўғри тушунган «учар Жордан» ушбу позициянинг ҳақиқий устасига айланди. Натижада, мураббий уни 1981/82 йилги мавсумдан бошланғич таркибда тушира бошлади.
Ушбу мавсумда «Тар Хилс»ни тўхтатиб бўлмади. Атиги 2 та мағлубият ва 32 та ғалаба. Майкл Жордан эса мавсумнинг энг яхши ёш ўйинчиси, дея эътироф этилди. Бунга етарли асос ҳам бор эди. Финал ўйинининг энг сўнгги сониялари ўтиб бораётган бир пайтда Жорданнинг мўъжизавий сакраши жамоага олтинга тенг очколарни олиб берди.
Уч йил давомида Жордан ва унинг жамоаси тўхтовсиз чемпионликни қўлга киритди. 1983 ва 1984 йилларда у энг яхши ўйинчи сифатида танланган. Шундан сўнг, у университетни тарк этади. Чунки унга NBAдан таклифлар бор эди. Майкл исмли болакай энди бўй ва маҳорат жиҳатидан анча ўсган, профессионал баскетболчига айланиб улгурганди…
Панамерика ўйинлари ва Олимпиада Майкл Жордан фаолиятидаги трамплин вазифасини ўтаб берди. 1984 йил Лос-Анжелесда бўлиб ўтган Олимпия ўйинларида Қўшма Штатлар жамоаси ҳеч қандай юлдузларсиз иштирок этиши керак эди. Жамоа сардори эса 21 ёшли Майкл Жордан. Аммо якунда улар барча ўйинларда осонлик билан ғалаба қозониб, тўртйилликнинг энг нуфузли мусобақасида ғолиб бўлишга эришди.

Жордан 4

Профессионал фаолият

1984 йилда Жордан «Чикаго Буллз» аъзосига айланди. Ўзининг дастлабки мавсумидаёқ фантастик самарадорлик намойиш этиб, жамоа юлдузига айланди. У тез орада Миллий Баскетбол Ассоциациясидаги энг севимли ўйинчига айланиб олди. АҚШ спорти тарихидаги энг дастлабки ва нуфузли нашрлардан бири бўлган «Sports Illustrated» у ҳақида «Юлдузнинг туғилиши» мақоласини чоп этди. Худди шу йили Майкл «Nike» компанияси билан шартнома имзолади. Машҳур бренд у учун махсус «Air Jordan» номли қора кроссовкаларни ишлаб чиқарди ва у тез орада оммалашиб кетди. Ушбу мавсумда жамоа «Милуоки Бакс» томонидан плей-оффдан чиқариб юборилди.

air-jordan-nike-950x500

Дастлабки мавсумидаёқ мавсум рамзий терма жамоасидан жой олишга эришди. Самарадорлик бўйича лигада учинчи ўринда қайд этилди. Энг яхши ёш ўйинчи унвонини олди.
Иккинчи мавсумнинг катта қисмини оёғидан олган жароҳати сабаб ўтказиб юборган Жордан кейинчалик майдонга қайта олди. «Чикаго Буллз» яна плей-оффга чиқди. «Бостон Селтикс» уларга рақиблик қиладиган бўлди. 1985/86 йилги Бостон жамоаси NBA тарихидаги энг кучли жамоалардан бири, дея эътироф этилади. Ушбу беллашувда ҳам Жордан тиниб-тинчимади. Плей-оффлар тарихида ҳали ҳеч бир баскетболчи ушбу ўйинда Жордан қайд этган натижага эриша олмаганди. Унинг бир ўзи 63 очко ишлади. Тасаввур қиляпсизми?! Бироқ якунда барибир «Буллз» мағлубиятга учради.
1986/87 йилги мавсумда Жордан яна рекордларни забт этишда давом этди. У NBA тарихида Уилт Чемберлендан сўнг мавсум давомида 3000 дан зиёд очко тўплаган дастлабки баскетболчига айланди. У ҳимоявий ҳаракатларда беназир ўйин кўрсатди. 200 марта рақибларидан тўпни олиб қўйган, 100 та блок-шот. Фантастика!
1987/88, 1988/89 ва 1989/90 йилларда Майкл Жордан энг яхши тўпурар бўлди. Аммо ҳар учала мавсумда ҳам чикаголиклар «Детройт Пистонс» томонидан мусобақадан чиқариб юборилди. Уларни ўта қўпол ўйинлари сабаб «ёмон болалар» деб аташарди.

