Акмал Абдураҳмонов: "Сурхон" билан шу йилнинг ўзидаёқ Олий лигага чиқмоқчимиз

Ниҳоят сурхондарёлик ишқибозлар кутган дамлар келди. Ўзбек футболига кўплаб иқтидорли футболчиларни етказиб берган Сурхондарёда сўнгги йилларда миллионлар ўйинига бўлган эътибор деярли йўқ эди. Жорий йилдан шахсан вилоят ҳокимининг ташаббуси билан «Сурхон» жамоаси яна тикланди ва айтиш керакки, яқин йиллар ичида унинг олдига элитага чиқиш вазифаси қўйилмоқда. Шунга монанд таркиб ҳам аста-секин маҳоратли ижрочилар ҳисобига кучайтирилмоқда. Улардан бири Акмал Абдураҳмоновдир. «Сўғдиёна» сафида 6-7 йилдан буён ўйнаб келаётган ҳужумчи яқинда жамоасини ўзгартиришга қарор қилиб, «Сурхон» йиғинига бориб қўшилди. Асли деновлик бўлган Абдураҳмоновнинг айтишича, «Сурхон»ни шу йилнинг ўзидаёқ олий лига қайтаришмоқчи. Қуйида у билан уюштирган суҳбатимизни ўқишингиз мумкин бўлади.

- Акмал, жиззахликлар сафини тарк этиш бу ўзингизни қарорингизми ёки аслида улар шуни хоҳлаганмиди?

- Маълумки, ушбу мавсум «Сурхон» жамоаси узоқ йиллик танаффусдан сўнг яна биринчи лигада иштирок этиш хуқуқини қўлна киритди. Ўзим Сурхондарё вилояти Денов туманида туғилиб ўсганим учун, «Сурхон» жамоасини яна қайта тикланганидан хурснд бўлдим ва менда бу ерда ўйнаш иштиёқи кучлилик қилди. Шу боис ўз уйимда кўпроқ бўлишни истаб, «Сурхон»га ўтишга қарор қилдим.

- Бу жамоага сизни Вали Келдиев таклиф қилганмиди?

- Ҳа, Вали ака Келдиев бу йил жамоани мақсад ва вазифаларини айтиб мени ўз жамоаси сафида кўришни истаётганини билдирди. Шунингдек клуб президенти ҳам ёрдам беришим кераклигини айтгач, таклифга розилик билдирдим.

- Жиззахдагилар билан хайрлашиш ҳам осон кечмагандир?

- Эҳ, нимасини айтасиз?! Ахир «Сўғдиёна»да 5-6 йил ўйнадим. Ҳозирги кунда бу оз муддат эмас. Жиззах менинг иккинчи уйимга айланиб қолган десам муболаға бўлмайди. Ҳар йили у ерда аҳил бир жамоа шаклланади. «Сўғдиёна»га омад тилайман.

- Бизнингча олий лига жамоасини тарк этганингиз кўпроқ захира ўриндиғида қолиб кетканингиз билан боғлиқ бўлса керак. Фикримизга қўшиласизми?

- Тўғри, шундай дейиш ҳам мумкин. Ўткан мавсум кам ўйнадим. Бу йил кўпроқ ўйин амалиётга эга бўлишни истаганим учун ҳам «Сурхон»га ўтдим.

- Илгари ҳам асосан захирадан майдонга тушсангизда жамоангиз учун фойдали голларни урардингиз. Шунинг учун ҳам Даврон Файзиев сизни ҳар мавсум ўз жамоасида олиб қоларди.

- (Кулиб) Ўткан йили гол ура олмадим-ку! Натижада мухлисларнинг танқидига дуч келдим. Улар ҳужумчилардан доим гол кутади. Акс холда танқид қилишга ҳақлидир. Даврон ака билан кетиш олдидан гаплашиб, шундай қарорга келганимни ва у кишидан миннатдор эканлигимни айтиб, раҳмат дедим. Ўз навбатида Файзиев фикримни хурмат қилган холда омад тилаб, ўз маслаҳатларини аямади. Шу тариқа жиззахликлар билан дўстона равишда хайрлашдик.

