Абдумалик Ҳакимов: “Орол” йирик ҳисобда мағлуб бўлсада, ўйинчи борасида яхши таассурот қолдирди”

3 апрель, 18:22 401

Абдумалик Ҳакимов: “Орол” йирик ҳисобда мағлуб бўлсада, ўйинчи  борасида яхши таассурот қолдирди”

Биринчи лиганинг илк турида Қувасойнинг “Цементчи” жамоаси ўз майдонида Нукуснинг “Орол” клубини қабул қилди. Голларга бой тарзда ўтган баҳсда мезбонлар рақиб дарвозасига жавобсиз 5та (!) киритишга муваффақ бўлди. Учрашувдан сўнг “Цементчи” устози Абдумалик Ҳакимовдан интервью олдик.

- Абдумалик ака, энг аввало бошқарувингиздаги жамоанинг йирик ҳисобдаги ғалабаси билан табриклаймиз. Айтингчи “Цементчи” нимани ҳисобига бунчалик йирик ҳисобда ғалаба қозонди?

- Табрик учун ташаккур. Биринчи навбатда мухлисларимизни янги мавсум бошлангани билан табриклаб ўтган бўлардим. Қувасой ахли расмий баҳслар бошланишини ва албатта “Цементчи”дан ҳар бир баҳсда жангавор ўйин кутаётганини яхши тушуниб турибмиз. Бугунги ўйинга келадиган бўлсак, шогирдларим берилган кўрсатмаларни яхши бажарди. Вазиятлардан унумли фойдаландик. Ҳисоб бунданда йирик кўриниш олиши мумкин эди. Чунки рақиб жарима майдони яқинида кўплаб голли вазиятларни содир этдик. Ўйлайманки стадионга келган ишқибозлар ўз уйларига хурсанд холда қайтди.   

- Рақиб жамоа ҳақида фикрингиз қандай? Бугун “Орол” ҳаддан ташқари кучсиз ўйнадими ёки “Цементчи” кучли эдими?

- Йўқ, нукусликларни кучсиз демаган бўлардим. Улар ҳар сафар жамоамизга муносиб қаршилик кўрсатиб келган. Бу сафарги беллашувда ҳам йигитлар ўйин борасида сира қолишмасликка харакат қилди. Ҳисобга қарамагада ўйин тенг курашлар остида ўтди. Бизнинг омадимиз чопди ва вазиятлардан унумли фойдалана олдик. Нукусликларда пенальтидан ҳисобни қисқартириш имкони ҳам туғилганди. Бироқ улар бундан аниқ фойдалана билмади.   

- Ғолиб жамоа ўйини кўпинча муҳокама қилинмайди. Лекин сиз бош мураббий сифатида айтингчи шогирдларингизни намойиш этган ўйинидан қанчалик қониқиш хосил қилдингиз?

- Юқорида айтиб ўтганимдек, таблодаги ҳисоб янада йирик кўриниш олиши ҳам муқаррар эди. Боиси кўплаб голли вазиятлар яратилди. Аммо йигитларга яна бироз совуққонлик етишмади. Шу боис айтган бўлардимки, футболчиларимнинг харакатларидан кўнглим тўлиқ тўлмади, 50х50. Лекин йигитларга раҳмат. Улар имкон даражасида ўйнаб кўрсатмаларни аниқ бажаришга уринди. Ўйлайманки турдан-турга ўйинимиз янада шаклланиб бораверади.   

- Ушбу йирик ғалаба турнинг энг йирик ҳисобдаги ғалабаси бўлди. Қолган ўйинлардаги қайд этилган натижалар ҳам эътиборингизни тортган бўлса ажаб эмас?

- Ҳа, албатта. Бошқа учрашувларда қайд этилган натижалар билан танишиб чиқдим. Спорт принципларидан келиб чиқиб айтадиган бўлсак, “Сурхон” ва “Андижон”ни икки очко йўқотгани бизга қўл келди. Очиғи, кўпчилик улардан ғалаба кутганди. Лекин ушбу рақибларнинг мураббийлари билан доимо яхши муносабатдамиз ва кейинги баҳсларда уларга омад тилаб қоламан.  

- Кейинги турда “Хоразм”ни қабул қиласизлар. Бўлажак баҳс олдидан фикрингиз қандай?

