Аёллар футболи. "Севинч" ўз майдонида "Металлург-W" га мағлуб бўлди

Бугун Қарши шаҳридаги “Геолог” стадионида аёллар ўртасидаги XXIII Ўзбекистон чемпионатининг 3-тур доирасидаги марказий учрашув бўлиб ўтди. Унда “Севинч” ва Бекободнинг  “Металлург W” жамоалари  ўзаро куч синашди, дея клуб расмий сайти хабар бермоқда.

Кейинги йилларда ушбу жамоалар аёллар футболининг юқори лигасида етакчилик қилиб келишмоқда.  Шунинг учун бу жамоалар ўртасидаги ҳар бир баҳс принципиал аҳамиятга ҳам эга.

Учрашувнинг дастлабки дақиқалари тенг курашлар остида кечди. Вақт ўтган сайин “Металлург W” жамоасининг майдонда устунлиги сезила бошланди. Уларнинг Суперкубок баҳсидаги йирик мағлубиятидан сўнг, ушбу учраушувга астойдил  тайёргарлик кўрганлари сезилиб турди.

Биринчи бўлимда рақибимиз гол уриш учун кўплаб вазиятлар ярата олишди. Кўп вазиятларда жамоамиз ҳимояланишга мажбур бўлди. Аксарият ҳужумлар меҳмонлар тўпурари  Людмила Карачик орқали амалга оширилди. У тез-тез дарвозамизга хавф солиб турди. Аммо ҳимоячиларимиз ва дарвозабонимиз Лайло Тилавова дарвозамиздан гол ўтказиб юбормаслик учун, ҳақиқий жонбозлик кўрсатишди.

Таркибимизда тажрибали ўйинчилар камлиги бугунги ўйиннинг сифатига ҳам салбий таъсир кўрсатмасдан қолмади. Ўйинчиларимиз “Металлург W” жамоаси дарвозасига биронта аниқ зарба йўллай олишмади.

Ўйин кескин курашларга бой бўлди. Майдонда ҳаракат қилган ҳар иккала жамоа ўйинчилари ўзларини ҳам рақибларини ҳам аяшмади. Бу орқали учрашувда тез-тез тўхталишлар ҳам бўлиб турди.

Биринчи бўлимда ҳисоб очилмади.

Иккинчи бўлим биринчи бўлимга нисбатан янада кескин курашларга бой бўлди. Биринчи бўлимда ҳакам томонидан огоҳлантирилган, жамоамиз сардори Камола Рискиева  52-дақиқада иккинчи марта огоҳлантириш олди ва майдондан четлатилди. “Севинч” майдонда 10 киши бўлиб қолди. Бу жамоамиз учун катта йўқотиш бўлди. Чунки Камола Рискиева айни пайтда жамоамизнинг ўйинда маъсулиятни тўлиқ ўз зиммасига оладиган асосий ўйинчимиз ҳисобланади. Майдонда битта кам бўлиб қолган жамоамиз, ўйинда бироз устунлик ҳам қилишди. Аммо меҳмонлар борган сари катта босим билан ҳужумларга зўр беришди.

Ўйин шундай давом этаётган пайтда, аниқроғи учрашувнинг 80-дақиқасида  “Металлург W” жамоаси жарима майдонимиз яқинида, қулай нуқтадан жарима тўпи тепиш ҳуқуқига эга бўлди. Жарима тўпини Людмила Карачик бехато амалга оширди ва ўз жамоасини ҳисобда олдинга олиб чиқди – 0:1.

Қолган 10 дақиқада устунлик жамоамиз томонида бўлди. Жамоамиз ҳам қулай нуқтада стандарт вазиятга эга бўлди. Аммо бу имкониятдан футболчиларимиз фойдалана олишмади.

Шундай қилиб, жамоамиз муҳим учрашувда принципиал рақибига мағлуб бўлди. Ўтган йилги мавсумнинг барча учрашувларида ғалабага эришган жамоамиз. Бу йилги чемпионатнинг уч учрашувидан иккитасида мағлубиятга учради.

Ўйлаймизки, мураббийларимиз навбатдаги ўйинга футболчиларимизни ҳар томонлама тайёрлай олишади ва керакли натижаларни қўлга киритишади.

Шарҳимиз сўнггида бугунги учрашувда жамоамизга мухлислик қилган “Насаф” ПФК мухлислар клуби фаолларига ва бошқа футбол ишқибозларига клубимиз номидан ташаккур билдириб қоламиз.

 

XXIII Ўзбекистон чемпионати, 3-тур

“Севинч” (Қарши) – “Металлург W” (Бекобод) 0:1 (0:0)

27.04.2017. “Геолог” стадиони. 17:00да

 

Бош ҳакам: Анна Сидорова (Тошкент)

Қанот ҳакамлари: Кристина Середа (Бухоро), Хусниддин Баҳодиров (Тошкент)

Захира ҳаками: Зилола Раҳматова (Қарши)

Назоратчи: Олег Дачев (тошкент)

ЎзАФА вакили: Эльмира Ғуломова.

 

Гол: Людмила Карачик, 80’-0:1

 

“Севинч”: 1.Лайло Тилавова, 8.Камола Рискиева (с), 9.Мафтуна Шойимова, 10.Ильвина Аблякимова, 11.Шахзода Жамолова, 15.Шахноза Қурбанова (27.Шодия Тошева 56), 17.Танзиля Зарбиева, 20.Севара Номуродова, 23.Мафтуна Панжиева (3.Шоира Қултўраева 75), 37.Малика Бурхонова, 77.Нилуфар Қудратова.

Захира: 16.Мафтуна Жонимқулова, 6.Феруза Бобохўжаева, 7.Олия Ахмедова, 14.Гулзода Амирова.

 

“Металлург W”: 1.Гуландом Бойматова, 3.Зумрад Назарова, 6.Ирода Турдалиева, 7.Маҳфуза Турапова (23.Диёра Ҳабибуллаева 61), 9.Маҳлиё Сарикова (с), 10.Феруза Турдибоева, 11.Дилдора Нозимова, 17.Людмила Карачик, 21.Холида Дадабоева, 22.Мавлуда Мунавварова, 77.Нозима Камолтоева.

Захира:  30.Зиёда Ирисбоева, 4.Насиба Хожиева, 18.Юлдуза Набиева, 20.Лутфинисо Хамидова, 25.Диора Эркинова.

Огоҳлантириш: Камола Рискиева (42, 52),  Ильвина Аблякимова (49) – Мавлуда Мунавварова (86), Ирода Турдалиева (90).

Четлатиш: Камола Рискиева (2СК).

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!