SPORTS.uz талқинида Ла Лига рамзий терма жамоаси
Испан футболи ушбу мавсум аввалгиларидан фарқли равишда футбол ихлосмандларига кўпроқ интрига тақдим қила олди. Энди Ла Лигада асосий масала чемпионлик пойгасидагина бўлиб қолмай, еврокубок йўлланмалари учун курашадиган жамоалар ҳам анча рақобатбардош бўлиб қолди.
Аммо биз мавсумни жамоалар томонидан эмас, футболчилар, феноменлар жиҳатидан таҳлил қиламиз.
Мураббий: Зинедин Зидан (4-3-3)
Ўринбосар сифатида олиб келинган Зиданнинг бу қадар салоҳиятга эгалигини ким билибди, дейсиз?! Аксарият кучли футболчилар мураббийликда омадли бўлмайди. Франциялик «олтин бош» соҳибини эса қай жабҳада кучлироқлигини танлашга ҳам ожиз қолади киши.
Зидан Роналду кетгач, ўзининг 9 йиллик етакчисидан айрилган жамоада бошқа қаҳрамонларни топиб бера олди.
Зидан жорий мавсумни, асосан, классик 4-3-3 услубида ўтказди. Биз ҳам рамзий терма жамоамизни тузишда ушбу тактик схемага амал қиламиз.
Дарвозабон: Тибо Куртуа
"Самора" совринини икки Мадрид клубида қўлга киритган биринчи посбон – Куртуага бўлган ишончсизликлар ёдингиздами? Ҳа, бельгияликда етакчилик ҳислатлари йўқ. Жамоаси ёмон ўйнаётган пайтда катта саҳнага чиқиб, қаҳрамонликлар кўрсата олмаслиги мумкин. Аммо «Реал» ҳимояси жорий мавсумдаги каби ишончли ҳаракат қилишда давом этса, Тибо ҳам ўз даражасини намойиш этиш баробарида бу каби эътирофларнинг кўпига сазовор бўлиши мумкин. Ҳимоя кучи дарвозабонга ҳам муваффақият олиб келишига Куртуа яққол мисол. Аслини олганда, мавсум давомида 76 марта сэйв амалга оширган дарвозабон бу борада лиганинг 13-натижасини қайд этиб турибди. Биринчи поғонадаги Аитор Фернандес ҳисобида эса нақд 158 та сэйв бор.
Зиданнинг бўрондек ёпирилган танқидларга қарамай, унга имкон бериши ҳам таҳсинга лойиқ. 18 та «қуруқ ўйин» қарийб ярим мавсум гол ўтказмасликка баробар. Демак, 28 ёшли футболчи ҳақли равишда терма жамоамиз дарвозасини қўриқлайди.
Чап қанот ҳимоячиси: Марк Кукурелья
«Хетафе» мавсумнинг пандемиягача бўлган қисмини кучли тўртлик жамоасидек ўтказди ва шундай бўлаётган эди. Аммо ҳар 2-3 кунда футбол ўйнаш учун клубда улкан захира бўлиши лозим. Испаниялик қанот ҳимоячиси эса жорий мавсумда жами 37 та (!) беллашувда майдонга тушди. Яна бир эътиборли жиҳати, Марк мана шу баҳслар мобайнида бирор марта ҳам карточка ишлаб олмаган.
Бир тарафдан, унинг рамзий терма жамоамизга киритилиши гранд жамоалар чап қаноти вакилларининг беқарор ўйини ва тез-тез ротацияга учраганидадир.
Марказий ҳимоячи: Жерар Пике
Пикенинг ёши ўтиб бораётгани бор гап. Аммо Гвардиола тики-такаси фахрийларидан ҳисобланган ҳимоячи баъзи кўрсаткичлари билан ҳужумкор футболчиларнинг ҳам ҳавасини келтиради. У жорий мавсум ҳаммадан кўп – 2460 та аниқ пас узатган. Солиштириш учун, иккинчи поғонадаги Бускетсда 2315 та ва учинчи натижани қайд этган Тони Кроссда эса 2184 та шундай узатма мавжуд.
Ҳар битта ўйинда ўрта ҳисобда 6,29 маротаба рақибларидан тўпни олиб қўйган. Жамоаси билан 14 та баҳсда дарвозаси дахлсизлигини сақлаб қолишга эришган.
Марказий ҳимоячи: Серхио Рамос
Биз Беккенбауэр, Кемпбелл ёки Роберто Карлос каби ўтмиш ҳимоячиларини шараф билан эслаймиз. Серхио Рамос ҳам якунига етиб бораётган фаолияти орқали келгусида бу каби афсонавий ҳимоячилар рўйхатида биринчилардан бўлиб тилга олиниши аниқ. «Эль Капитано» ушбу мавсумда «Реал»да том маънода етакчига айланди. Пенальти бўладими, жарима зарбасими – муҳими у энг зарур паллаларда ҳатто ҳужумчига айланиб жамоаси учун муҳим голларни киритди. Энг асабий лаҳзаларда «Қироллик клуби» ҳимоясини хотиржамлик билан бошқарди. Бутун мавсум мобайнида 11 та гол уришга элитадаги баъзи жамоаларнинг манаман деган ҳужумчилари ҳам муваффақ бўла олмаган. Тўп олиб қўйиш бўйича кўрсаткич ўйин бошига 6,03 тани ташкил этди.
