920 0

Маълумки, ўтган ҳафтада Бирлашган Араб Амирликларининг Дубай шаҳрида “Осиё Кубоги-2019” мусобақасига қуръа ташланди. Ўзбекистон терма жамоасининг рақиблари барчага аён бўлди. Қуръадан кейин Ўзбекистон футбол ассоциацияси раҳбарлари ва бошқа мутахассислар ўз фикрларини билдиришди. Аммо терма жамоамизнинг вақтинчалик бош мураббийи Темур Кападзе бу борадаги муносабатини ҳали билдирмаганди. Шу сабабли куни кеча Кападзе билан алоқага чиқдик.

- Осиё Кубогига қуръа ташланди ва унга кўра терма жамоамиз "Ғ" гуруҳида Япония, Уммон ва Туркманистон термалари билан бир гуруҳдан ўрин олди. Қуръа ҳақида қандай фикр билдира оласиз?

- Қуръа ҳақида гапирадиган бўлсам, 1-саватчада бир-биридан кучли жамоалар бор эди. Улардан қайсидир жамоа барибир бизга дуч келиши аниқ эди. Одатда қуръадан олдин қандайдир фикрлар билдирилади ва у ёки бу жамоани гуруҳимизга тушса яхши бўларди, қабилида гаплар айтилади. Лекин менда бундай фикрлар йўқ эди. Қуръадан олдин ҳеч нима ҳақида ўйламадим. Осиё Кубогида олдимизга катта вазифа қўйиладиган бўлса, ҳеч нимага қарамаслигимиз керак. Гуруҳимиздаги ҳар қандай рақиб билан ўйнашимизга тўғри келади. Мақсад жиддийми, ундай бўлса ҳар бир ўйинда ғалаба қозониб мақсадимиз сари одимлашимиз керак. Тўғри, гуруҳимиз ҳақида турли фикрлар билдириляпти. Барча рақибларимиз ўзига яраша кучга эга. Ҳар қандай жамоа ҳам ўз олдига вазифа қўяди. Ҳеч ким бекордан-бекорга ўйнамайди. Олдиндан кимнидир буниси кучсиз ёки буниси кучли деб айтиш ҳам ноўрин. Ҳар бир ўйин қизиқарли ўтади. Мақсадимиз жиддийми, демак, рақибларимизни енгиб ўтишимиз шарт. Гуруҳдан иккита жамоа чиқади. Ўйлайманки, кейинги босқичга чиқишимиз у қадар муаммо бўлмайди. Тўғри, кўпчилик учун рақибларимиз орасида Туркманистон заиф кўринмоқда. Шунингдек, Уммонни ҳам менсишмаяпти. Лекин улар ҳам Осиёнинг яхши жамоаларидан бири. Уммонинг ўтган йилги ўйинларига қарасак, БАА ва Саудия Арабистони каби термаларни мағлуб эта олган. Шу боис уларнинг кучига ҳам тўғри баҳо бериш лозим. Назаримда, кўпчилик Уммонни Яман билан адаштириб юборишяптимикин деб ўйлаяпман. Боя айтганимдек, Осиё Кубогида муваффақиятли қатнашмоқчи бўлсак, йўлимиздан чиққан ҳар қандай рақибни мағлуб этишимиз керак бўлади. Бир томондан олиб қараганда, Япония, Уммон ва Туркманистондан иборат гуруҳимиз яхши бўлди. Чунки уларнинг орасида кучлиси ҳам, кучсизроғи ҳам бор. Жамоамизнинг салоҳияти эса юқори. Футболчиларимизнинг кучи бемалол етади. 

- Сизни қуръа ташлаш маросимида бевосита иштирок этишингизни кутгандик. Аммо ўша куни сизни Фарғонада учратдик. Нима учун бормадингиз?

- Сабабими? Ўзбекистон футбол ассоциацияси раҳбарлари ҳам ўша ерда эди. Қолаверса, Равшан Ҳайдаров бошчилигидаги олимпия терма жамоамиз Индонезиядаги турнирда қатнашаётганди. Шу боис Равшан ака у ердан тўғри Дубайга бориб, қуръа ташлаш маросимида қатнашди. Барибир бизга хориждан мураббий келади.

- Миллий терма жамоамизнинг олдида Эрон билан Уругвайга қарши ўйинлар турибди. Барибир ўша ўйинларга жамоани сиз тайёрлайсиз. Жаҳон чемпионати иштирокчиларига қарши учрашувларга тайёргарлик режаси қандай бўлади?

