Ҳасанбой Дўсматовга менежери қандай ваъда берганди?
Рио Олимпиадаси чемпиони Ҳасанбой Дўсматов профессионал боксда иккинчи жангини ўтказиши ҳақида хабар бергандик. Юртдошимиз 24 январь куни Россияда мезбон боксчи Артём Ткаченко (5-0, 3 КО) билан тўқнаш келади.
Биз ушбу жанг олдидан Дўсматовга тайёргарлик жараёнлари борасида бир-икки савол билан мурожаат қилдик.
- Маълумки, профессионал боксдаги дебют жангингиздан сўнг, анчагина танаффус бўлди. Қолаверса, коронавирус пандемияси туфайли, тайёргарликлар ҳам кўнгилдагидек бўлмагандир. Умуман олганда, жисмоний ҳолатингиз қандай?
- Тўғри, карантин туфайли барча спортчиларда бироз тўхталиш бўлди. Шундай бўлса-да, биз машғулотларни олиб бордик. Барчаси жойида.
- Нега энди иккинчи ўта енгил вазн (52 кг) тоифасида жанг қилаяпсиз? Бу вазн сиз учун қулайми?
- Менга жанг қилишим борасида 14 кун қолганда айтишди. Шунинг учун соғлиқ нуқтаи назардан 5-6 кг вазн ташлашни хоҳламадим. Чунки, табиий вазним 55-56 кгда юради. Якунда, 52 кг вазн тоифасини танладим.
- Бу рақибингиз Артём Ткаченконинг вазн тоифаси ҳисобланади. Шунинг учун сизга қийинчилик туғилиши мумкин?
- Ткаченконинг бир-иккита жангини кўрдим. Профессионал рингда мендан тажрибали ҳисобланади. У 5 та жанг ўтказган ва барчасида ғалаба қозонган. Шундай бўлса ҳам, бу жангга тайёрман. Насиб қилса, ғалаба қозониб, барчани хурсанд қиламиз, деган умиддаман. Қисқа қилиб айтганда ўзимга ишонаман!
- Виза масаласида қандай янгиликлар бор?
- Янги йилдан кейин ҳал бўлиб қолса керак. Менежерларимиз ҳам янги йилдан АҚШга боришимни ва у ерда машғулотлар олиб боришимни айтди.
- Менежерингиз Вадим Корнилов билан шартнома ва умуман келажагингиз борасида суҳбатлашдингизми?
- Албатта, бу борада кўп суҳбатлашиб турамиз. У 3 ёки 4-жангимда чемпионлик титули учун рингга кўтарилишим борасида ваъда берган ва бунга астойдил ҳаракат қилишини айтган.
- Бу жангингизда мураббийингиз Зиёйиддин Тайғонбоев ҳамроҳлик қиладими?
- Албатта, устоз ёнимда бўлади.
- Мослашиш жараёни ҳам муҳим ҳисобланади. Демоқчиманки, Россияга қачон йўл олмоқчисизлар?
- Ҳозирча чипта олингани йўқ. Лекин 21 декабрга мўлжаллаб турибмиз.
- Суҳбат учун раҳмат ва ўз ўрнида кутилаётган жангингизда омад ёр бўлишини тилаб қоламиз!
- Катта раҳмат!
Ҳасанбой Дўсматов навбатдаги жангини ўтказади. Жанг санаси ва рақиб ҳам маълум
Даврон Файзиев: "Сергей Ковалёв профессионал боксда "катта ном" ҳисобланади"
Хуршидбек Норматовнинг навбатдаги жанг санаси маълум бўлди. Рақиб жиддий...
Фикрлар