Бокс федерациясида йил якунлари бўйича матбуот анжумани бўлиб ўтди (фото)

  • 28 декабрь, 2016, 18:08
  • 0
  • Бокс


Якунланиб бораётган 2016 йилги спорт мавсуми ўзбек спорти, хусусан Ўзбекистон бокс федерацияси раҳбарияти, ходимлари, мураббийлари, боксчилари учун ҳам ўта муваффақиятли бўлди.

Бугун шу муносабат билан Ўзбекистон бокс федерациясида ортда қолаётган йилдаги ютуқлар, камчиликлар борасида “йил сарҳисоби” бўлиб ўтди ва бўлажак режалар муҳокама қилинди. Унда федерация бош котиби Жаҳонгир Болтабоев, Рио Олимпиадаси ғолиб ва совриндорлари, ОАВ ҳодимлари иштирок этишди.

Энг аввало, Ўзбекистон йил давомида халқаро спорт жамоатчилик диққат марказида турди. Йил бошидан юртимизда Халқаро ҳаваскор бокчилар уюшмаси – AIBA мусобақалари тақвимидан жой олган нуфузли турнирлардан бири WSB саралаш беллашувлари  ташкил этилди. Унда илк маротаба иштирок этган Uzbek Tigers” жамоаси биринчи уринишдаёқ ярим финалга етиб боргани, мусобақа давомида жаҳон боксида ном қозонган жамоаларни енгганига ўзларингиз ҳам бевосита гувоҳ бўлдингиз. Бундан ташқари, WSB финалини Тошкентда ўтказдик ва бу мусобақа ҳам савияда ташкил этилгани алоҳида эътироф қилинди.

Cuba Damodores champion

Шунингдек, 2016 йилнинг июль ойида Тошкент шаҳрида AIBA ташкилотининг энг йирик тадбири – AIBA Ижроия қўмитаси  йиғилиши ҳам олий даражада ташкил этилди. Бу анжуманда жаҳон бокс тараққиётини таъминловчи қатор ҳужжатлар, чора-тадбирлар, режалар муҳокама қилинди ва амалга оширилиши зарур бўлган ишлар белгилаб олинди. Шу ўринда, Ўзбекистон бокс федерацияси раисининг биринчи ўринбосари Шерзод Ташматов AIBA Ижроқўми аъзолигига қабул қилинди ва Осиё бокс конфедерацияси вице-президенти этиб сайланди.

Sherzod Tashmatov

Бир олам ғурур ва фахр бахш этган воқеа август ойида юз берди. Бразилиянинг Рио-де-Жанейро шаҳри мезбонлик қилган Олимпия ўйинларида Ҳасанбой Дўсматов, Шаҳобиддин Зоиров, Фазлиддин Ғойибназаров олтин, Шаҳрам Ғиёсов ва Бектемир Мелиқўзиев кумуш, Муроджон Аҳмадалиев ва Рустам Тўлаганов бронза медалини қўлга киритиб, нафақат Ўзбекистон спорти, балки жаҳон бокси тарихидан ҳам жой олди.

Айниқса, Ҳасанбой Дўсматов Олимпия ўйинларида техникаси энг зўр боксчига бериладиган Вэл Баркер кубоги билан тақдирлангани ҳам ўзбек бокс мактабининг улкан ютуғидир.

Hasanboy Dusmatov

Шунингдек, тажрибали бокс мураббийи Равшан Хўжаев ва Ҳасанбой Дўсматов жаҳон майдонларида юксак натижаларга эришган спортчиларни шарафлаш, спорт анъананларини мустаҳкамлаш, соғлом турмуш тарзи ва спорт ривожига ҳисса қўшган мураббийлар, фахрийларни эъзозлаш мақсадида таъсис этилган “Олтин Мангуст” халқаро мукофотига ҳам эга чиқишди.

Бундан ташқари Швейцариянинг Лозанна шаҳрида унга “жаҳоннинг энг яхши боксчиси” унвони топширилди.

Ортда қолаётган йилда Ўзбекистон бокси тарихида илк маротаба боксчи қизимиз ҳам Олимпия ўйинларида иштирок этди. Рио Олимпиадаси Ёдгорой Мирзаева учун катта тажриба ва маҳорат мактаби вазифасини ўтади.

Бир сўз билан айтганда, Олимпия ўйинлари барча олимпия спорт турлари қатори дунё боксчилари учун ҳам тўрт йилликнинг энг катта анжумани бўлиб қолди. Ўзбек бокс мактабининг бор салоҳияти ва ютуғи ана шу мусобақада яққол намоён бўлди.

Анжуман сўнггида "Камолот" ёшлар ижтимоий ҳаракати томонидан боксчиларимизга эсдалик совғалари топширилди.

Биз эса шу кунгача эришилган натижалар янги йилда ҳам давом эттирилади ва улар сони оширилишини тилаб қоламиз. Хусусан, боксчиларимиз келаси йил тақвимидан жой олган қатор нуфузли  турнирларда иштирок этади. Бунга боксчиларимизга куч-ғайрат, омад ва зафарлар тилаб қоламиз.

Маълумот учун: Ўзбекистоннинг энг кучли боксчилари учун янги мавсум мусобақалари февраль ойидан бошланади. “Uzbek Tigers” жамоаси WSB турнирининг янги мавсумидаги илк учрашувини 3 февраль куни “China Dragons” боксчиларига қарши ўтказади.

Ушбу хабардан қисман ёки тўлиқ фойдаланганда SPORTS.uz ахборот порталининг номи аниқ кўрсатилиши ҳамда ҳавола (линк) берилиши шарт!

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!