- Иккала ўйинга ёшартирилган таркиб билан борамиз. Раҳбарият томонидан менга шундай вазифа қўйилди. Чунки олдимизда Осиё ўйинлари ҳам турибди. Ушбу мусобақагача иқтидорли футболчиларимизни мана шундай ўртоқлик ўйинлари орқали тайёрлаб борамиз. Дастлаб Эрон билан ўйнаймиз. Кейин Уругвайга қарши бўладиган беллашувда яна таркибни кўриб чиқамиз. Чунки бу ўйинлар ФИФА кунларидан ўрин олмаган. Шунинг учун ички чемпионатимиздаги иқтидорли ёшларга кўпроқ имконият бермоқчимиз. Барибир бундай катта ўйинлар йигитларимизга қандайдир тажриба беради. Биз клубларида ўзини муносиб равишда кўрсатаётган футболчиларни олиб кетамиз.

- Эронга қарши ўйин 19 май куни ўтказилади. Мазкур беллашув учун тайёргарлик қачондан бошланади?

- 14 ва 15 май кунлари Суперлиганинг навбатдаги тур ўйинлари бўлиб ўтади. Насиб қилса, 16 майда Тошкентда тўпланиб машғулот ўтказамиз. Ўша куни кечаси Истанбул орқали Эронга кетамиз. Режа бўйича 17 май куни тушлик пайтига Теҳронга етиб келамиз. У ерда ҳам машғулотлар олиб борамиз.

- Бу ўйин учун таркибни қачон эълон қиласиз?

- Таркибни деярли 90 фоизга аниқлаштириб олганмиз. Бу борада Равшан ака Ҳайдаров билан биргаликда маслаҳатлашяпмиз. Осиё ўйинларига борадиган таркибни миллий терма жамоамиз сафида бўлажак ўйинларда синовдан ўтказамиз. Лекин бунгача олдинда чемпионат ўйинлари бор. Шу боис эртага вазият ўзгариб қолиши ҳам мумкин. Ҳаммаси тўла-тўкис тур ўйинларидан кейин ҳал бўлади ва шундан кейин номзод футболчиларнинг клубларига хатлар юборилади. Шуни аниқ айтишим мумкинки, кўпроқ Осиё чемпиони бўлган таркибдан ўйинчиларни олиб кетамиз. 

- Куни-кеча миллий терма жамоамизнинг Камерун билан ҳам ўйин ўтказиши мумкинлиги ҳақида эшитдим. Бу қанчалик ҳақиқат?

- Бу хабар тасдиқланмади. Мен ҳам бу ҳақида сўрагандим, қандайдир шу ҳақида гап бўлган-у, бироқ кейинчалик ўз тасдиғини топмади. Агар Камерунга қарши ўйин бўлиши аниқ бўлганида Ўзбекистон футбол ассоциациясининг расмий сайти орқали хабар бериларди. 

- Араб чемпионатлари якунига етди. У ерда ўйнаётган легионерларимиз эса таътилга чиқишди. Масалан, Темурхўжа Абдуҳолиқов ва яна бошқа футболчиларни бўлажак ўйинларга чақирса бўлмайдими?

- Легионерларимизни ҳам чақирсак қанийди. Достон Ҳамдамов, Темурхўжа Абдуҳолиқов ёки яна бошқа легионерларимиздан ҳам фойдаланганимизда янада яхши бўларди. Лекин менга олдиндан ушбу учрашувларда легионерсиз ўйнашимизни айтишган. Барибир асосий эътиборни Осиё ўйинларида қатнашадиган футболчиларимизга қаратамиз. Ҳали айтганимдек, бу учрашувлар улар учун тайёргарлик вазифасини ўтаб беради. 

- Таркиб кўпроқ ёшлардан ташкил топаётган бўлса, қайд этиладиган натижалар устивор вазифага айланмайдими?

- Таркибни ёшартириб ютасизлар, деган вазифа йўқ. Лекин бизда иқтидорли ўйинчилар бор ва уларга кўз тегмасин. Биз ҳар қандай ўйинда ҳам фақат ғалаба учун курашамиз. Шунга яраша тайёргарлик кўрамиз. Гарчи Эронга қарши беллашув учун тайёргарлик кўришга вақтимиз етарли бўлмаса-да, Ўзбекистон шарафини муносиб ҳимоя қилишга ва ёруғ юз билан қайтишга ҳаракат қиламиз. 

«SPORTS.uz» сайтида чоп этилган материаллардан нусха кўчириш, тарқатиш ва бошқа шаклларда фойдаланиш фақат таҳририят ёзма розилиги билан амалга оширилиши мумкин.

ТАҲРИРИЯТ ҲАҚИДА

Гувоҳнома: №1002. Муассис: «RENDER SYSTEMS» МЧЖ.

Таҳририят манзили: 100047, Тошкент шаҳри, Истиқбол кўчаси, 15-уй.
Электрон манзил: info@sports.uz.
Телефон: +998 71 233-78-98