Анвар Бойназаров "GLORY 47" турнирида иккинчи ўринни қўлга киритди

Франциянинг Лион шаҳрида ташкил қилинган кикбоксинг бўйича "Glory 47" турнирида ҳамюртимиз Анвар Бойназаров финалгача етиб келди.

Мазкур турнирнинг ярим финалида у мезбонлар вакили Фабио Пинкани иккинчи раунддаёқ нокаутга учратиб, финал йўлланмасини қўлга киритди.

Иккинчи ярим финал қарама-қаршилигида эса икки франциялик жангчи Азиз Хлиали ва Абделли Эзбири ўзаро тўқнаш келишди. Ушбу жуфтликда Эзбири очколар бўйича рақибидан устун келди.

Мусобақа регламентига кўра, ғолиб спортчилар ярим финал жангларидан сўнг қисқа танаффус олиб, ҳал қилувчи финал баҳсига киришдилар. Кескин ва муросасиз ўтган жангда мезбон спортчи ҳакамлар қўйган очколар бўйича ғолибликни қўлга киритди. (29-28, 30-27,30-27, 30-27, 30-27).

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!