Биринчи лига. Зоир Ҳасанов: Аҳволимиз танг. Машғулот учун 4та тўп камлик қилмоқда

Маълум муддатлик танаффусдан сўнг яна биринчи лигада иштирокини давом эттирадиган Жиззах вилояти, Ғаллаорол тумани жамоаси бўлмиш “Ғаллакор” айни дамда ўз қароргоҳида имкон қадар чемпионатга пухта хозрилик кўришга харакат қилмоқда. Жамоага бош мураббий этиб Зоир Ҳасанов тайинланган. Ўткан мавсум “Шўртан”да маълум фурсат жисмоний тайёргарлик бўйича мураббий сифатида ишлаган Ҳасанов ОФК йўриқчиси сифатида ҳам фаолият юритиб келади. Яқинда Зоир Ҳасанов билан боғланиб, “Ғаллакор”нинг тайёргарлиги борасида сўрадик.  

- 15 февралдан жамоада иш бошладим. Бу ерга келишимда клуб вице-президенти ва яқиндан оламдан ўтиб қолган марҳум мураббий Фурқат Ўроловнинг роли катта бўлди. Ғаллаоролда халқ футболни яхши кўради. Бу ерда миллионлар ўйинини янгича услубда ривожлантириб боришни режалаштирганмиз. Нафақат жамоани балки болалар футбол мактабларидаги ишни ҳам замонавий услубга ўтказмоқчимиз ва бу борада дастлабки қадамларини ташладик дейиш мумкин.  


- Бугунги кунда “Ғаллакор” ўз қароргоҳида янги мавсумга тайёргарлик кўрмоқда. Менга машғулотлар чоғида собиқ футболчи Зафар Нарзиқулов яқиндан ёрдам бериб келмоқда. Таркибда айтарли таниқли ўйинчилар йўқ ҳисоби. Асосан маҳаллий ёшлар югурмоқда. Очиғини айтганда, аҳволимиз танг. Шароитлар йўқ. Лекин излаган имкон топар деган нақлга амал қилган холда, ишлаб турибмиз. Жамоада атига тўртта тўп бор. Сафимизда эса ўттизга яқин футболчи шуғулланмоқда. Табиийки тўплар муаммоси бизни қийнамоқда. Керакли спорт молларини олиш борасида раҳбариятга айтганмиз. Аммо ҳануз ушбу муаммо бартараф этилмаяпти. Машғулотлардан кейин футболчилар ювиниш керак. Аммо иситиш мосламаси ишламаяпти. Шуни ҳам янгилаб беришларини илтимос қилганмиз. Кутишда ва сабр қилишда давом этмоқдамиз. Машғулотлар кунига икки маҳалдан ўтказилаётган бўлсада, футболчиларни шунга яраша овқатлантириб борилмаяпти. Қароргоҳимизда етарлича шароит йўқлиги туфайли йигитлар ўз уйларидан қатнамоқда. Қисқача айтганда муаммолар талайгина. Фақат ечим кутяпмиз. Ҳадемай жамоамиз учун расмий баҳслар старт олади. 18 март куни ўз майдонимизда “Сурхон”ни қабул қилиб, мамлакат кубогидаги иштирокимизни бошлаймиз. Ташкилий ишлар борасида эса яхшигина оқсалмоқда.  
- Туманимиз ҳокимининг қўллаб-қувватлашига умид қиляпмиз. Йиллик сарф-ҳаражатларимизни ҳисоблаб “смета” қилиб чиқдик. Энди уни тасдиқлаб беришларини кутяпмиз. Жамоани автобуси йўқ. Стадионда ҳам қилинадиган ишлар кўп. Аста-секин муаммолар бартараф этилишига ишонмоқдамиз. Клубимиз вице-президенти қараб ўтиргани йўқ, изланяпти. Шу нарса ҳам мени жамоада ушлаб турибди. Тезроқ “смета”ни тасдиқлашини кутяпмиз.  
- Таркибни деярли 80 фоизга аниқлаб бўлдик. Қанчалик тайёргарлик кўрганимизни эса мавсум кўрсатиб беради. Йигитларга ишонаман. Юқорида айтиб ўтганимдек, клубда молиявий муаммолар кўндаланг турибди. Тезроқ ҳал қилинмаса аризамни ёзиб жамоани тарк этишим ҳам мумкин. Чунки бу кетиш билан узоққа бора олмаймиз.  
 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!