Air-Jordan-III-1988-game-GettyImages-140029697

1990/91 йилги мавсумда узоқ кутилган чемпионлик қўлга киритилди. Чемпионлик кубогини қўлига ушлар экан, Майкл кўз ёшларини тийиб тура олмади. Ушбу ғалабани янада қимматли қиладиган жиҳат «Чикаго Буллз» плей-оффда айнан «Детройт»ни ҳеч қандай имкон қолдирмай таслим этди. Шундан кейин «Буллз»ни тўхтатиб бўлмади. Уч мавсум кетма-кет яққол устунлик билан чемпионлик.
1992 йил Барселонада ўтказилган Олимпиадага АҚШ олиб борган таркиб баскетбол тарихида, сўзсиз, энг кучлиси бўлган эди. Майкл Жордан бошчилигидаги жамоада Ларри Бёрд, Меджик Жонсон, Чарлз Баркли, Крис Маллинг, Патрик Юинг, Клайд Длекслер ва Жон Стоктон бор эди. Уларга «орзулар жамоаси» деб ном қўйишганди. Ушбу чемпионатдаги 8 та ўйиннинг ҳар бирида Чак Дейли шогирдлари 100 дан ошиқ очко жамғаришди. Мураббий бирор марта ҳам тайм-аут олмади. Учрашувдан сўнг нафақат мухлислар, балки рақиб жамоалар ҳам америкалик юлдузлардан дастхат олиш учун навбатда турганлари тарихий ҳақиқат. Шу тариқа, Майкл Жордан ўзининг иккинчи олимпия олтин медалини ютиб олди.
1993 йилнинг 6 октябрь санасида Майкл фаолиятини якунлаганини эълон қилди. У отасининг вафотини бунга сабаб қилиб кўрсатган. 1998 йилда чоп эттирган автобиографик китобида фаолиятини якунлаш ҳақида Барселонадаги Олимпиададан сўнг ўйлай бошлаганини маълум қилади. Унга машҳурлик статуси ёқмасди. У газета ва журналлар, телеканаллар, Голливуд киноларида тез-тез ёдга олинарди. 1994 йилда суратга олинган «Майкл Жорданнинг ўйин майдони» ва «Кел, бирга парвоз қиламиз» фильмлари бунга яққол мисол.
У фаолиятини якунлагач, бейсболчи сифатида омадини синаб кўрди. Марҳум отасининг ва ўзининг ёшликдаги орзуси уни бу ишга ундади. Аммо бейсболда у кўнгилдагидек фаолият олиб бора олмади.

955625-19574280-1600-900

1995 йилнинг 18 мартида у қисқа эълон орқали баскетболга қайтганини эълон қилди: «Мен қайтдим». Энди у 45-рақамда ҳаракат қила бошлади. Фаолиятини қайта тиклаганидан сўнг дастлабки учрашувини «Индиана Пейсерс»га қарши ўтказди. Айнан ушбу учрашув энг кўп томоша қилинган матчлар орасига кирди. Қайтганидан кейин дарров супер ўйинларини намойиш эта бошлади. Аммо бу мавсум чемпионлик насиб этмади. Чунки «Буллз»да авлодлар алмашинуви кетаётган эди.
1996/98 йилги мавсумларда Жордан жамоаси билан яна «три-пит» - кетма-кет уч марта чемпионликни нишонлади ва трипл-дабл қайд этган биринчи баскетболчига айланди. 1996 йил Жордан иштирокидаги «Фазовий ўйин» номли фильм намойиш этилди.
1999 йил 13 январда Жордан иккинчи бор фаолиятини якунлаганини эълон қилди. Аммо бу ҳали ҳаммаси эмасди. 2001 йилги теракт унга қаттиқ таъсир қилди ва хайрия мақсадида «Вашингтон Уизардс» билан шартнома имзолади. У маошини ушбу фожеадан зарар кўрганларга хайрия қилди.
2003 йил у баскетболдаги сўнгги учрашувини ўтказди. У фаолиятини якунлагач, «Маями Хит» жамоаси 23-рақамни муомаладан чиқарди. Ваҳоланки, Майкл Жордан майамиликлар сафида ҳеч қачон ўйнамаган. Фаолиятининг энг сўнгги учрашувида 3 дақиқа давомида мухлислар, жамоадошлари ва ҳатто рақиблар ҳам унинг ҳаракатларини олқишлаганча кузатиб туришди.
Мана шундай ҳурмат ва эҳтиром билан буюк баскетболчи корт билан хайрлашди. Унинг Чикаго шаҳрида ўрнатилган ҳайкали шаҳарнинг туристлар томонидан ташриф буюриладиган энг машҳур жойи ҳисобланади.

Абдулвосид Валихонов тайёрлади

Ретроспорт. Афсонавий “немис машинаси”

Ретроспорт. Такрорланмас рекорд соҳиби

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!