Акинфеев ЕЧЛда кетма-кет 40-учрашувда ўз дарвозасидан тўп ўтказиб юборди

13 сентябрь,2017, 11:50 238

Акинфеев ЕЧЛда кетма-кет 40-учрашувда ўз дарвозасидан тўп ўтказиб юборди

“Бенфика” клуби ҳужумчиси Харис Сеферович кеча бўлиб ўтган УЕФА Чемпионлар лигаси гуруҳ босқичи илк турида ЦСКА дарвозасига тўп киритди.

Бу эса “армиячилар” дарвозабони Игорь Акинфеевни ЕЧЛда кетма-кет 40та учрашувда ўз дарвозасидан тўп олиб чиқишига мажбур қилди.

Қайд этиш лозимки, Россия терма жамоаси дарвозабони бу борада “етакчи”ликни қўлга олганига анча бўлган. Аниқроғи, у бундан 4 мавсум аввал Пльзеннинг “Виктория” (3:2) клубига қарши баҳсда ўз дарвозасидан тўп ўтказиб юборган ва бу унинг учун кетма-кет 17-учрашувдаги гол бўлган.

Таъкидлаш керакки, Акинфеевдан кейинги ўринларни ПСВ дарвозабони Роналд Ватеррес (16та), “Панатинаикос” ва “Олимпиакос” клублари собиқ дарвозабони Антонис Никополидис (15та)  ва “Ньюкасл” дарвозасини қўриқлаган Шэй Гивенлар (14та) эгаллаб туришибди.

Эслатиб ўтамиз, Акинфеев Чемпионлар лигасида сўнгги бор 2006 йил “Арсенал”га қарши кечган баҳсда ўз дарвозаси даҳлсизлигини сақлаб қола олган.