- «Сурхон» ҳақида нима дейсиз?

- Машғулотларга қўшилганимга 3-4 кун бўлди. 6 мартдан Термизда йиғилдик. Шароитлар аста-секин яхшиланмоқда. Иккита стадион ҳам таъмирдан чиқарилмоқда. Шаҳардаги шинам меҳмонхонада истиқомат қилмоқдамиз. Дастлабки мавсум учун ҳаммаси яхши деса бўлади. Жамоада йиғилган футболчтларнинг кўпчилиги билан олдиндан танишмиз.  Бу борада ҳеч қандай муаммо йўқ. Хуллас жамоа менга ёқди.

- Жамоада яқинда бош мураббий ўзгарди деб эшитдик. Шу ростми?

- Ҳа, шундай. 6 мартдан расман Обид Худоёров бош мураббий сифатида ишга киришди. Навоийлик мураббийга эса Вали Келдиев ёрдам берадиган бўлди.

- Маълумки илгари Сурхондарёдан кўплаб таниқли футболчилар етишиб чиққан. Афсуски сўнгги пайтларда хаттоки биринчи лигага жамоа қўя олмай келаётганди. Шу боис иқтидорли ўйинчиларнинг етишиб чиқиш кўрсаткичи сезиларли равишда пасайиб кетганди. Жорий мавсумдан бошлаб эса яна жамоа қайта тузилди. Нима деб ўйлайсиз эндиликда истеъдодлар яна бўй кўрсатармикин?

- Ҳа, тўғри таъкидлаб ўтдингиз. Сурхондарё азалдан истеъдодлар макони. Ака-ука Бозоровлар, Дўрмоновлар, Тоировлар, Шомуродовлар... Булардан ташқари яна кўплаб миллий терма жамоа савиясидаги ўйинчилар етишиб чиққан. Бугунги кунда ҳам пойтахтимиздаги футбол академияларига ташриф буюриб, у ердаги болаларнинг рўйхатига назар ташласангиз энг кўпи сурхондарёликлардир.

Ҳозирги кунда ҳам жамоа кўригида бўлиб турган бир қатор иқтидорли ўйинчилар жорий мавсум кашфиёти бўлиши мумкин. Ёшлар билан энди-энди танишиб борамиз.

- «Сурхон» ўз сафига олий лига ҳавосидан баҳраманд бўлган бир қатор футболчиларни қўшиб олмоқда. Бундан чиқди жамоа олдига қўйиладиган вазифа жиддийми?

- Шундай. «Сурхон» билан шу йилнинг ўзидаёқ олий лигага чиқмоқчимиз. Мухлислар олий лига баҳсларини анча соғиниб қолган. Бежизга улар машғулотларимизга ҳам келиб бизни қўллаб-қувватлашмаяпти. 400-500та мухлис қаршисида шуғулланиш ҳам кишига бир ўзгача завқ бағишлар экан. Насиб қилса ишқибозларимизни бу йил хурсанд қиламиз.

- Нима деб ўйлайсиз, олий лигага чиқиш учун асосий давогарлар «Сурхон» билан «Андижон»ми?

- Уларнинг сафига «Цементчи» жамоасини ҳам қўшиш мумкин. Лекин барибир «Андижон» биринчи рақамли таъқибчимиз саналади. Шу билан ҳам кураш қизғин кечади деб ҳисоблайман.

- Андижонликларни таркибини кузатиб бораётган бўлсанглар керак?

- Албатта. Бу сиз бўлмайди. Адашмасам ўтан йили жамоа шарафини ҳимоя қилган Анвар Бердиев, Иброҳим Отахонов ва Фарҳод Бекмуратов каби етакчи ўйинчилар жамоада қолганини яхши биламиз. Умуман олганда «бургутлар»нинг таркиби ёмон эмас. Аммо барчасини мавсум бошлангач билиб оламиз.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!