Ўнг қанот ҳимоячиси: Хесус Навас
«Севилья» бу мавсум кучли учликка жуда яқин келди. 38 учрашувда 5 тагина кўпроқ гол урганида андалусияликлар бронза медалга эга чиқарди.
Ушбу позицияда Хесус Навас қайд этилганининг боиси жорий мавсум айнан испан лотерали рақобатчилари Карвахаль, Триппьер ва Семедудан кўра феноменал ўйин кўрсатди. У Ла Лиганинг барча 38 учрашувида иштирок этишга муваффақ бўлди. Ўз ҳисобига 7 та пас ҳам ёздириб қўйишга улгурди.
Таянч ярим ҳимоячиси: Каземиро
Каземиро таянч ярим ҳимоячисининг соф вазифаларини бажариб келмоқда. Ушбу мавсум Испаниядаги бошқа ҳеч бир футболчи рақиб ҳужумини Каземирочалик кўп ва хўб зарарсизлантирмаган. У яккакурашларда ғалаба қозониш борасида ҳам Ла Лига етакчилари қаторида.
«Реал» ғалабасида бутун таркибнинг ҳиссаси катта. Биз мадридликлар жамоавий футболининг имкон қадар энг ёрқин вакилларини ажратиб олмоқдамиз.
Марказий ярим ҳимоячи: Коке
«Атлетико» нима бўлган тақдирда ҳам учликка кирди. Демакки, улардан кимдир рамзий терма жамоамиздан жой олиши лозим эди. Биз жамоа етакчиси Кокени «матрасчилар» сафидаги ушбу номга энг муносиб футболчи, деб топдик. 4 та гол ва 5 та ассист муаллифига айланган испан футболчиси ушбу кўрсаткич билан «Атлетико»нинг қарийб ҳар 5 та голидан бирида иштирок этган бўлиб чиқади. Ваҳоланки, Коке ҳужум учлигини тўп билан таъминловчи футболчилар сирасига киради.
Ҳужумкор ярим ҳимоячи: Лукас Окампос
Аслида, Окампос 26 ёшда ва у футбол олами учун янгилик эмас. Аммо унинг жорий мавсум Ла Лигада ўтказган ўйини аввалги йиллардаги ҳаракатларига нисбатан анча салмоқли бўлди. У бир неча йиллик саргардонликдан сўнг Андалусияда ўз клубини топгандек. Ҳужумкор футболчининг дебют мавсумидаёқ 33 учрашувда майдонга тушиши катта натижа. Натижа ҳам майдонга тушадиган-да: 14 гол ва 3 ассист.
Чап қанот ҳужумчиси: Херар Морено
Мавсумнинг испаниялик энг яхши ҳужумчисига топшириладиган "Сарра" совринига муносиб топилган футболчига чап қанот ҳужумини ишониб топширамиз. «Сариқ сувости кемаси»нинг 7-рақами соҳиби ҳисобланган футболчи жорий мавсумда 35 та турда майдонга тушиб, 18 та гол ва 6 та ассист муаллифига айланди. «Вильярреал» келгуси мавсум Европа Лигаси гуруҳ босқичида ўйнайди.
Ачинарлиси, улар ҳам «Хетафе» сингари пандемиягача Чемпионлар лигаси учун жиддий курашаётган эдилар.
Ўнг қанот ҳужумчиси: Лионель Месси
«Барселона» иккинчи Аргентинага айланмоқда. Месси қанчалик кучли ўйнамасин уларни бир қадамлик жойгача олиб келишга қодир, холос. “ЖЧ-2014” ёдингизда а?! Уни Марадона билан солиштиришлари мутлақо тўғри. Диего ҳам жамоасини финалгача етаклаб келган. Ҳал қилувчи баҳсда жамоадошлари унинг елкасидаги масъулиятини енгиллаштиришга муваффақ бўлган. Мессида-чи?!
«Барселона» ушбу мавсумда шу қадар муаммоли эдики, ҳатто бу гап-сўзлар ташқарига ҳам болалаб кетди. Лео кетиши ҳақида ҳам миш-мишлар қайталанди. Ушбу мавсум ҳақли равишда вице-чемпионлар олд чизиғидан биттагина футболчи рамзий терма жамоамизга киради.
Марказий ҳужумчи: Карим Бензема
Ўзи иштирок этган ҳар бир учрашувда голли вазиятда қатнашган марказий ҳужумчи Ла Лигада бошқа йўқ. Француз айниқса, рестартдан кейин анча яхши футбол намойиш этди. 21 та гол ва 8 та ассист билан тўпурарлар пойгасида Мессига энг яхши рақобатчилик вазифасини муносиб уддалади. Зиданнинг жамоавий футболидан ажралиб чиқиб, бу каби катта кўрсаткичларни юзага келтириш осон эмас.
«Олтин тўп-2020» бекор қилинмаган тақдирда биз Бенземани энг яхши даъвогарлар орасида кўрган бўлардик.
Абдулвосид Валихонов тайёрлади
Ла Лига якунлари: натижалар, фактлар, рекордлар
SPORTS.uz талқини бўйича кучли бешлик чемпионатларида тур рамзий терма жамоаси
Фикрлар