Андрей Фёдоров: Вадим Абрамов? Бу миш-миш

31 май,2017, 22:27 302

Андрей Фёдоров: Вадим Абрамов? Бу миш-миш

 

“Навбаҳор” ва “Нефтчи” жамоалари ўртасидаги учрашув якунига етгач фарғоналиклар бош мураббийи Андрей Фёдоров ўйин ҳақидаги фикрлари билан ўртоқлашди. Бу ҳақда “Навбаҳор” матбуот хизмати хабар бермоқда.  

- Ўйин яхши таассурот қолдирди. Икки ўйин натижасига кўра кейинги босқичга чиққанимиздан хурсандмиз. “Навбаҳор”га қарши ҳар қандай қарама-қаршиликлар доимо муросасиз руҳда кечади. Бугун ҳам кубокка хос баҳс бўлди. Учрашувларни қийин кечиши сабабли, бундай баҳсларда голлар сони у қадар кўп бўлмайди. Уйдами ёки сафардами осон ўйинни ўзи бўлмайди. Бугунги учрашув мухлисларга ёққан бўлиши мумкин. Негаки, сўнгги сонияларгача кескинлик сақланиб турди. Навбатдаги босқичга чиққанимиздан хурсанд эканлигимни яна бир бор таъкидлаш билан бир қаторда жамоамизни табриклайман. Мақсадимиз, кейинги босқичга чиқиш эди. Таблода қайд этилган натижа “Нефтчи”ни кейинги босқичга чиқишини таъминлади.

Жамоа легионерлари бугун кўринишмади?

- Легионерларимизнинг бири анчадан бери жароҳат сабабли майдонга туша олмаяпти. Яна бир хорижлик футболчимиз Комаровскийга эса дам беришни лозим топдик. У барча учрашувларда иштирок этиб келаётганлиги сабабли чарчоқ аломатлари кўзга ташланганди. Шу сабабли бугун уларнинг хизматларидан фойдаланмасликни лозим топдик.

Ўйинга бир неча кун қолганда клуб раҳбариятида ўзгаришлар рўй берди. Бу футболчиларга қай тарзда таъсир кўрсатди?

- Учрашув арафасида рўй берган ўзгаришларга эътибор қаратмаслик ҳақида йигитларга айтиб ўтгандик. Вазифаларига профессионал тарзда ёндошиб, майдонга чиқиб ўз ишларини қилишларини таъкидлаб ўтдик. Улар проффессионал эканликларини амалда кўрсатиб, олдиларига қўйилган вазифани бажаришди.

Жамоа бошқарувини Вадим Абрамов қўлга олиши мумкин экан. Абрамов бугунги учрашувни ҳам бевосита ўйингоҳда клуб раҳбарияти билан томоша қилди. Бу ҳақда нима дея оласиз?

- Бош мураббийни алмашиши мумкинлиги ҳақидаги гап-сўзлар миш-мишдан ўзга нарса эмас. Барчасини вақт кўрсатади. Ҳар бир ёзилган маълумот ҳам ҳақиқат бўлавермайди. Вадим Абрамовни жамоада бошлаши ҳақида ҳеч қандай маълумотга эга эмасман. Ҳозирча ўз ишимни давом эттираман. Нима бўлишини эса вақт кўрсатади.