“Аustralian open-2017”: Додигни енгган Истомин энди Жокович билан тўқнашади

 

Ўзбекистоннинг биринчи рақамли теннисчиси Денис Истомин Австралиянинг Мельбурн шаҳри мезбонлик қилаётган “ Аustralian open-2017” турнирини ғалаба билан бошлади.

Австралия очиқ чемпионатининг биринчи давра учрашувларини Денис Истомин охирги бўлиб бошлади. Бу баҳсда ҳамюртимизга саралаш босқичидан муваффақиятли ўтган хорватиялик машҳур теннисчи Иван Додиг рўбарў келди.

Денис Истомин ва Иван Додиг фаолиятлари давомида илк бор бундан ўн йил муқаддам Қозоғистонда ўтказилган “Челленжер” турнирида рўбарў келган ва ўшанда ҳамюртимиз зафар қучганди. Кейин 2013 йили Англияда ва 2015 йили Италиядаги турнирларда хорват теннисчисининг қўли баланд келган. Сўнгги учрашув – ўтган йилги “Тошкент Челленжери” чорак финалида Денис Истомин тажрибали рақибини доғда қолдирган ва умумий ҳисобни тенглаштирган эди – 2:2.

Мельбурндаги учрашув тўлиғича Денис Истоминнинг устунлигида ўтди. Ўзбекистонлик теннисчи ҳужумкор ўйин кўрсатиб, дастлабки икки сетда 6:1, 6:4 ҳисобида зафар қучди. Учинчи сетда эса Иван Додиг бор имкониятини ишга солди ва 6:3 ҳисобида устун келди. Тўртинчи партия анча кескин ва муросасиз бўлди. Унда 7:5 ҳисобида ғалаба қозонган Денис Истомин кейинги даврага ўтди.

Денис Истомин иккинчи даврада мусобақада иккинчи рақамда сараланган сербиялик Новак Жоковичга қарши кортга чиқади. Бу икки теннисчи Австралия очиқ чемпионатлари тарихида икки бор ўзаро куч синашган. 2010 ва 2014 йиллардаги тўқнашувда Новак Жокович ҳамюртимизнинг жиддий қаршилигига дуч келса-да, ўйинда ғалабага эришган.

SPORTS.uz

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!