- Айни дамда эътиборимизни ушбу баҳсга қаратган холда, “Хоразм”ни ўрганиб чиқмоқдамиз. Ўзига яраша ўйин услубига эга. Таркибига назар ташласак, ўткан йилдаги таркибидан 3-4 нафар ўйинчиси қолганини кўриш мумкин.  Бу йил ўзига яраша янгиланган таркиб билан чемпионатга кириб келган урганчликлар ҳам “Цементчи”га қарши баҳсда жиддий қаршилик кўрсатишга уриниши табиий. Лекин биз ўз майдонимизда ўйнаймиз. Ишқибозлар ва раҳбарият олдида ғалаба қозонмасак бўлмайди. Шунинг учун айтишим мумкинки, “Хоразм”га қарши баҳсда бизни фақат уч очкогина қониқтиради.    

- Ўткан мавсум “Цементчи” шарафини ҳимоя қилган Нурлибек Таласбоев жорий чемпионатни “Хоразм”да ўтказмоқда. Ушбу ҳужумчининг жамоани тарк этишига нима сабаб бўлди?

- Таласбоев иқтидорли ҳужумчи. Тартибли интизомли йигит. Ҳаётда ҳам майдона ўзини хурмат қилади. Шартномаси якунига етганди. У қишда ўзини олий лига жамоасида синаб кўриш мақсади борлигини билдириб, “Сўғдиёна” йиғинига бориб қўшилганди. Шунда руҳсат бергандик. Аммо негадир Жиззах клубида узоқ вақт қолмади. Кейинчалик у “Хоразм”да кўним топди. Менимча у элитада ўйнашга бироз шошилди. Нима ҳам дердик, футболчининг ўзи шуни истади. Нурлибекка келгуси фаолиятида омад тилаймиз.

- Ўз вақтида Тошкентда Криштиану Роналду билан мастер класс ўтказган иқтидорли футболчи Шохжаҳон Ҳасановни қишки йиғинлар чоғида “Цементчи” сафида кўрган эдик. Унинг тақдири нима бўлди?

- Ҳасановнинг техникаси жуда зўр. Тезкор футболчи саналади. Аммо у билан якунда дўстона хайрлашишга қарор қилдик.

- Ҳужумчи Шохжаҳон Аббосовчи?

- Аббосовни жамоамизда олиб қолганмиз. Унинг хужжатлари билан боғлиқ муаммолари бор эди. Бартараф этдик. Кейинги турлардан “Цементчи”га ёрдам беришни бошлайди.

- Янги мавсумда таркибда сезиларли ўзгаришларга қўл урдинглар. Селекция жараёнидан қанчалик қониқиш хосил қилдингиз?   

- Ҳа, тўғри таъкидлаб ўтдингиз. Бу йил 60-70 фоизга таркибни янгилашга қарор қилдик. Имкон қадар сафимизни кучайтира оладиган йигитларни таклиф этдик. Бемалол айта оламанки бугунги кунда иккита тенг кучли таркибга эгамиз. Бу нарса мени анча ҳотиржам қилади. Ўткан йили захира ўриндиғимизнинг “торлиги” учун қийинчиликларга дуч келгандик.

- Бу йил жамоангиз олдига кучлилар сафига чиқиш вазифаси қўйилган. Айни пайтдаги қўл остингиздаги футболчилар билан мақсадга эришишингизга ишонасизми?

- Албатта, мен йигитларга тўлиқ ишонаман. Нафақат мени балки мураббийлар штабини ҳам бугунги таркиб қониқтирмоқда. Ўйлайманки жамоага ёрдам бера оладиганларни сафимизга қўшиб олдик. Футболчиларимнинг потенциали юқори деб биламан. Агарда уларга ишонмаганимда, ҳозир жамоада ишламаётган бўлардим. Энди бир мақсад йўлида курашамиз. Шу ўринда бир нарсани аълоҳида таъкидлаб ўтишим керакки, жамоада тартиб интизом биринчи ўринда туради. “Бўлди жамоада қолдим” дея ўз устида ишлашни пасайтириб юбориб, интизомга амал қилмаса, ким бўлишидан қатъий назар зудлик билан хайрлашамиз. Шунингдек селекция ишлари давом этаётганини айтиб ўтмоқчиман.   

- Футболчиларни рўйхатдан ўтказиш муддати якунига етди. Селекция жараёни эса давом этмоқда деб айтиб ўтдингиз. Буни қандай тушуниш мумкин?

- Ҳозирдан иккинчи даврага айрим футболчиларни кўз остимизга олиб қўйганмиз ва уларни кузатиб бормоқдамиз. Бу борада масъул ходимлар ишламоқда. Бизга ўз тавсияларини бериб боради ва уларни амалда синовдан ўтказамиз. Бугунги кунда икки нафар ўйинчи билан аълоқада бўлиб турибмиз. Шунинг учун айтишим мумкинки, селекция жараёни бизда тўхтамайди.   

Ижтимоий тармоқлар

Бизни ижтимоий тармоқларда кузатиб боринг!

.