Шаҳрам Ғиёсов Осиёнинг энг яхши боксчиси деб топилди

  • 13 декабрь, 2017, 12:17
  • 0
  • Бокс

Осиё бокс Конфедерацияси томонидан ўтказилган йилнинг энг яхшиларини  аниқлаш бўйича сўровномалар якунига етди.

Унда 14 та турли номинациялар бўйича ғолиблар аниқланди. Сўровномада асосан ижтимоий тармоқлар фойдаланувчилари овоз бериш жараёнида иштирок этишди.

Эркаклар ўртасидаги Осиёнинг энг яхши боксчиси номинация учун Шаҳрам Ғиёсов (Ўзбекистон), Ҳасанбой Дўсматов (Ўзбекистон) ва Кайрат Ералиев (Қозоғистон) кураш олиб боришди. Овоз бериш якунларига кўра, Шаҳрам Ғиёсов 57,2% овоз тўплаган бўлса, 32,8% овоз билан Ҳасанбой иккинчи ва Кайрат Ералиев 6,1% билан учинчи ўринни қўлга киритди.

24 ёшли Рио-2016 Олимпиадаси финалчиси Шаҳрам 2017 йил май ойида Тошкентда ўтган Осиё чемпионати ҳамда сентябрь ойида Германиянинг Гамбург шаҳрида ташкил этилган жаҳон чемпионатида шоҳсупанинг энг юқори поғонасига кўтарилган.

Боксчимиз яқинда ҳаваскорлар боксини тарк этганини ва профессионал боксдаги фаолиятини бошлаш учун АҚШга йўл олганини маълум қилди.

Хотин-қизлар ўртасида эса қозоғистонлик Мадина Нуршаева (62,3%) энг яхши боксчи деб топилди. Шунингдек, ҳиндистонлик Чунгнейжанг Мери Ком Ҳмангте (Chungneijang Mary Kom Hmangte) иккинчи (14%) ва кореялик Еон Оҳ Жи (9,4%) учинчи бўлди.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!